Линклар

Террорчи баҳона база ғанимат


Қирғизистон жанубидаги аксилтеррор амалиётларидан сўнг Кремл расмийлари бу ҳудудда аксилтеррор марказ ташкил қилиш ташаббуси билан чиқмоқдалар.

Қирғизистон жанубидаги аксилтеррор амалиётларидан сўнг Кремл расмийлари бу ҳудудда аксилтеррор марказ ташкил қилиш ташаббуси билан чиқмоқдалар.

Президент Бакиев Кремл ва Бишкек расмийлари Қирғизистон жанубида Россия аксилтеррор ҳарбий марказини ташкил этиш борасида музокаралар олиб бораётганлиги тўғрисида маълумот берди.

Бу ҳақда Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиев “Ню - Йўрк таймс” газетасига берган суҳбатида маълум қилди.

7 июл куни қирғиз ва рус матбуоти Россия Бош вазири ўринбосари Игор Сечин раҳбарлигидаги делегация яширин топшириқ билан Бишкекка боргани ҳамда ёпиқ эшиклар ортида музокаралар ўтказгани ҳақида хабар берган эди.

Кремл ва Бишкек расмийлари бу ахборотни рад этмаган бўлсалар ҳам, бу учрашув ҳақида расмий билдирув тарқатмаган эдилар.

Ўшанда қирғиз ва рус журналистлари “бу учрашувда Қирғизистоннинг Ўш ҳамда Боткен шаҳарларига Россия ҳарбий базасини жойлаштириш масаласи муҳокама қилинган бўлиши мумкин”, деган тахминни билдирган эдилар.

Қирғизистон президенти“Ню - Йўрк таймс” газетасига берган суҳбатида бу масалага аниқлик киритди.

“Қирғизистон жанубида террорчиликка қарши кураш самарадорлигини ошириш учун бизнинг Мудофаа вазирлиги Россия Мудофаа вазирлиги билан ҳамкорликда Боткен, Ўш ёки Жалолобод вилоятларидан бирида халқаро террорчиликкак қарши кураш олиб борувчи аксилтеррор маркази очилиши масаласини муҳокама қилмоқда.

Бу марказда қирғиз ва рус ҳарбийлари ҳамкорликда ўқув машғулотлари ўтказиш имкониятига ҳам эга бўладилар”, деди Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиев “Ню - Йўрк таймс” газетасига берган суҳбатида.


Айни пайтда Қирғизистон махсус хизматлари сўнгги икки ой оралиғида мамлакат ҳудудида 18 киши террорчиликда гумон қилиниб қўлга олингани тўғрисида маълумот тарқатди.

Маълумотда айтилишича, қўлга олинганларнинг асосий қисми ҳориждаги террорчилар марказларида тайёргарликдан ўтганлар.

Қўлга олинганлар Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон фуқароларидир.

Терророчиликда гумон қилинганларни қўлга олиш асосан Қирғизистон жанубида ўтказилган амалиётлардан сўнг кучайган.

Шу йилнинг 23 июн куни Жалолобод вилояти Сузоқ туманида содир бўлган отишма пайтида қирғиз махсус хизматлари террорчи, деб атаётган беш кишидан иборат гуруҳ йўқ қилинган эди. Уларнинг уч нафари бир неча йилдан бери қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқаролари экани аниқланган.

27 июн куни Ўзган шаҳри яқинидаги Қўшқўрғон қишлоғида номаълум қуролли гуруҳ билан содир бўлган отишма пайтида мазкур қуролли гуруҳнинг уч аъзоси ўлдирилган эди.

29 июн куни Ўзганда бўлган амалиёт пайтида яна бир қуролли одам ўлдирилгани эълон қилинган.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизматининг маълум қилишича, айни пайтда террорчиликда айбланиб қўлга олинган 18 кишининг шериклари ҳам қидирилмоқда.

Яқин кунларда Қирғизистонда террорчиликда айланиб қўлга олинганлар сони янада кўпайиши эҳтимол.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG