Линклар

Ўзбеклар яна дефолиация қилинмоқда

  • Сарвар Усмон

Фермерларга кўра¸ пахта очилишини тезлатиш ва теримни осонлаштириш мақсадида Ўзбекистон пахта далаларига заҳарли химикатлар пуркаш йилдан-йилга ошиб бормоқда.

Фермерларга кўра¸ пахта очилишини тезлатиш ва теримни осонлаштириш мақсадида Ўзбекистон пахта далаларига заҳарли химикатлар пуркаш йилдан-йилга ошиб бормоқда.

Ўзбекистонда ҳадемай пахта очилади. Уни териб олиш қулайроқ бўлсин учун ғўза барги химикатлар ёрдамида тўкилади. Айтилишича¸ пахтазорларга заҳарли дорилар пуркалишини¸ бевосита прокурорлар назорат қилмоқда.

Дефолиантларнинг инсон саломатлигига зарари "Қайта қуриш" даври публицистикасининг бош мавзуларидан бири бўлган эди.

Ўша даврдаги баҳс-мунозаралар самараси ўлароқ, маълумотларга қараганда, мустақилликнинг дастлабки йилларида дефолиантларни самолётлардан сепишга чек қўйилган эди.

Ўзбекистонлик баъзи кузатувчиларга кўра, кейинги йилларда дефолиантлар нафақат ҳаводан сепилмоқда, балки дори сепиладиган майдонлар йилдан-йилга кенгайиб бормоқда.

Ўзини Алижон ака, деб таништирган қашқадарёлик фермер билан гаплашдик.

Озодлик: Кейинги йилларда дефолиантдан фойдаланиш кўпайдими ëки озайдими?

Алижон ака: Дефолиантдан фойдаланиш тўлиқ. Иложи йўқ. Кўпайди.

Озодлик: Тўлиқ, деганингизни қандай тушунамиз? Пахта майдонлари .ëппасига дефоляция қилинадими?

Алижон ака: Ҳа¸ бошқа иложи йўқ. Шундай қилмаса¸ барг тўкмаса¸ кўсаклар очилмай қолаяптида. Ҳар қайси фермер ҳаммасини дефоляция қилмасдан иложи йўқ.

Озодлик: Тракторда қилинадими ëки самолëтда қилинадими?

Алижон ака: Тракторда.

Озодлик: Самолëтдан фойдаланиш йўқми ҳозир?

Алижон ака: Йўқ. Бировда уч гектар¸ бировда 10 гектар. Самолëтга илинадиган майдон йўқ.

Озодлик: Дефоляция қилиш қилмаслик деҳқоннинг ўзининг ихтиëридами ëки буйруқ билан қилинадими?

- Буйруқ келади. Пахта очилмаса¸ “Пахтани очилтир” деб буйруқ келади¸ дейди ўзини Алижон ака, деб таништирган қашқадарёлик фермер.

Сирдарёда, ўша ерлик Абдужалилнинг айтишича, дефолиантларни сепишда самолётлардан ҳам фойдаланмоқдалар.

- Кўп жойларда трактор билан сепилади. Кучи етмайдиган жойларга кичкина самолëт қўяяпти¸ дейди сирдарëлик Абдужалил.

Атроф-муҳит ҳимояси билан шуғулланувчи давлат идораси ходими, исмини айтмаслик шарти билан гапирган мутахассиснинг айтишича, дефолиация қилинадиган майдонлар кейинги йилларда Совет давридагидан икки марта кўпайтирилган.

- СССР даврида дефоляция самолëт билан 35-40 фоиз майдонга қилинар эди. Мустақилликдан кейин самолëт билан дорилаш ишлари махсус қарор билан ман қилинди. Лекин дефоляция қилинадиган майдонлар илгаригига нисбатан 80 фоизгача олиб борилди.

Озодлик: Совет даврида 40 фоиз дедингиз-а?

