Линклар

logo-print

"Сандиғимизда бойлигимиз кўп"

  • Садриддин Ашур

Чодирхаёлнинг навбатдаги сонининг "Таниш қўшиқлар" рукнида ўзбекистонлик таникли хонанда Азиза Ниёзметова билан суҳбатлашамиз.

Бундан 10 йиллар муқаддам Азиза Ниёзметованинг “Бир муҳаббат тарихи” қўшиғи санъат шинавандаларига етказилганда кўпчилик хоразмлик бу қизга ғойибона ошиқ бўлиб, унинг қўлидан кишмиш егиси келган бўлса ажаб эмас. Биз "Таниш қўшиқлар" рукнимизда Азиза Ниёзметова билан ана шу қўшиқ ҳақида гаплашамиз.

Озодлик: Ассалому алайкум Азизахон.

Азиза Ниëзметова: Ассалому алайкум.

Озодлик: Ишлар билан¸ ижодлар билан ҳорманг.

Азиза Ниëзметова: Бор бўлинг.

Озодлик: Ижодлар қандай бўлаяпти?

Азиза Ниëзметова: Худога шукур ҳаммаси яхши. Ҳаммаси зўр бўлаяпти. Гап йўқ.

Озодлик: Азизахон¸ кишмиш қўшилган бол егим келаяпти демоқчи эдим.

Азиза Ниëзметова: Бемалол. Келинг. Ўзбекистонга келсангиз¸ кишмиш бериб¸ новвот бериб¸ чой беришади.

Озодлик: Ҳамма йигитларни шундай сийлашадими ëки фақат яхши кўрган меҳмонларними?

Азиза Ниëзметова: Ўзбекистонда 70 яшар кампир 7 яшар ўғил болага эгилиб салом беради.

Озодлик: Нимага?

Азиза Ниëзметова: Чунки ўғил бола аëллардан ҳамиша баланд тутилади. Уйингизда ўғил бола бўлса¸ шу азиз инсон бўлади.

Озодлик: Азизахон¸ сизнинг “Бир муҳаббат тарихи” деган қўшиғингиз бир пайтлар халқ орасида шлягер¸ яъни оммабоп бўлиб кетган эди. Шу қўшиқ яратилиш тарихи ҳақида сўрамоқчи эдим.

Азиза Ниëзметова: Биласизми¸ Туркманистонда “Ошиқ Ойдин пир” деган қабристон бор. У санъаткорларнинг пири. Мен ўша жойга зиëратга бораман деб юрганимда¸ бу эртакни тушимда кўрганман. Мен шу тушимда кўрган нарсамни Хивада суратга олдирганман.

Мен қўшиқни клипмейкерларга бериб¸ нима қилиш кераклигини ëзинглар деганимда¸ улар бошқа нарса ëзиб келишган. Кейин мен уларга “Менга тушимдаги нарсани чиқариб беринглар” деганман. Бунинг номини “Бир муҳаббат тарихи” деб қўйганмиз. Ўзи “Юрагимдан жой бераман” деб қўйсак ҳам бўларди. Лекин биз “Бир муҳаббат тарихи” деб ном бердик.

Мен зиëратга бораман деган пайтимда тушимда нима кўрган бўлсам¸ худди шу нарсани клип қилиб суратга олганмиз. Бир бой йигит оддий тикувчи оиласидаги қизни яхши кўриб қолади. Қизни бир бора кўргандан кейин қиз унинг кўзининг олдидан кетмайди. Ҳар хил одамлар унга “Оддий оиланинг қизи керак эмас” деса ҳам¸ охир-оқибат мана шу қизга уйланади ва уни принцесса қилиб қўяди. Мана шуни клипда кўрсатганмиз.

Озодлик: Мана мен ҳозир клипингизни кўраяпман. Қизгина деразадан боқиб қаради ва отда бир чавандоз келди. Қиз сув олиб чиқди ва ибо билан сув берди.

Азиза Ниëзметова: Сув баҳона бўлади. Ўзи қиз боланинг ëнига бориб “Менга турмушга чиқасизми?” деб сўралмайди. Қизлар паранжида юришган. Биз у жойларини кўрсатмаганмиз. Бола чўгирмасини ечиб отиб юбориши керак эди. Қиз йиқилмаса¸ бу унинг турмушга чиқишга тайëрлигини билдиради.

Озодлик: Ўзбекларда яна “Қиз болани дўппи билан ургин. Агар йиқилмаса¸ турмушга бергин” дейишади. Шундай эканда-а?

