Линклар

logo-print

"Давлатга фуқаро эмас¸ қуллар керак"

  • Фаррух Юсуфий

Кузатувчиларга кўра¸ фуқаровий жамиятининг рангли инқилоблар жараëнидаги фаоллиги¸ Тошкентни бундай жамиятни бостириш фикрига олиб келган.

Кузатувчиларга кўра¸ фуқаровий жамиятининг рангли инқилоблар жараëнидаги фаоллиги¸ Тошкентни бундай жамиятни бостириш фикрига олиб келган.

Ўзбекистонда яна бир нодавлат ташкилоти тузилди. Аммо давлат бошқарувидаги бундай "нодавлат" гуруҳлари асл фуқаролик жамияти ривожига хизмат қилмайди¸ демоқда кузатувчилар.

Қорақалпоғистонда “Кўнгил нури”деб номланган янги нодавлат ташкилоти таъсис этилди ва у аëлларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш билан шуғулланади¸ дея хабар қилди Марказий Осиë янгиликлари тармоғи.

Бундай хабар Ўзбекистондаги нодавлат ташкилотлари вазияти¸ мамлакатдаги фуқаровий жамияти тарихига назар ташлашга туртки бўлди.

Ўзбекистонда фуқаровий жамият тушунчаси 80-йиллар охирларида, собиқ иттифоқда қайта қуриш ва ошкоралик даври авжига чиққан пайтларда пайдо бўлди. Ўшанда Бирлик халқ ҳаракати Орол муаммоси, миллат саломатлиги, пахта якка ҳокимлиги каби масалаларни кўтариб чиқиб, фуқаровий жамиятни жонлантириш томон биринчи қадам қўйган эди.

Ўзбекистоннинг АҚШ билан алоқалари яқинлашган 90-йиллар охирлари ва 2000-йиллар бошида фуқаровий жамиятнинг мотори ҳисобланмиш нодавлат ташкилотлари билан бирга уларни молия билан таъминлайдиган халқаро ташкилотларнинг сони ҳам кўпайди.

Лекин Грузиядаги “Атиргул инқилоби”, Украинадаги “Зарғалдоқ инқилоби” ва қўшни Қирғизистондаги “Лола инқилоби”да фуқаровий жамиятнинг тутган ўрнини кўрган Тошкент расмийлари нодавлат ташкилотларини кучли босим остига олишга киришди.

Тилга олинган инқилоблардан кўп ўтмай Андижонда рўй берган қонли воқеаларидан кейин эса барча халқаро ташкилотлар Ўзбекистондан ҳайдалиб, маҳаллий нодавлат ташкилотларнинг аксарияти фаолиятини тўхтатгач, Ўзбекистонда фуқаровий жамиятнинг қийин аҳволда қолгани янги гап бўлмай қолди.

Мамлакатда фаолият юритадиган саноқли мустақил ташкилотлардан бири “Ҳозиржавоб гуруҳ”нинг раҳбари Суҳроб Исмоилов, мавжуд вазият фуқаровий жамиятининг деярли йўққа чиқишига олиб келди, дейди.

- Бугунги кунда Ўзбекистонда фуқаролик жамияти йўқ¸ деса ҳам бўлади. Мана шунақа тенденция 2005 йилдан кейин бошланди. Барча халқаро ташкилотлар¸ ривожлантириш дастурлари Ўзбекистондан қувиб юборилгандан кейин ҳукумат фуқаролик жамиятини бошқариб бормаса¸ ундан ўзига¸ ҳозирги шаклдаги ҳукуматга хавф келиши мумкин¸ деган нотўғри тушунча асосида мамлакатда бир неча координал қарорлар қабул қилинди.

Мана шу қарорлардан биттаси¸ мана Ўзбекистон нодавлат ва нотижорат ташкилотлар ассоциацияси тузилди. Ўша пайтдаги мавжуд нодавлат ташкилотларнинг кўпчилиги бу ассоциацияга мажбуран киритилди. Бу ассоциацияга киришни истамаган ташкилотлар ëпилди ëки босим асосида ўзлари ëпиш тўғрисида ариза беришди¸ дейди Суҳроб Исмоилов.

Россиядаги Москва Ҳелсинки гуруҳининг раиси Людмила Алексеева, Тошкент расмийларининг фуқаровий жамиятини қаттиқ назоратга олиш ҳаракатларини Кремл кўраётган чораларга қиёслайди. Лекин, дейди таниқли ҳуқуқ фаоли, Россияда фуқаровий жамиятини сиқувга олиш¸ аксинча¸ унинг сифатини ошираётган бўлса, Ўзбекистондагидек мутлақ авторитар тузум шароитида расмийлар кўраётган чоралар уни таназзул ёқасига олиб келди.

