Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:20

Сангтўда орзуси саробга айланиши мумкин


2008 йил қишида ишга туширилган Сангтўда-1 ГЭСи яқин орада тожиклар умидини оқлайдиган кўринмайди.
2008 йил қишида ишга туширилган Сангтўда-1 ГЭСи яқин орада тожиклар умидини оқлайдиган кўринмайди.

Тожикистонни электр қувватига қарамликдан қутқариши кутилган Сангтўда-1 ГЭСининг Россиядаги эгалари¸ бу энергияни тожикларга эмас¸ хорижга сотишни режаламоқдалар.

Айни пайтда Сангтўда-1 ГЭСи акциясининг 75 фоизига эга бўлган Россия ҳукумати мазкур иншоотда ишлаб чиқарилган электр энергиясини Афғонистон ва Покистонга экспорт қилишни режалаб турибди.

Сангтўда-1 ГЭСининг очилиш маросимида қатнашиш учун Душанбега келиши кутилаётган Россия давлат раҳбари Дмитрий Медведевнинг Тожикистонда Афғонистон ва Покистон президентлари билан учрашиб, Сангтўда-1 ГЭСи ишлаб чиқарадиган электр қуввати экспортига доир шартномани имзолаши айтилмоқда.

Россияликларнинг бу режаси йўқ ердан пайдо бўлиб қолгани йўқ.

Бундан бир ой аввал Сангтўда-1 ГЭСида қурилиш тўхтатилиб, 1500 дан зиёд қурувчи иш ташлаш эълон қилган эди.

Бунга мазкур иншоот ишлаб чиқарган электр энергиясидан фойдаланган Тожикистон томонининг Сангтўда-1 ГЭСи очиқ ҳиссадорлик жамиятидан 18 миллион доллар қарздор бўлиб қолиши сабаб бўлган эди.

Маълум бўлишича, Тожикистон томони ҳозирга қадар бу қарзини узолган эмас.

Соҳа бўйича таҳлилчи Давлат Усмон Россия Тожикистон қарзини ундириш мақсадида ҳам Афғонистон ва Покистонга электр энергияси экспорт қилмоқчи эканини айтади.

- Руслар бунинг учун юридик ҳуқуққа эгалар. Чунки ГЭС акциясининг асосий қисми улар ихтиёрида. Улар истаган вақтда буни амалга ошира оладилар, дейди таҳлилчи.

“Истак ўз йўлига, аммо бунинг учун Тожикистонда имконият борми?” сўраймиз таҳлилчидан.

- Тожикистонда ишлаб чиқариладиган электр энергиясини ташқарига экспорт қилиш учун ягона йўл бу Ўзбекистон электр узатиш тармоқлари. У ҳам бўлса Афғонистоннинг Қундузигача. Аммо бу ерда “бунга Ўзбекистон розилик берадими-йўқми?” деган савол пайдо бўлади. Чунки ташқи бозор топиш масаласи ҳар мамлакат учун ўта муҳим масала саналади. Менимча, Ўзбекистон бу масалада ўз ўрнини русларга бўшатиб беришдан манфаатдор эмас, дейди Давлат Усмон.

Минтақада энергетика мустақиллигини қўлга киритиш мақсадида қатор ГЭСлар қураётган Тожикистонда ташқи бозорга тўппадан-тўғри электр сотиш имкони йўқлигини бу мамлакат Энергетика ва саноат вазирлиги ҳам яширмайди.

- Сангтўда-1 ГЭСи руслар ёрдамида қурилди. Улар бу иншоотдан тўла фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлганлари билан бугунги шароитда Афғонистон ва Покистонга электр сотиш имкони йўқ. Негаки биз юқори кучланишли электр узатиш тармоқларига эга эмасмиз. Бунга доир лойиҳаларимиз ҳозирда ҳам лойиҳалигича қолмоқда.

Россия президентининг Душанбега сафари чоғида ана шу лойиҳаларни амалга ошириш масаласининг ҳам кўриб чиқилиши кутилмоқда, дейди Тожикистон Энергетика ва саноат вазири ўринбосари Маҳмадшариф Ҳақдодов.

Сангтўда-1 ГЭСи Россия ва Тожикистон энергетиклари томонидан ташкил этилган қўшма корхона – очиқ ҳиссадорлик жамияти томонидан қурилди. Йилига 670 мВт электр қуввати ишлаб чиқариши кутилаётган Сангтўда-1 ГЭСи пойдеворининг биринчи ғишти ўтган асрнинг 80-йилларида қўйилган эди.

Аммо қурилиш ишлари 20 фоизга бажарилган мазкур иншоотда ишлар фуқаролик уруши йилларидан сал аввалроқ тўхтатиб қўйилган эди.

2004 йил Тожикистон ва Россия ўртасида энергетика соҳасидаги ҳамкорликка доир имзоланган шартномага мувофиқ “ИНТЕР РАО ЕЭС” ширкати ГЭС қурилишини давом эттиришини эълон қилди.

2005 йил февралида Тожикистон Энергетика ва саноат вазирлиги билан “Интер РАО ЕЭС” ёпиқ акциядорлик жамияти ўртасида “Сангтўда-1 ГЭСи” очиқ ҳиссадорлик жамиятини тузиш борасида икки ёқлама шартнома имзоланди. Мазкур гидроэнергетик иншоот акциясининг 75 фоизи русларга ва 25 фоизи эса тожикларга тегадиган бўлди. Шундан сўнг иншоот қурилиши давом эттирилди.

2008 йилнинг 17 январида Сангтўда-1 нинг дастлабки агрегати ишга туширилди. Йил давомида ГЭСнинг иккинчи ва учинчи агрегатлари ҳам ишга тушди.

Россия собиқ президенти Владимир Путин ҳам, амалдаги президенти Медведев ҳам Душанбега расмий сафари чоғида ўз давлати Тожикистоннинг энергетика мустақиллигини қўлга киритиш учун қўлидан келгунча улушини қўшажагини ваъда қилган эдилар.

Ўз навбатида, Тожикистон давлат раҳбари Имомали Раҳмон ҳам, агар Сангтўда-1 ГЭСи қуриб ишга туширилса, куз ва қиш мавсумида электр муаммоси бўлмаслигини халқига ваъда бериб келади.

Аммо Россиянинг мазкур иншоот электрини афғонлар ва покистонликларга сотишига доир режаси аввалги йилларда қиш мавсумини иссиқлик ва ёруғликсиз ўтказган тожикистонликларга таъсир этмай қолмади.

Мустақил таҳлилчи Ғуломиддин Сайфиддинов, агар русларнинг режаси амалга ошса, олдинда турган куз ва қишнинг тожикистонликлар учун қийин кечиши яна тайин эканини таъкидлайди.
XS
SM
MD
LG