Линклар

logo-print

Талабага қийин бўлди


Янги ўқув йилидан бошлаб шартнома пулининг қимматлаши ўзбекистонлик айрим талабаларнинг олийгоҳ билан хайрлашишига сабаб бўлиши мумкин.

Янги ўқув йилидан бошлаб шартнома пулининг қимматлаши ўзбекистонлик айрим талабаларнинг олийгоҳ билан хайрлашишига сабаб бўлиши мумкин.

Ўзбекистон олий ўқув юртларида ўқиш учун шартнома пули 30 фоизга қимматлади. Янги ўқув йилидан талабаларнинг шартнома асосидаги бир йиллик тўлов пули ўртача 1200 АҚШ долларини ташкил қилади.

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги шартнома пулининг ошгани ҳақидаги хабарни тасдиқлади. Бироқ вазирлик ходимлари шартнома пули қанча фоизга ошгани ҳақида ҳали расман эълон қилинмагани учун маълумот бера олмасликларини билдиришди.

Ca-News интернет нашрининг хабар қилишича, эндиликда Ўзбекистон олийгоҳларида шартнома пули 30 фоизга кўтарилмоқда.

Сайт маълумотига кўра, янги ўқув йилидан бошлаб мамлакатдаги айрим институтларда шартнома пули 1 миллион 800 минг сўм, яъни тахминан 1200 АҚШ доллари миқдорида бўлади.

Ўзбекистонда шартнома пули жорий йилда иккинчи бор ошиши. 1 мартдан барча олий ўқув юртларида ўқиш учун тўлов 15 фоизга кўтарилганди.

Фарғона Давлат университети маркетинг бўлими ходими шартнома пулининг йилда икки марта кўтарилиши табиий эканлигини айтади.

- Бу энди инфляция масаласи. Бу ойлик ва пенсияларнинг ўсиши билан боғлиқ ҳолда ошади. Лекин бу ҳар сафар ойлик ва пенсияларни ошириш тўғрисида президент фармони чиққандан кейин кўтарилади, дегани эмас. Шартнома суммаси йилда фақат икки марта - биринчи март ва биринчи сентябрда - инфляция даражасига қараб ўзгаради¸ дейди Фарғона Давлат университети маркетинг бўлими ходими.

Шартнома пули ошгани расман эълон қилинмаган бўлса-да, мамлакатдаги барча талабалар ва уларнинг ота-оналари аллақачон бундан хабар топиб улгуришди.

Тошкентдаги олийгоҳлардан бирида шартнома асосида таҳсил олувчи Юлдузнинг шартнома пули ошгани ҳақидаги хабарни эшитгандан буён тинчи йўқолган.

Юлдуз ўртаҳол оиладан бўлиб, шартнома пули кўтарилгани ўзи сингари ўртаҳол оилалардан бўлган талабаларнинг муаммолари кўпайишига сабаб бўлишини айтади.

- Шартнома пулининг ошгани ўртаҳол оилага жуда қийинчилик келтиради. Чунки ëз бўйи пул йиғиб боласининг контрактини тўлайман, деб ишлаётган ота-оналарга эндиликда янада қийин. Улар яна қўшимча пул топишларига тўғри келади, дейди Юлдуз.

Тошкентлик Нигора опанинг икки қизи шартнома асосида ўқийди. Нигора опа шартнома пули ошгани ҳақидаги хабарни эшитиб хавотирга тушган.

- Бу хабарни эшитгандан буён нима қилишимни билмай ҳайронман. Болаларни ўқитишга пулни қаердан оламиз? Қандай қилиб ўқитишни мен тасаввур ҳам қила олмаяпман. Балки ўқитмасмиз. Қизларимизни балки узатармиз. Узатган жойимиз ўқитадими ëки йўқми - ўзи билади. Давлат берадиган бунақа ойликка ўқитиш қийин, дейди Нигора опа.

Тошкентдаги шарқшунослик институти талабаси бўлган Дилбарнинг ота-онаси Россияда ишлаб, қизининг шартнома пулини тўлаяпти.

Дилбарга кўра, айрим курсдошлари шартнома пулини тўлашга жуда қийналишади.

- Бир курсдошим Қашқадарëдан. У иккинчи курснинг бошида контракт тўлмагани учун бир-икки ой ўқишга келмади. Кейин у ўқишни ташлаб кетмоқчи ҳам бўлди. Лекин дадаси бир амаллаб банкдан кредит олиб тўлади.

Яна бир курсдошим бор. Улар уйида бешта бола. Фақат дадаси ишлайди. Ўшалар ҳам роса қийналишди¸ лекин қаердандир пул топиб, бир амаллаб шартнома пулини тўлашди, дейди Дилбар.

Юлдуз ҳам аксар курсдошлари шартнома пулини тўлаш учун ўқишдан кейин ишлашга мажбур бўлаётганликлари ҳақида гапиради.

- "Контракт пулини дарров тўланглар, тўламасанглар¸ сизларни ўқишдан ҳайдаймиз” дейишади. Айрим талабалар “қаердан пул топай” деб роса қийналишади. Бу ота-оналарга ҳам анча қийинчилик туғдиради. Анча курсдошларим қийналишганини биламан. Чунки бир кун қолганда пулни зўрға топиб олиб келганлар бор.

Бир қанча курсдошларимиз ўқишдан кейин ишлашади. Курсдош дугоналарим пишириқ цехида ишлашади. Кундуз куни ўқишади¸ кечқурун ишлашади. Улар контракт пулини йиғиш учун ишлашади, дейди Юлдуз.

Самарқандлик Аъзамжон Тўрақулов эса шартнома пулини тўлай олмай, академик таътил олишга мажбур бўлган. Аъзамжон Самарқанд Давлат Чет тиллар институтида ўқирди.

Аъзамжоннинг отаси Пардақул Тўрақуловнинг айтишича, ҳозирда унинг ўғли Россияда мардикорлик қилаяпти.

- Иқтисодий жиҳатдан қийналганимиз учун ўғлим иккинчи курсни тугатиб¸ академик таътил олди ва Россияга ишлашга кетди¸ дейди Пардақул Тўрақулов.

Эндиликда шартнома пулининг ўртача 1200 долларга кўтарилганидан Аъзамжон сингари талабалар сони янада кўпайишига сабаб бўлиши мумкинлигини тахмин қилиш мумкин.

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг расмий веб-сайтидан олинган маълумотга кўра, 2008-2009 ўқув йилида бакалавриатга 58 минг ўрин ажратилган, улардан 40 мингги пулли-шартнома асосида қабул қилинган.

Жорий йилда эса 63 минг талаба қабул қилиниши режалаштирилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG