Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:59

Мардикорга ҳайдовчилик ҳам таъқиқланди


Янаги йилдан бошлаб Москвада мухожирлар таксистлик ҳам қила олмайдилар.
Янаги йилдан бошлаб Москвада мухожирлар таксистлик ҳам қила олмайдилар.

Москва шаҳар Транспорт ва алоқа департаменти тарқатган баёнотда айтилишича, 2010 йилнинг 1 январидан бошлаб хорижлик мардикорларнинг йўналишдаги таксиларни ҳайдаши таъқиқланади.

йМосквадаги Черкизов бозорининг ёпилиши туфайли у ерда ишлаб келган ўзбекистонлик минглаб савдогар ва ҳаммолнинг ишсиз қолаётгани тўғрисидаги гаплар якунига етмай туриб 15 июл куни бошқа бир хабар пайдо бўлди.

Шу куни Россиядаги деярли барча оммавий ахборот воситалари Москва шаҳар Транспорт ва алоқа департаменти бошлиғи Василий Кичеджининг муҳим бир баёноти тўғрисида хабар берди.

Россия пойтахти энг катта Ҳайдовчисининг айтишича, 2010 йилнинг 1 январидан бошлаб Москва кўчаларида юрган йўналишдаги таксилар – маршруткаларни биронта ҳам гастарбайтер ҳайдамайди.

Демак, меҳнат мигрантлари яна 5 ярим ой ҳайдайдилар машина. Кейин ўзлари ҳайдаладилар.

Хабарларга қараганда, янги йилдан бошлаб меҳнат мигрантлари оддий такси ҳам ҳайдай олмади.

“Время новостей” газетасининг хабар қилишича, меҳнат мигрантларини ишга ёллаш ҳуқуқи давлатга қарашли “Мосгортранс” автокорхонасидагина қолади.

Биз “Мосгортранс” билан боғланиб қизиқ бир маълумотни олдик.

- Бизда маршрут-таксилар йўқ. Бу умуман бошқа ташкилот. Мосгортранс автобус¸ трамвай ва троллейбус билан ишлайди.

Озодлик: Сизларда гастарбайтерлар ишлайдими?

- Йўқ¸ дейди “Мосгортранс”нинг телефон гўшагини кўтарган ходимаси.

Демак, “Мосгортранс”да шу кунгачаям россиялик бўлмаган ҳайдовчи ишламаган. Бундан буён – ҳайда-ҳайда тобора авжига чиқаётган пайтда ишга олармикан меҳнат мигрантини “Мосгортранс”?

Менимча, бу савол риториклигича қолаверади. Чунки жавоб кундай равшан.

Биз Москвада маршрутка ҳайдаётган Абдухалим билан гаплашдик.

Абдухалим: Бу ишда москваликлар жуда кам. Қандайдир ойлиги тўғри келмайдими. Биз энди озми-кўпми ойлигига чидаб ишлаяпмизда.

Озодлик: Сиз нима минасиз у ерда? Такси минасизми ëки маршрутдаги такси минасизми?

Абдухалим: Маршрутний такси Газел минаман.

Озодлик: Сизнинг ишхонангиз қанақа ишхона?

Абдухалим: Акционерное обшество экан. Беш-олтита одам бир бўлиб¸ кичкина фирма очган экан. Бировлардан арендага машиналарни олиб¸ машинанинг эгасига аренда тўлаб¸ бизга ишга беради¸ план қўйиб қўяди. 3000 ëки 4000 сўм план дейди. Ўшани олиб келиш керак.
Озодлик: Бир суткада неча соат ишлайсиз?

Абдухалим: Бир суткада 12 соат ишланади.

Озодлик: Бир ҳафтада неча кун?

Абдухалим: Беш-олти кун ишлайсиз. Ўзи аслида икки кун иш¸ икки кун дам. Агар чарчамадим десангиз¸ ўзингизни қаттиқ қийнаб юбормасдан ишласангиз бўлади. Ўзингизни қаттиқ қийнаб юборсангиз¸ движение кучли. Шунга “Эҳтиëт бўлинглар” деб қаттиқ қийнамайди ҳам. Улар ҳам движениелардан қўрқадида. Одам ташиймиз. Шунга эҳтиëт қилади.

Озодлик: Яшаш шароитларингиз қанақа?

Абдухалим: Ëтоқхоналарда яшаймиз. Ҳамма нарса бор. Ювиниш¸ тараниш жойлари бор. Фирманинг ичида ошхоналар бор. Кечаси келсангиз ҳам овқатлар бор. Ишдан соат нечада келсангиз ҳам овқат бўлади. Ювингани иссиқ сув¸ душлар бор.

Озодлик: Сизларнинг ишхонада қанча машина бор?

Абдухалим: Аниқ билмайман. 100 тача бўлса керак.

Озодлик: Шундан қанчасини ташқаридан келганлар минади?

Абдухалим: 90 фоиз десак бўлади. 100 фоиз десак ҳам адашмаймиз.

Озодлик: 1 январдан бошлаб ташқаридан келганлар Москвада маршрут-такси минмайди деган хабар пайдо бўлди. Нима бўлади энди? Нимани ўйлаяпсиз?

- Биринчи навбатда кетиш. Бу ерда қолишнинг ҳеч ҳам иложи йўқ. Иш бермагандан кейин бу ерда ишсиз уч-тўрт кун ҳам тирикчилик қилиб бўлмайди. Ҳар кунлик ейиш бор¸ ëтоқхонага тўлов бор. Кетишдан бошқа илож қолмайди¸ дейди Абдухалим.

Автокорхонадаги машиналарнинг камида 90 фоизини ташқаридан келганлар ҳайдайди, деди Абдухалим.

Москвалик маршруткачиларнинг махсус сайти бор. Ўша, Маршрутка.РУ сайти маълумотларига қараганда, Россия пойтахтида енгил автобуслар 700 та йўналишда йўловчи ташийди.

Ҳар бир маршрутда олти-саккизтадан машина мавжуд. Ҳар бир машинага икки нафардан ҳайдовчи бириктирилади, одатда. Ҳайдовчилардан ташқари машиналарга техник хизмат кўрсатадиган ишчилар бор. Уларнинг ҳам аксарияти меҳнат мигрантларидир.

Келтирганимиз рақамлардан қанча Москванинг автокорхоналарида қанча мигрант борлигини ҳисоблаб чиқараверишингиз мумкин.

Чиқарганингиз рақамга енгил таксилар ҳайдовчиларини, ўз пулига машина сотиб олиб киракашлик қилаётган мигрантларни қўшинг.

Анча катта рақам пайдо бўлдими?

Абдухалимнинг айтишича, Москвадаги маршруткалар ҳайдовчилари орасида ўзбекистонликлар нисбатан оз.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Баҳром Ҳамроевнинг тахминича, ўзбекистонликлар Москвадаги маршруткачиларнинг 10-15 фоизини ташкил қилади.

Баҳром Ҳамроев: Мен Москва ва Москва атрофларида жуда кўп юраман. Тахминан айтишэим мумкин: ўзбеклар 30-35 фоизни ташкил қилиши мумкин.

Озодлик: Ўзбеклар деганда сиз ўзбекистонликларни назарда тутаяпсизми?

- Йўқ¸ ўзбекистонликларни эмас¸ ўзбек тилида гаплашувчи ўзини ўзбек деб билувчиларни назарда тутаяпман. Ўзбекистон фуқаролари ҳар ҳолда 10-15 фоизни ташкил қилса керак¸ дейди Баҳром Ҳамроев.

Келинг, шу ўринда яна бир ҳайдовчи билан суҳбатимизни тингланг. Умаржон Москвада маршрутка ҳайдаб, яқинда уйига қайтган.

Умаржон: Биз қандайдир бир кичкинагина фирмада ўзбек-тожик бўлиб ишлаганмиз. 300 та машианси бор эди. Шунинг камида 200 тасини тожик-ўзбеклар¸ яъни бу ëқдан борганлар минарди.

Озодлик: Нима учун москваликларнинг ўзлари минмайди?

Умаржон: Бизга бераëтган меҳнати оғирда. Эрталаб камида соат 05.00 да турилади¸ кечқурун 00.30 ëки 01.00 ларда келинади.

Озодлик: Кечаси 00.30 ëки 01.00 ларда-а?

- Ҳа. Линиядан қайтиб ëтоқхонага келиб ëтиб¸ машинани ювиб тозалаб¸ эрта билан яна шу маҳалда туриш керак. Унақа меҳнатларга руслар чидамайдида. Бу ерда иш йўқ бўлганлиги учун уларнинг бераëтган пулига рози бўлиб бориладида¸ дейди ҳайдовчи Умаржон.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Баҳром Ҳамроевнинг айтишича, аҳолига транспорт хизмати кўрсатувчи ширкатлар раҳбарлари ташқаридан келган ҳайдовчиларни ишсиз қолишлари мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирган.

- Эшитишимча¸ автотранспорт идораларининг раҳбарлари ишни тўхтатиш¸ яъни маршрут-таксиларни бошқа ҳайдамаслик ҳақида огоҳлантириш берган¸ дейди Баҳром Ҳамроев.

Демак, ҳам айтоврадиган, ҳам қайтоврадиган Россия ҳукумати бу сафар қарорида қатъий турадиганга ўхшаб турибди.

Бир ҳайдовчининг айтишича, маршруткаларнинг 90 фоизини, бошқасининг айтишича, 60-65 фоизини бошқариб турган меҳнат мигрантлари, улар қаторида ўзбекистонликлар ватанига қайтадиган бўлса, Москва тўхтаб қолмайдиганга ўхшаб турибди. Ўрислар уларнинг ўрнини эгаллаши аниққа ўхшайди.

Чунки энг оғир ва ижтимоий мақоми энг паст иш – фаррошлик ҳам россияликларнинг ўзларига қола бошлади.

Эшитинг.

- Мен яшайдиган уйнинг олдида Ўзбекистон фуқаролари ишларди. Фаррошлик қилишарди. 5-10 кун бўлди яхшилаб эътибор берсам¸ уларнинг ўрнига Россия областларидан келган руслар фаррошлик қилиб юрибди. Мен ëнимиздаги бошқа қўшни районларни қарасам¸ жуда кўп районларда ҳозир фаррошлик ишларини руслар ташкил қилаяпти¸ дейди Баҳром Ҳамроев.

Фаррошлик рамз. Бас, шу ишники, супургиники руснинг ўзи меҳнат мигрантидан тортиб олган экан, савдогару шофёр кўч-кўронини йиғиштирса бўлаверади.

Эшиттиришимизни тинглаётган меҳнат мигрантининг бизсиз ҳам сиқилган юрагини янаям сиқмоқчи эмасмиз.

Биз шафқатсиз воқеликдан келиб чиқаяпмиз, холос. Мана яна бир воқеа. Москва вилоятида ишлаб турган ўзбекистонлик йигит куни кеча мана бу гапни айтувди.

- Менинг иккинчи акам Балашиха атрофига ишлаш учун борган эди. Ўша ëқда 600-700 нафар болани ушлаб¸ икки сутка ушлаб туриб¸ қўлларига қоғоз бериб¸ ҳужжатларини олиб қўйиб¸ паспортини ксерокопия қилиб¸ қўлига берибди-да¸ “Бориб билет олиб, уйларингга жўнайсан” деб¸ яна 2000 рублдан штраф қилиб¸ ҳозир ушлаб ўтирибди. Паспортларини бермаëтган экан.

