Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:28

Ўзбек далаларида зараркунанда кўпаймоқда


Мутахассислар бу йил далаларда чигирткалар кўпайганини асосан об-ҳаво шароити қулай бўлгани билан изоҳламоқда.
Мутахассислар бу йил далаларда чигирткалар кўпайганини асосан об-ҳаво шароити қулай бўлгани билан изоҳламоқда.

Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам чигиртка ҳужуми бу йил ҳар йилгидан-да шиддатлироқ бўлди. Бу ҳолат айниқса чегараолди ҳудудларида яққолроқ сезилди.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг ўз исмини айтмасликни сўраган ходими бу йил Ўзбекистонда чигирткалар аввалги йилдагига қараганда бироз кўп бўлганини айтди.

- Чигиртка сони жиҳатидан кўп бўлди. Асосан чегарадош жойларда. Туркманистоннинг Қозоғистон билан чегарадош жойларида¸ Туркманистоннинг Сурхондарë билан чегарадош жойларида¸ Тожикистоннинг Жиззах вилоятидаги Янгиобод тумани билан чегарадош жойларида ишловлар кам ўтказилганлиги сабабли ўтган йил қишловда қолиб кетган чигирткалар биз томонга учиб келди¸ деди Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ходими.

Мутахассислар бу йил чигирткалар кўпайганини асосан об-ҳаво шароити қулай бўлгани билан изоҳламоқда.

Ўзбекистон Фанлар академиясининг Зоология институти профессори Аловиддин Ҳамроев Озодликка берган интервюсида Ўзбекистонда ҳар йили чигирткалар тарқалишини, уларга қарши самарали кураш олиб борилгани натижасида эканларидан юқори ҳосил олинишини айтди.

- Умуман, Ўзбекистонда чигиртканинг 250 га яқин тури учрайди. Шулардан асосан уч-тўртта тур оммавий кўпайиб¸ маданий экинларга келгунча яйловларда уларга қарши кураш ташкил қилинади. Шунинг учун Ўзбекистонда ҳар йили ўртача чигирткаларга қарши 250 мингдан 500 минг гектаргача майдонларда оммавий кураш чораси ўтказилиб¸ жуда юқори натижа олинади. Лекин, шунга қарамасдан, чигирткаларни давлатлараро чегараларда учрайдиган жойлари бор.

Уларга қарши кураш ўтказишда қийинчилик туғдирадиган қирлар¸ тоғлар ëки бўлмаса давлатлар ўртасидаги бўш ерлар чигирткаларнинг кўпайиш манбаи бўлиб хизмат қилади. Натижада жуда самарали кураш чораси ўтказилса-да¸ ўша жойда қолган чигирткалар қанот чиқаргандан кейин оммавий учиш хусусиятига эга бўлади¸ дейди Аловуддин Ҳамроев.

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ходимига кўра¸ Ўзбекистон ҳукумати чигирткаларга қарши кураш тадбирини давлат аҳамиятидаги иш, деб ҳисоблайди. Шу боис ҳар йили экин майдонларини зараркунанда ҳашорат ва чигирткалардан ҳимоялаш учун давлат бюджетидан маблағ ажратилади. Бу йил ҳам чигирткаларга қарши курашиш учун маблағ ажратилган ва ўтган йилдагига қараганда кўпроқ техника ва кимёвий препаратлар ишлатилган.

- Ўзбекистон томонидан кўриладиган чоралар¸ мана биз ўтган йили қарийб саккизта УАЗУМО пуркагичи билан УАЗ автомашинасини ишлатган бўлсак¸ бу йил унинг сони 25 тага етди. Бундай машинанинг биттаси бир кунда 20 та тракторнинг ишини қилади. Препаратлар яхши пуркайди. Чигирткага қарши курашда жуда эффектив ва харажати ҳам кам¸ дейди Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ходими.

Аловиддин Ҳамроевга кўра, Ўзбекистон ва қўшни давлатларда кенг миқёсда профилактика ишлари олиб борилишига қарамай, минтақада ҳар йили марокаш, осиё, тўқай чигирткалари экин майдонларига ҳужум қилади.

- Айниқса¸ марокаш чигирткаси Ўзбекистоннинг қир зоналарида жуда кенг тарқалган. Шунинг учун кураш ўтказилмаса¸ булар ëппасига яйловдаги ўсимликларни еб келиб¸ бемалол маданий ўсимликларга ҳам ўтиши мумкин.

Осиë чигирткаси ëки тўқай чигирткаси жуда йирик чигиртка. Улар ҳам ниҳоятда катта зараркунанда ҳисобланади. Улар ҳам асосан тўқайзорларда¸ айниқса қамишли жойларда¸ Амударë соҳили бўйлаб то Оролгача бўлган тўқайзорларда кенг тарқалган¸ дейди профессор Аловиддин Ҳамроев.

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ходими, Ўзбекистон қишлоқ хўжалик майдонларини чигирткалардан ҳимоялаш учун фақат Ўзбекистон томонидан кўрилган чоралар етарли эмас. Чигирткалар зарарни камайтириш учун қўшни давлатлар ҳам зарурий чоралар кўриши лозим.

- Қўшни республикалар - Қозоғистон¸ Туркманистон¸ Тожикистон билан биргаликда¸ ҳамкорликда анча иш қилинди. Ўшалар ҳам гектарини кўпайтириб¸ кўпроқ ишлов берса¸ ҳар ҳолда, чигирткалар енга олинади. Чигирткаларнинг Ўзбекистонга учиб келиши камаяди-да, дейди ўз исмини айтмасликни хоҳлаган Ўзбекистон республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ходими.
XS
SM
MD
LG