Азиза Ниëзметова: Бизнинг Хоразмда ҳам шунақа. Биз клипда шу жойларини кўрсатмаганмиз. Клипда худди кўчада қизни кўриб қолиб орқасидан келиб эшикни тақиллатгандай бўлаяпти. Лекин у қизни йўлда бир жойда кўрган.

Озодлик: Энди шу қўшиқдан сизнинг ҳаëтингизга кўчсак. Сиз тушингизда кўрган нарса ўнгингизда ҳам содир бўлганми? Орзуингизга¸ муҳаббатингизга етишганмисиз?

Азиза Ниëзметова: Йўқ¸ йўқ. Орзу қилган нарса¸ бўлиши қийин бўлган нарса. Айниқса¸ санъаткор одамга жуда қийин. Санъаткор халқнинг ичида юргандан кейин биров билан гаплашиб билмайди¸ ортиқча одамлар билан гаплаша олмайди. Сени оддий йигит яхши кўрса ҳам гаплаша олмайсан. Сабаби сен халқнинг кўз олдидасан. Ҳамма сенга қараб қолгандай. Халқдан сал уялиб юрасан.

Озодлик: Узоқ йиллар санъаткорлар билан яшаганлар “Биз бир биримизни тушуниб яшадик. Бир биримизни рашк қилмасдан яшадик” деб айтишади.

Азиза Ниëзметова: Мен шу одамни энг бахтли одам деб ўйлайман. Рашкнинг бўлмаслиги¸ бир бирини тушуниб яшаш менинг ҳаëтимда бўлмаганлиги учун менинг унга кўзим етмайди. Одам бошидан ўтказган нарсасига жавоб бера олади. Менинг бошимдан ўтмаганлиги учун мен бу нарсага жавоб бера олмайман. Мана шу этапдан ўтган одам бу нарсага уверен бўлиб гапиради. Аммо мен уверен бўлиб гапира олмайман. Чунки менда бир бирини тушуниб яшайдиган нарса бўлмаган.

Озодлик: Қўшиқда

Эртаю кеч йўлларида кўзларим¸
Заъфарона бўлди кутиб юзларим

дегансиз. Умуман ҳаëтда бировни кутиб юзларингиз заъфарон¸ юрагингиз қон бўлганми?

Азиза Ниëзметова: Йўқ. Мен бировни кутиб эмас¸ санъатимда¸ ижодимда юксакликни кутиб яшайман. Мен Тошкентга келган пайтимда иккита фарзандим бор эди. Оила қуриб¸ турмушга чиқиб кейин Тошкентга келганман. Мен мана шу ашула билан бир йилнинг ичида республикада Азиза Ниëзметова бўлдим. Мана шу ашула мени халққа кўрсатиб қўйди.

Оллоҳ томонидан берилган иноят билан чиқиб¸ одамларни ўзингга тортиб олишинг керак. Бу нарса туғилади. Туғилиши учун эса вақт керак бўлади. Дейлик¸ бир коллекция ашула чиқарганингиз билан биттаси ҳам хит бўлмаслиги мумкин.

Мен чиққан пайтларимда Озода Нурсаидованинг клипини Мисрда суратга олган “Сен бўлмасанг жоним” деган ашуласи¸ Насиба Абдуллаеванинг “Умр баҳори” деган ашуласи чиқди. Учта клип бирданига чиқди ва бирданига халқнинг ичига кириб кетди. Ҳамма жойда фақат мана шу ашулалар янграр эди.

Озодлик: Тўйларда ҳам-а?

Азиза Ниëзметова: Ҳа. Мана шу ашуланинг яратилганига тўққиз йил бўлди. Тошкентга келиб¸ Тошкент бозорига кирганига тўққиз йил бўлди. Бу Хоразм бозорида Тошкентга келишимдан уч йил чиқишни бошлаган. Бу ашулалар ҳалигача кеча чиққан ашуладай ўз пулини топади.

Масалан¸ Собир Мўминов билан “Хоразмга куëв бўламан” деб айтган ашуламиз бор. Ҳозиргача ҳеч ким “Бу ашулани айтманг. Сийқаси чиқиб кетди” демаган. Қозоғистонга борсам ҳам¸ Тожикистонга борсам ҳам¸ Туркманистонга борсам ҳам шу ашула биринчи ўринга қўйилади.

Озодлик: Ўзи асли туркманистонликмисиз?

Азиза Ниëзметова: Йўқ отам туркман. Қонимизда туркман қони бор.