Озодлик: Бу Балашихада-а?

- Ҳа. Болалар сарсон бўлиб¸ кўчама-кўча юрибди. Ҳозир бизнинг районга ҳам иккита-учта Газел билан келиб босиб олиб кетаяпти¸ деган эди Россияда меҳнат қилаëтган меҳнат муҳожири.

Афтидан, халқаро иқтисодий бўҳроннинг Россияга таъсири шу кунларда авжига чиқаётганга ўхшайди.

Ташқаридан келганлардан ишни ўз фуқаросига олиб бераётган экан, бунинг учун ишсиз қолаётганлар Россия ҳукуматидан хафа бўлиши керакми-йўқми – бир нарса дейиш қийин.

Лекин бир нарса аниқ: Россиядаги ишидан ажралган ўзбекистонликлар тобора кўпроқ ватанга қайтмоқда.

Мана маршрутка ҳайдовчисининг айтгани:

Озодлик: Бу кет-кет фақат маршруткаларда эмас. Мана Черкизов бозорининг можаросини билаëтгандирсиз. Ўзи умуман гастарбайтерлар кетаяптими?

- Ҳа¸ кўпи кетди. 50 фоизи кетди деса ҳам бўлади. Биз одам ташишдан ҳам билиб қолдик. Мажбур кетаяпти. Иш йўқ бўлгандан кейин бу ерда регистрация ҳам қилмай қўяди¸ разрешение на работу ҳам бермай қўяди. Мажбур кетилади¸ дейди маршрутка ҳайдовчиси.

Мигрантларнинг қайтаётганини Ўзбекистонда ишчи кучининг ўтган йилдагига қараганда икки бараварга арзонлаб кетганидан ҳам билса бўлади.

Андижонлик тингловчиларимиздан бири билан ўтган ҳафтада ўтказганимиз суҳбатдан парча тингланг.

- Ҳозир одамлар қанақа иш бўлса қилаяпти. Ўтган йил 30-40 сўмдан қуйилаëтган хом ғиштлар ҳозир 16-20 сўмдан қуйилаяпти. Икки баробарга арзон.

Озодлик: Демак¸ ишчи кучи икки баробарга арзонлаб кетди.

- Ҳа¸ шундай¸ деган эди андижонлик тингловчиларимиздан бири.

Хўш, мана шундай шароитда Ўзбекистон ҳукумати ишсиз қолаётган меҳнат мигрантларига қандай ёрдам бериши мумкин?

Гапни Москвадан чиқариб юборилиши кутилаётган маршруткачилардан бошланганимиз учун Ўзбекистон ҳукуматининг уларга энг яқин турган структураси – Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси матбуот хизмати билан боғландик.

Хизмат раҳбари, Беруний Султонов биринчи саволимизни эшитибоқ телефон гўшагини жойига ташлаб қўйди.

Кейин хонадан чиқиб кетди, шекилли, қайта-қайта қилган қўнғироқларимизга ҳеч ким жавоб бермади.

Худди шунингдек, Ўзбекистон республикаси Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги матбуот хизматига қилган такрор-такрор қўнғироқларимиздан ҳам иш чиқмади.

Балки телефонни кўтарганларида ҳеч қачон жавоб бермаган Меҳнат вазирлиги бу сафар жавоб берворармиди, деган иштибоҳ қолди кўнгилда.

Москвада йўловчи ташиётган маршрутка ҳайдовчисига суҳбатимиз сўнггида мана бу саволни ҳам бердик.

Озодлик: Ватанга қайтиб борсангиз¸ нима иш қилишингиз мумкин?

- Мен бу ҳақда ҳали ўйлаб кўрмадим. Борсам¸ менга иш йўқ¸ дейди Москвада йўловчи ташиётган маршрутка ҳайдовчиси.
XS
SM
MD
LG