- Биласизми, Ўзбекистон жуда қийин аҳволда қолди. Чунки у ерда фуқаровий жамияти 80-йиллар охири, 90-йиллар бошларида ривожлана бошлаганди. Бунга ўша пайтларда машҳур Бирлик ҳаракати, аёллар жамоатчилик ташкилотлари ва бошқаларни мисол қилса бўлади. Лекин афсуски, бу ҳаракатлар тезда бостирилиб, жамоатчилик ташкилотлари ўз етакчиларидан маҳрум этилди. Кўплари қамалди ё мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди. Ўзи ўшандаёқ вазият қийнлашган эди. Лекин кейинги йилларда расмийлар уюштирган репрессив чоралар вазиятни янада ёмонлаштирди ва ҳозирда Ўзбекистонда мустақил жамоатчилик ташкилотлар қолди, дейиш қийин, дейди Людмила Алексеева.

Ўзбекистон расмийларининг фуқаровий жамиятини назорат қилиш чоралари сирасидан мустақил нодавлат ташкилотларига муқобил бўлган “бўйсунувчи” нодавлат ташкилотларини ташкил этишини мисол қилса бўлади.

Яна “Ҳозиржавоб гуруҳ” раҳбари Суҳроб Исмоилов гапиради.

- 2008 йил бошида Ўзбекистон парламенти қошида нодавлат ва нотижорат ташкилотларини молиялаштириш учун ижтимоий фонд тузилди. Гўëки мана шу фондга ҳар йили давлатнинг тўрт фоиз пули ажратиларкан. Ўзбекистонда фаолият кўрсатаëтган нотижорат ва нодавлат ташкилотлари ўзларининг лойиҳалари билан мана шу фондга мурожаат қилганларида¸ фонд қошида тузилган давлат мансабдорларидан иборат махсус комиссия қайси нодавлат ташкилотларнинг қайси лойиҳа устида ишлашлари мумкин ëки мумкин эмаслигини ҳал қилар экан.

Хуллас¸ охирги пайтда қабул қилинган бир неча қарорлар шуни кўрсатаяптики¸ Ўзбекистонда ҳозирги пайтда мақсадли равишда давлат томонидан нотижорат ва нодавлат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятлари шакллантиралаяпти ва бу ташкилотлар тўлиқ давлат назорати остида ўз фаолиятларини юритиши керак¸ дейди Суҳроб Исмоилов.

Одатда “квази-нодавлат ташкилотлари”, деб аталадиган бундай тузилмаларга “Сен етим эмассан”, “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми”, “Соғлом авлод учун”, яқинда Қорақалпоғистонда ташкил қилинган “Кўнгил нури” ва умуман Ўзбекистонда рўйхатга олинган нодавлат ташкилотларининг барчасини мисол қилса бўлади, дейди суҳбатдошимиз.

Хўш, мустақил ташкилотларнинг барчаси ёпилган бўлса, ҳеч бўлмаганда, давлатга бўйсунувчи ташкилотларнинг бўлгани ҳам фуқаровий жамияти учун фойдали эмасми?

Шахси ошкор қилинмаслиги шарти билан гаплашган ўзбекистонлик мутахассислардан бири 90-йиллар бошларида Ўзбекистон ҳукумати ҳомийлигида тузилган Тадбиркор аёллар уюшмасининг Қўқон бўлими мустақил фаолиятга ўтганини мисол қилиб, бу фойдадан холи эмас, деган фикрларни айтди.

Москва Ҳелсинки гуруҳининг раиси Людмила Алексеева бўйсунувчи жамоат ташкилотларининг фуқаровий жамиятидаги ўрнига собиқ яшаб қолишида ҳал этувчи ролни ўйнамайди.

- Комсомол ҳам “квази-жамоат ташкилоти” бўлган. Лекин у оммавий ва узоқ муддат ривожланган ташклот бўлгани учун унинг ичида фаол ҳаракат қилишга уринган ўзгача фикрловчи гуруҳлар пайдо бўлганини биламиз. Барибир бу фуқаровий жамияти ривожланишининг манфур ва ярамас кўринишидир. Токи, реал фуқаровий эркинликлар бўлмас экан, фуқаролар камситилаверади ва улар фуқаро эмас, ўз давлатининг қуллари бўлиб қолаверади, дейди Москва Ҳелсинки гуруҳининг раиси Людмила Алексеева.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG