Линклар

Генераллар суд қилинмоқда


20 июл куни суд биноси олдида Туркия армияси¸ хусусан судланаëтган генералларни қўлловчиларнинг кичик норозилик намойиши ҳам бўлиб ўтди.

20 июл куни суд биноси олдида Туркия армияси¸ хусусан судланаëтган генералларни қўлловчиларнинг кичик норозилик намойиши ҳам бўлиб ўтди.

Душанба куни Туркия армиясининг истеъфодаги икки генерали устидан маҳкама жараëни бошланди. Армия генераллари ҳокимият тўнтариши қилишга уринганликда айбланмоқда.

Душанба куни Туркия янги тарихидаги энг шов-шувли маҳкама жараëни бошланди.

54 судланувчи сафига қўшилган икки генерал 60-йиллардан бери Туркияда тўрт марта давлат тўнтариши қилган мамлакат армиясининг ҳозирга қадар жавобгарликка тортилаëтган энг юқори даражали вакилларидир.

Эргенекон тўдаси деб номланган гуруҳга етакчилик қилганликда айбланаëтган иккала генералга мамлакат армиясида хизмат қилаëтган 2003-2004 йилларда давлат тўнтариши қилишга уринган жиноий тўдага бошчилик қилганлик айби қўйилмоқда.

Иккаласи ҳам 60 ëшдан ошган генерал Сенер Эруйгур ва генерал Хуршит Толон¸ уларга қўйилган айблар тасдиғини топса¸ қолган умрини қамоқда ўтказишга маҳкум бўлади.

Генерал Эруйгур Туркия армиясининг жандармерия кучлари қўмондони¸ генерал Толон эса¸ Туркия армиясининг бош қўмондони бўлган.

1909 саҳифалик айблов хулосасига кўра¸ 2007 йил июнида ҳибсга олинган бу иккала генерал¸ армияда хизмат қилаëтгани кезида ҳукмрон Адолат ва тараққиëт партиясига қарши нафрат кампанияси бошлаш режасини тузганлар ва Эргенекон махфий тўдасига мамлакатдаги журналистлар¸ фуқаролик жамияти етакчилари¸ зиëли ва сиëсатчиларни жалб қилганлар.

Айбловга кўра¸ улар олдидаги асосий мақсад¸ машҳур сиëсатчи ва давлат арбобларига мунтазам суиқасдлар уюштириш орқали Туркияни сиëсий хаос домига ташлаб¸ сўнгра ҳукмрон партияни ағдариш бўлган.

Иккала генерал қатори судга тортилганлар орасида исломий ҳукуматнинг кескин танқидчиси сифатида танилган икки машҳур журналист – Мустафо Балбай ва Тунжай Ўзканлар ҳам бор.

Туркия мухолифати ва армияси вакиллари¸ Эргенекон деб ном олган бу шов-шувли жараëнни кескин танқид қилмоқдалар¸ дейди туркиялик сиëсий шарҳловчи¸ профессор Темур Хўжа ўғли.

- Туркиядаги мухолифат партиялари ва бир гуруҳ кишиларнинг фикрича¸ Эргенекон деган ясама бир айб билан аслида ҳозир ҳукумат тепасида бўлган Адолат ва тараққиëт партиясига қарши бўлган кишилар ушланган. Буларнинг ичида генераллар¸ журналистлар¸ сисëсий раҳбарлар бор. Ҳукумат ўзига қарши бўлган гуруҳларни бостириш¸ мухолифатни бостириш¸ мухолифатни тарқатиш мақсадида бундай суд жараëнини қўллаб-қувватламоқда¸ деган тасдиқлашлар бор¸ дейди профессор Темур Хўжа ўғли.

Мамлакат армиясининг истеъфодаги икки генерали ва яна 54 айбланувчи устидан бошланган душанба кунги жараëн¸ Туркиянинг исломий қадриятларга асосланган жорий ҳукумати билан мамлакат дунëвий тузуми ҳимоячилари саналмиш турк армияси ўртасидаги зиддиятнинг янги нуқтага кўтарилиши ифодаси сифатида кўрилмоқда.

Айтилишича¸ қудратли турк армияси етакчилари¸ ҳозирча¸ ўз сафларида ҳукуматга қарши фитна ҳозирлангани ҳақдаги айбловларни қатъиян рад қилишда давом этмоқда.

- Туркия армияси бош штабининг бошлиғи кўп матбуот конференциялари олиб борди ва қўйилаëтган айбларни рад қилди. Улар далил деб кўрсатилган баъзи хатлар¸ армия томонидан тузилгани айтилган баъзи ҳужжатларнинг аслида ясама ҳужжатлар бўлганлиги¸ Туркия армияси ичида бундай бир тўнтариш ташаббуси бўлмаганлиги тўғрисида маълумот берди. Лекин Туркия армияси ҳозирча матбуот орқали хабар беришдан ташқари бошқа нарса қилгани йўқ¸ дейди профессор Темур Хўжа ўғли.

Бундай иддаоларни рад қилаëтган ҳукмрон Адолат ва тараққиëт партияси позициясини ифодаловчи давлат прокурорлари Эргенекон тўдасининг жиноий қилмишларини тасдиқловчи далил-ҳужжатлар сероблиги¸ хусусан тергов жараëнида 200 дан ошиқ қурол-яроқ¸ 420га яқин қўл гранаталари ва учта қўлбола бомба топилганини айтмоқдалар.

Прокурорлар шунигндек душанба куни айни айб бўйича яна 52 кишига жиноий айб қўйилгани ва уларнинг ҳам судга тортилганини маълум қилди.

Туркия сиëсий ҳаëтидаги исломчилар ва дунëвий тузум тарафдорлари ўртасидаги зиддиятни янада чуқурлаштираëтган Эргенекон жараëни¸ туркий халқлар афсонасидан олинган сўз билан боғлиқ¸ дея бу номга ойдинлик киритади профессор Темур Хўжа ўғли.

- Эргенекон дегани аслида қадим замонда турклар икки тоғ ўртасида ўралиб қолганига оид афсона номи. Кейин турклар ўша тоғни эритиб¸ ўзларига йўл қилиб¸ чиқиб кетганлар. Ўша тоғни ëрган жойларига Эргенекон деб ном берганлар. Бу ном туркларнинг дунëга чиқиши тимсоли бўлади¸ дейди генераллар бош бўлгани даъво қилинаëтган тўда номига шарҳ бера туриб профессор Темур Хўжа ўғли.
XS
SM
MD
LG