Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:05

Бўзчи белбоққа ёлчимас


Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомашиналар ўта қимматлиги сабаб оддий ўзбеклар учун ҳамон орзу бўлиб қолаётир.
Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомашиналар ўта қимматлиги сабаб оддий ўзбеклар учун ҳамон орзу бўлиб қолаётир.

19 июл куни Асакадаги автомобил заводи ишга туширилганига 13 йил тўлган бўлса-да, одий ўзбек ҳануз маҳаллий заводда ишлаб чиқарилган машиналарни сотиб олиш қурбига эга эмас.

Андижонлик шифокор Абдуқодир Сатторовга кўра, машина харид қилиш оддий ўзбекнинг чўнтагига тўғри келмайди.

Абдуқодир Сатторов: Бизнинг маҳалламизда 1600 нафар одам яшайди. Шулардан 12-13 тасида ДЭУ машиналари бор.

Озодлик: Абдуқодир ака, ўзингиз-чи, сизда ҳам маҳаллий заводда ишлаб чиқарилган машиналардан бирортасини харид қилиш режаси борми?

- Ҳозир нарх ошиб кетди, пулимиз етмайди. Масалан, мен ойликка ишлайман, агар машинани кредитга оладиган бўлсам, йигирма йилда ҳам кредит пулини қайтара олмасам керак.

Машиналар қиммат. Чамамда ўзбекистонликларга сал арзонроқ қилиб қўйиш керак. Мана, Қирғизистонда худди бизнинг машинамиз 3000- 4000 доллар. Шу пулга битта Тико беради. Ўзимизда эса машина нархи осмонда, дейди Абдуқодир Сатторов.

Хоразмнинг чекка қишлоқларидан бирида яшовчи Алишер исмли йигитнинг орзуси “Lasetti” машинасини харид қилиш. Лекин Алишер ўзининг бу орзуси амалга ошишига умуман ишонмайди.

- Мен "Ласетти" машинам бўлишини хоҳлайман. Чиройли машина. Кўриниши яхши. Лекин пули бозорда 45 миллион сўм. Олиш имконияти йўқ¸ лекин орзу-да, дейди хоразмлик Алишер.

Жиззахлик Ўктам Пардевнинг "Жигули - ВАЗ-2106" машинаси бор, унинг эндиги нияти “Neksiya” машинасини харид қилиш.

- "Нексия" машинасини олиш ниятим бор. Daewooнинг машиналари ҳозир замонавий, кўзга ташланадиган, тез юрадиган машиналар. Унча-мунчага бузилмайди.

Ҳозир 2003-2004 йилда чиққан, ҳайдалган "Нексия" машиналарини бозордан тахминан 12-13 миллион сўмга олиш мумкин. Сал пул тушса, "Нексия" олиш ниятим бор. Ҳозир кўпчиликда "Нексия" ва "Ласетти" машиналари, дейди Ўктам Пардаев.

Кузатувчиларга кўра, маҳаллий заводда ишлаб чиқарилган автомобилларни ҳарид қилишга оддий ўзбекнинг имкони етмаслигига сабаб, биринчидан, аҳолининг иқтисодий муаммолари кўплиги бўлса, иккинчидан мамлакатда автомобил сотиш тизими коррупциялашиб кетганидир.

Ҳозирги пайтда ўзбек машиналари савдосида чайқовчилик авж олаётгани ҳеч кимга сир эмас.

“UzDaewoo avto” ёки “ GM Uzbekistan ” қўшма корхонаси расмий дилерларидан бири бўлган суҳбатдошимизга кўра, Асакадаги заводдан машиналарни харид қилиб, ички бозорда қайта пуллаётган ишбилармонлар кўпчиликни ташкил қилади.

- Ҳаммаси олибсотар. Масалан, сизга машига керак бўлса, боради-да сизга айтади “Менга бунча пул берасан, мен сенга заводдан машина олиб бераман”, дейди.

Йўли кўп буни. Пул қиламан деган одам йўлини топади. Ҳозирги пайтда ҳаммада ҳам 10 минг доллар нақд пул йўқ-да. Чўнтагида пули бор одамга ҳар қанақа чеклаш бўлса-да, барибир йўлини топади, дейди суҳбатдош.

“UzDaewoo avto" қўшма корхонаси 1996 йилнинг 19 июлида Жанубий Кореянинг “Daewoo Motors” компанияси билан ҳамкорликда ташкил қилинган.

2005 йилнинг октябрида Ўзбекистон томони Жанубий Корея сармоядорларига тегишли акцияларни ҳам сотиб олган.

2007 йилнинг октябрида "O‘zavtosanoat” ва АҚШнинг “General Motors” компанияси ўртасида Асакадаги завод базасида “GM Uzbekistan” қўшма корхонасини ташкил этиш тўғрисида битим имзоланган эди.

Корхона йилига 250 минг дона автомобил ишлаб чиқариш қувватига эга.

“UzDaewoo avto” (ҳозирги “ GM Uzbekistan ”) қўшма корхонасидан дастлаб “Tiko”, “Damas”, “Neksiya” каби енгил автомобиллар ишлаб чиқарилди. Кейинги йилларда “Matiz”, “Lasetti” ва "Chevrolet" нинг янги русумдаги автолари, яъни “Takuma”, “Epika” ва “Kaptiva” автомобилларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Ўзбекистон 1998 йилдан буён автомобил ишлаб чиқарувчи давлатларнинг халқаро OICA ташкилоти аъзоси.

ЎзА маълумотига кўра, ўзбек автомобиллари Россия, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистонга экспорт қилинмоқда.

Шунингдек, яқин кунларда бу қаторга Арманистон, Грузия ва Молдова қўшилиши кутилаяпти
XS
SM
MD
LG