Линклар

Тавилдарада жангарилар ўлдирилди

  • Гулнора Равшан

Тожикистоннинг Тавилдара туманида вазият ҳамон кескинлигича қолмоқда.

Тожикистоннинг Тавилдара туманида вазият ҳамон кескинлигича қолмоқда.

Тавилдарада Тожикистон ҳукумати кучлари билан ноқонуний қуролланган гуруҳ ўртасидаги отишмаларда жангари гуруҳнинг чет эл фуқароси бўлган беш аъзоси отиб ўлдирди.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги тарқатган баёнотда айтилишича, 16 июл тунда Тавилдаранинг Ҳавзи Кабуд блок постига қуролланган жангарилар ҳужум қилишган.

- Натижада ҳукумат кучларининг икки ҳарбийси яраланган. Икки орада рўй берган отишма натижасида мамлакат ҳуқуқ - тартибот идоралари ходимлари беш нафар жангарини йўқ қилди.

Воқеа жойида ўтказилган текширувлар натижасида бу жангарилар чэт эл фуқаролари экани маълум бўлди.

Улар доғистонлик 21 ёшли Шамил Магомедов, 25 ёшли доғистонлик Ахмед Аббасов, тюменлик 20 ёшли Аликсей Бабин, қазоқ миллатига мансуб Россия фуқароси, 25 ёшли Хан Роман ва миллати татар бўлган Россия фуқароси 26 ёшли Ренат Сабдюшевдир, - деди Тожикистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати масъули Муҳаммаджон Назриев.

Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, Тавилдаранинг Ҳавзи Кабудида ўлдирилган жангарилар жасадлари, улар паспортлари Тожикистон Давлат телевидениясида қайта қайта намойиш қилинди ҳамда паспортда улар қайдга олинган ҳудудлар номлари ҳам ўқиб эшиттирилди.

Отишмада ўлдирилган жангарилар Тавилдарада ташкил қилинган террористик гуруҳ аъзолари эканини таъкидлаган вазирлик масъулидан “Улар ҳукуматга қарши жангари гуруҳ тузган “шайх Неъмат” лақаби билан танилган Неъмат Азизов тарафдорлари бўлиши мумкинми?” дея сўрадик.

- Бу ерда яна бошқа версиялар бор, ҳозирча улар аниқланмоқда. Бу борада тўла тафсилот кейинчалик маълум қилинади,- дея жавоб берди вазирлик масъули Назриев.

Тожикистоннинг пойтахтидан 180 километр нарида жойлашган Тавилдарада ҳукумат куч ишлатар тизими ходимлари билан ноқонуний қуролланган гуруҳ ўртасидаги тўқнашувлар шу йил май ойидан буён давом этаётир.

Ўтган давр мобайнида ҳукумат кучлари томонидан йўқ қилинган тўққиз нафар жангарининг аксарияти хорижликлар экани таъкидланмоқда.

Шу ўринда, табиийки, “Тожикистондаги осойишталикни издан чиқараётгани айтилаётган бу хорижлик жангариларнинг мақсади нима бўлиши мумкин? “ деган савол туғилади.

Тожикистон расмийлари бу гуруҳларнинг асосий мақсади Афғонистондаги наркотик моддаларни Тожикистон ва Қирғизистон орқали Европа мамлакатларига чиқариб туриш ҳамда ундан тушган маблағ билан Афғонистон, Покистондаги террорчи гуруҳларни молиялаштириш эканини айтадилар.

Кузатувчи Абдуғани Мамадазимов бу фикрларга қисман қўшилар экан, Тожикистонда яна бир карра беқарорликнинг вужудга келишидан Россия манфаатдор, дея тахмин қилади.

- Тожиклар ва тожикистонликлар уруш, ноҳақ қон тўкилишидан чарчаган. Бу бизга керак эмас. Аммо Тожикистон ва минтақанинг бошқа мамалакатларида беқарорликнинг вужудга келишидан кўпроқ руслар манфаатдорлар.

Чунки Тавилдарадаги уруш ўчоғи кенгайса ва республикадаги вазият издан чиқса, истасак истамасак Россиядан ёрдам сўраймиз. Буни Россия яхши билади.

Ана шу фурсатдан фойдаланган руслар Тожикистонда ўз ҳарбий базасини очиш шарти билан ёрдам бериши ҳам эҳтимолдан йироқмас.

Чунки руслар Қирғизистондаги ҳарбий база америкаликларга қайта топширилганидан анча ташвишда. Россия Қирғизистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудида ўз базасини очиш таклифи билан чиқаётгани фикримиз далили бўла олади. Ўзингизга маълум, уларнинг бу таклифига Ўзбекистон томони қаршилик билдирган,- дейди мустақил таҳлилчи.

Мамадазимовга кўра, Тожикистон ҳукумати Россия Федерациясига мурожат этиб Тавилдарада россиялик фуқароларнинг қўлга олинишига доир масалага ойдинлик киритиши зарур.

Аснода Тавилдарада ҳукумат куч ишлатар тизими ходимлари ва ноқонуний қуролланган жангарилар ўртасида отишмалар давом этаётир. Тавилдарадаги ишончли манбанинг маълум қилишича, бу ҳудуддаги вазият тобора кескинлашмоқда.
XS
SM
MD
LG