- Умумий пахта майдонининг 35-40 фоизни қилишарди. Ҳозир 70 фоизни президент қарори билан қилишаяпти. Ўтган йил “70 фоиз майдонни дефоляция қиласан” деб 940 сонли қарор чиқарди¸ дейди хоразмлик мутахассис.

Ғўза баргини тўктириш учун ишлатиладиган дорининг инсон саломатлигига зарари тўғрисида "Қайта қуриш" даврида юзлаб мақолалар ёзилган.

Бу мавзу бадиий адабиётда ҳам тилга олинган эди. Шукур Холмирзаевнинг дефолиант бангиси бўлиб қолган йигит тўғрисидаги ҳикояси эсингиздадир.

Дорининг яна бир қурбони тўғрисида яна бир мўъжазгина ҳикоя.

- Мен қўшни колхоздан биттасини танийман. Шу самолëтда қоровул бўлиб юрарди. Умуман умр бўйи ногирон бўлиб¸ ишга ярамайдиган бўлиб ўтдида. У олдин самолëтни заправка қилиб юрганда¸ дейди бир тингловчимиз.

Академик Бек Тошмуҳамедовнинг айтишича, дефолиантлар, агар хавфсизлик техникаси қоидаларига риоя қилинмаса, одамнинг нафас йўлларида касаллик пайдо қилиши, асаб ситемасига таъсир қилиши мумкин.

Қайта қуриш даврида нафақат дефолиантнинг зарари тўғрисида, балки маъмурий-буйруқбозлик усулининг зарари тўғрисида ҳам кўп ва хўб ёзгандилар.

Кейинги йилларда дефолиантдан фойдаланиш кўпайганидай, ўша бошқарув усули ҳам кучайган.

Яна хоразмлик мутахассис гапиради.

- Ўтган йил бизда сув бўлмади. Пахталар ярим метр ҳам ўса олмади. Ëз бўйи Тошкентдан прокурорлар келиб¸ барча туманнинг пахта далаларида десантга ўхшаб юриб¸ ҳар бир гектарни мажбуран дефоляция қилдирди. Бир килограмм дефолиант 128 минг сўм туради. Бир килограмм дефолиант қарийб 10 гектарга етади. Лекин убитка бўлиб чиқди. Нимага деганда сувсизликдан пахтанинг ўзи очила бошлади. 100 фоиз пахтаси очилган майдонларга ҳам прокурорлар мажбуран дефоляция қилдиришди. Мен шунинг гувоҳиман¸ дейди хоразмлик мутахассис.

Хоразмлик мутахассиснинг айтишича, дефолиантни машина терадиган майдонларга сепишларини тушуниш мумкин, лекин юқоридан туширилган режани бажариш учун, қўлда териладиган далаларга ҳам ёки ҳозиргина ўзи айтганидай, мутлақо дорига эҳтиёж йўқ далаларга ҳам септирмоқдалар.

Пахта бор экан, афтидан, дефолиантлар муаммоси ҳам у билан бирга қолаверади.

Дефолиант ишлатмасликинг ҳозирча иложи йўқ экан, балки унинг зарарини камайтиришнинг иложи бордир?

Академик Бек Тошмуҳамедовнинг фикрича, иложи бор. Фақат бунинг учун хавфсизлик техникаси талабларига тўла риоя қилиш, дефолиантларнинг зарарсизроқларидан фойдаланиш керак.

Хоразмлик мутахассис дефолиантларни назарда тутар экан, бундай деди:

- Уни ишлатиш инструкцияси бўйича ишлатиш керак¸ ишлатиш муддатини белгилаш керак. Ишлангандан кейин эртаси куни пахта теришга тушиб кетаверадида. Чунки фермер унинг муддатини билмайдида. Унинг ахир муддати бор. Қонунда ҳеч бўлмаса 6-7-10 кун ишлатмаслик керак. 10 кун пахтанинг ичига одам кирмаслиги керак. Лекин бу ëқда план бор. Булар кунлик план сўраяпти¸ дейди хоразмлик мутахассис.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG