Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:44

Қабристондаги ўғрилар ушланди


Қабрларни таҳқирлаш ҳоллари аëн бўлгач¸ айрим маҳаллалар ҳокимиятдан қабристонни яхшироқ қўриқлашни талаб қилмоқда.
Қабрларни таҳқирлаш ҳоллари аëн бўлгач¸ айрим маҳаллалар ҳокимиятдан қабристонни яхшироқ қўриқлашни талаб қилмоқда.

Тожикистоннинг Сўғд вилоятида қабрларни очиб¸ мурдаларнинг тилла тишларини синдириб олиш билан шуғулланган шахслар қўлга олинди.

Сўғд вилояти ички ишлар бошқармаси раҳбари Рауф Юсуповга кўра, қабрларни ноқонуний тарзда очганликда гумонланаётган беш кишидан икки нафари қўлга олинган. Қолган уч киши эса айни пайтда қидирилмоқда.

- Жорий йил май ойи охирида Бобожон Ғафуров туманида¸ июн ойининг бошларида эса Хўжанд шаҳрининг марказида жойлашган қабристонда номаълум шахслар қабрларни очганлиги аниқланган.

Бундан ташқари қабрларни бузиш, мурдаларни таҳқирлаш ҳолатлари ҳам қайд қилинган.

Ўтказилган текширишлардан кейин Спитамен туманида истиқомат қилувчи Ўткир Ҳакимов ва Конибодом туманида яшовчи Шаҳноза Мамажоновалар қўлга олинди.

Улар икки ой мобайнида йигирмага яқин қабрларни очиб, мурдаларнинг тилла тишлари ва бошқа қимматбаҳо буюмларни ўғирлашган, деди генерал Рауф Юсупов.

Унинг айтишича, мазкур иш юзасидан Тожикистон Жиноий кодекси 243 моддасига асосан жасад ва қабрларни таҳқирлаш айби билан жиноий иш очилган.

Вилоятда содир бўлган бу даҳшатли воқеалар кўпчиликни ваҳимага солиб қўйди. Аҳоли томонидан вилоятда мавжуд қабристонларни қўриқлаш учун навбатчилик ташкил қилинди.

Бироқ хўжандлик Валижон Қобиловнинг айтишича, қабристонларни қўриқлашни аслида маҳаллий ҳокимиятлар амалга ошириши лозим эди.

- Ҳозир бир қатор маҳалларларда аҳоли қабристонларни қўриқлашга киришган. Бироқ бу билан муаммони ҳал этиб бўлмайди. Чунки ҳамманинг ўз тирикчилиги ҳам бор.

Қабристондан жой олиш ва дафн билан боғлиқ бошқа қатор тадбирлар учун аҳоли давлатга пул тўлайди.

Шунинг учун маҳаллий ҳокимиятлар қабристонларни қўриқлашни тартибга солиши лозим, дейди Валижон Қобилов.

Навбатдаги суҳбатдошимизнинг сўзларига кўра, мамлакатдаги қашшоқлик ва ишсизлик айрим шахсларни шариатга зид келадиган ишларга қўл уришга мажбур қилмоқда.

- Наҳотки ота - онаси бор тожик фарзанди шундай жоҳилликкка қўл урса?

Назаримда гап бошқа ерда. Тожикистондаги қашшоқлик одамларни ҳар кўйга солмоқда.

Биринчи навбатда¸ давлатнинг ўз халқи фаровонлигини таъминлай олмаётгани мана шундай жоҳилликлар содир этилишига сабаб бўлмоқда. Чунки республикада рўзғорни тебратишга етадиган даражада ойлик берадиган корхона мавжуд эмас, дейди хўжандлик Хайрулло.

Вилоят дин уламолари шўроси раҳбари Ҳусайн Мусозоданинг айтишича, жамоатчилик жоҳиллар қабрларни очаётгани тўғрисида хабардор бўлгач, қабристонларни қўриқлашга эътибор бермаётган маҳаллий ҳукуматларга нисбатан норозилик кучайган.

- Вакилларимиз маҳаллаларда аҳоли билан суҳбатлашиб, одамларга ваҳимага тушмаслик кераклигини уқтиришди. Жоҳилларнинг қўлга олиниб, жазога тортилишини айтишди. Шундай ҳам бўлди, жоҳилларнинг бир қисми қўлга олинди.

Мана шундай даҳшатли воқеалар такрор бўлмаслиги учун маҳаллий ҳукуматлар қабристонларга штатли, масъулиятли кишиларни тайинлаши керак.

Улар қабристонга келиб кетаётганлардан хабардор бўлишлари шарт, дейди вилоят дин уламолари раҳбари.

Тожикистон ҳуқуқ-тартибот тузилмалари вакилларининг айтишларича, қабрларни очиб¸ жасадларни таҳқирлаш воқеаси сўнгги марта ўтган асрнинг 60-70 йилларида кузатилган эди.
XS
SM
MD
LG