Линклар

logo-print

Озодликнинг "Эркин микрофон" дастурига сим қоққан тингловчилар Ўзбекистон матбуотига ишонмасликлари, жой-жойларда аҳолининг маиший турмуши оғирлашиб бораётгани ва чет элларда ҳам ўзбек ўзбекни алдаб кетаётгани ҳақида гапирдилар.

Қашқадарёлик 64 ёшли тингловчимиз Ҳайитбой ака 18 йилдан бери Озодлик радиосини тинглаб боришини айтади:

- Бу телефон ола оладими ëки йўқми деб кеча сизларга телефон қилдик. Ҳайрон бўлиб ëтган эдим. Уйдагилар менга “Шундоқ биттаси телефон қилаяпти” дейишди. Сизларни кўп эшитаман. Бухоро¸ Сирдарëлардан олиб эшиттирасизлар. Сизларга раҳмат.

Ўзбекистоннинг ахборотларига ҳеч бир ишонч йўқ деса ҳам бўлаверади. Фақат сизларникини эшитамиз. Сизларда озроқ бўлса ҳам 70-80 фоиз ҳақиқат бор-да. Сизларга ҳам қийин. Шу қийинчиликка қарамасдан хизмат қилаяпсизлар. Минг раҳмат сизларга¸ - дейди қашқадарëлик Ҳайитбой ака.

Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманидан қўнғироқ қилган Абдувалининг сўзларига кўра, Ўзбекистон табиий ресурсларга жуда бой мамлакат, лекин унинг аҳолиси бу бойликларга ёлчимайди:

- Бизнинг давлатда ҳали қилинадиган ишлар кўп бўлса керак, деб ўйлайман. Мисол учун Ўзбекистоннинг энергия саноати¸ газ саноатида муаммо йўқ. Мени шу нарсалар қийнайди. Нимага ҳамма нарсамиз бор бўлиб туриб¸ дунëдаги энг қашшоқ халқлардан ҳам паст яшаймиз?

Худога шукур¸ ҳамма нарсамиз бор. Лекин бизда нимага шунақа билмадим. Саволлар кўп¸ гапирамиз десак¸ ичимизда гаплар кўп-ку¸ лекин қаëққа бориб гапиришга¸ нима дейишга иккиланиб қолдик тўғриси¸- дейди Абдували.

Абдували бу гапларига Ёзёвон туманидаги электр энергияси ва газ таъминотини далил қилиб келтиради:

- Биз яшаëтган жойда свет ҳозирги кунда эрталаб соат 07.30 да ўчади ва шу билан 10.00 да ëнади. Кейин тахминан соат 15.00 ларда ўчиб¸ 17.00 ларда ëнади ва яна 19.00 да ўчиб¸ 20.00 да ëнади. Ҳозир ëз бўлиб туриб шунчалик. Эртага қишда свет ниҳоятда кўп ўчади. Деярли 15-16 соатлаб свет йўқ бўлади. Газ қишда умуман ўчади. Ëзда ҳам мауммо. Кўп ўчаяпти¸ - дейди Абдували.

Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманидаги Чоршанбе қишлоғида истиқомат қилаётган бу тингловчимиз эса, кам таъминланган оилалар болалар нафақасини ойлаб, йиллаб ололмаётганидан шикоят қилади:

- Болаларга икки йиллик пул берар экан-ку. Ўшанинг пулини олиш ҳозир муаммо бўлаяпти. Қандайдир баҳоналарни айтишаяпти-да. Мана, еттинчи ой кетаяпти икки йиллик пулдан дарак йўқ. Фуқаролик йиғинига борсам¸ “Ана чиқади¸ мана чиқади. Бошқа вақт келинг” деган баҳоналар¸ - дейди қашқадарëлик тингловчимиз.

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида меҳнат муҳожири бўлиб ишлаётган Искандар, мусофир ўзбеклар ўз ватандошларининг товламачилигидан азият чекаётгани ҳақида гапирди. Унинг сўзларига кўра, қишлоқлардан борган содда ўзбекларни у ердаги ўз ватандошлари чув тушириб кетмоқда:

- Самарқанд вилояти Тойлоқ тумани Боғизавон қишлоғида яшовчи Темур исмли йигит бундан бир ярим ойча илгари бир ўртоғимнинг паспортини “Сенга ҳужжат қилиб бераман” деб олиб¸ шаҳарга кетган ва ўша ерда ўртоғимнинг паспортини бировга гаров эвазига бериб¸ ундан 8000 рубл пул олган ва Ўзбекистонга қараб кетворган. Бошқа кўп кишилардан ҳам олган. Менинг бу яқин ўртоғим Қашқадарëдан.

Бундан икки-уч ҳафтача олдин Россиядан қайтган Самарқанд вилояти Тойлоқ тумани Боғизавон қишлоғида яшовчи Темур исмли йигит шунақа ахмоқчилик қилиб кетдики¸ Боғизавон қишлоғидагиларнинг ўзлари хулоса қилиб олишсин. Ўшанинг ота-онасига айтиб қўймоқчиман: шунақа фарзанд ўстирган экан¸ кимнингдир фарзандини шунақа аҳволга солиб кетди. Кимнидир доғда қолдириб¸ зор қақшатиб кетди¸ - дейди Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида меҳнат муҳожири бўлиб ишлаётган Искандар.

Сирдарё вилоятидан қўнғироқ қилган Абдураҳмон ҳам кўп йиллардан буён Озодлик тингловчиси эканлигини айтар экан, марҳум ўзбек журанлисти Алишер Соипов номидаги халқаро мукофот таъсис этилишини таклиф қилади:

- Мен Озодлик радиосини эшитаëтганимга 15 йил бўлди. 15 йилдан бери ҳар куни эшитаман. Сизларнинг ҳаммаларингизга катта раҳмат. Эшиттиришни олиб бораëтганларга бизнинг раҳматимизни айтиб қўясиз.

Журналистика билан шуғулланадиган халқаро ташкилотларга менинг бир илтимосим бор. Алишер Соипов номидаги халқаро журналистика мукофотини жорий қилишиб¸ Алишер Соиповнинг оиласига ëрдам кўрсатиш масаласини кўриб чиқишса яхши бўларди. Менинг фикримда бу. Чехияда ҳаммага салом айтиб қўясиз¸ - дейди Сирдарё вилоятидан қўнғироқ қилган Абдураҳмон.

Озодлик радиосига қўнғироқ қилган аксарият тингловчиларимиз "Бу журналистлар бизга жавоб берармикин ёки йўқ" деган гумон билан сим қоққанларини айтишмоқда. Яна баъзи тингловчиларимиз “синаб кўрдик”, деб айтмоқдалар. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам биз тингловчиларимиз қўнғироқларига жавоб беришга ҳаракат қиламиз ва уларнинг қўнғироқларига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Ҳурматли тингловчи, Озолик радиосининг эркин сўз микрофони сизлар учун доим очиқ. Ва яна бир бор, телефон номерларимизни эслатиб ўтаман. Марҳамат қўнғироқ қилинг, SMS орқали хабарлар йўлланг:

+420 602 612 713
XS
SM
MD
LG