Озодлик: Бу қўшиқ яратилганидан кейин кимлардир бунга эътироз билдириб чиқишди¸ “менинг қўшиғим” дейишди.

Азиза Ниëзметова: Султонпошша Ўдаева “Бу ашулани мен ëзганман” деб чиқди. Мен бу ашулани олган пайтимда народный оҳангда чиқарганман. Эстрада йўналишига ўтказилмасдан халқ чолғу асбобларида куйланган. Хўжайиним менга бу ашулани Ошиқ Эркиндан сотиб олиб берган. Мен қўшиқни сотиб олганимдан кейин Султонпошша Ўдаева Ошиқ Эркиннинг ëнига борган. Ошиқ Эркин Султонпошша Ўдаевага “Азиза олган бу қўшиқни” деса¸ “Э¸ Хоразмда Азизани ким танияпти. Мен республикада чиқараман” деб айтган. Мен у пайтда Тошкентга келмаган эдим. “Мен бу қўшиқни буюртмага ëзганман. Шунинг учун бу Азизанинг ашуласи” деган. Ошиқ Эркиннинг ўзи ҳам “Бу Азизанинг ашуласи” деб айтганку.

Озодлик: Сизнинг фикрингизча¸ қўшиқнинг мухлис дилига кириб боришининг сири нимада бўлиши керак?

Азиза Ниëзметова: Асосий сири ҳозирги пайтда фақат реклама бўлиб қолаяпти. Енгил ашулалар ҳам хит бўлиб кетаяпти. Дейлик¸ ичингиз оч бўлса¸ олдингизга олиб келиб ўйилган овқатни ейсиз. Овқат пишмаган бўлса¸ уни егандан кейин ошқозонингиз оғрийди. Ашула ҳам худди шунақа.

Озодлик: Бизда спутник орқали Ўзбекистон телеканали кўрсатади. Кеча бир қўшиқ беришди.

Мана келди ëз¸
Менинг жоним қилади ноз.

деяпти.

Азиза Ниëзметова: Мен ҳам кўрдим. Ўзбекистон телеканалида қўйилаяптими¸ демак бу ашула бадиий кенгашдан ўтган. Бадиий кенгашдан ўтганми¸ демак бу кимнингдир китобга чиққан шеъри. Бунақа ашулаларни эшитгандан кўра¸ эшитиш учун яхши ашулалар кўп.
Яхши ашулачиларнинг раскрутка қилишга пули бўлмаса ҳам зўр¸ мукаммал ашулалар бор. Ўзбекистонда кучли санъаткорлар йўқ эмас¸ бор. Буни ҳам инбатга олиш керак. Санъат жуда ҳам саëзлашиб кетмаган. Сизлар битта-иккита саëз сўз билан “Ўзбек санъати шунақа бўлиб қолди” деган хулосага келманглар. Кучли санъаткорлар бор. Ўзбекистон каналидан қўйилаëтган битта қўшиққа қараб баҳо бермаслик керак. Ажойиб¸ зўр¸ мукаммал санъаткорлар бор. Сандиғимизда бойлигимиз кўп.

Озодлик: Сандиқ қачон очилади?

Азиза Ниëзметова: Сандиқни бирдан очсак¸ бойлигимиз йўқолиб қолади. Секин-секин чиқариб¸ шахмат донасини юргандай қилиб юрамиз.

Озодлик: Бизнинг тингловчиларимизга¸ мухлисларингизга қандай айтадиган гапларингиз бор?

Азиза Ниëзметова: Биласизми¸ Ўзбекистоннинг бутун фарзандлари бутун дунëда ўқияпти¸ ишлаяпти¸ ижод қилаяпти. Чунки бу ўзбекнинг фарзанди. Мен уларга омад тилайман. Бир шоиримиз яқинда чет давлатга борган экан. “Менинг юртимни мўғуллар босган пайтда¸ сен юртимдан китобларни олиб кетдинг. Мана шу китобларни менга кўрсат. Ота-боболаримнинг қўлëзмасини кўрай” деганда¸ кутубхонасини очиб кўрсатмаган экан.

Ўшанда у “Сен менинг юртимдан китобларни олиб кетдинг. Лекин бу китобларни ëзган инсонларнинг суяги юртимда ëтибди. Қачондир тилга киради¸ фарзандларига ўтади” деган. Шунинг учун қаерда бўлишларидан қатъий назар¸ соғ бўлишсин. Уларнинг ота-боболари бу ерда. Нима қилса ҳам юртига келишади. Юртимиздаги барака ҳеч қачон сўнмасин.
XS
SM
MD
LG