Линклар

Ўзбек расмийлари босқинчиликда айбланди

  • Шерзод

Шу йил апрел ойида ўзбек расмийларининг Чек қишлоғида истиқомат қилувчи қирғизистонликлар уйида тинтув ўтказиши мазкур қишлоқ аҳлининг норозилигига сабаб бўлганди.

Шу йил апрел ойида ўзбек расмийларининг Чек қишлоғида истиқомат қилувчи қирғизистонликлар уйида тинтув ўтказиши мазкур қишлоқ аҳлининг норозилигига сабаб бўлганди.

Бундай айбни Қирғизистон президентлигига номзод Тўқтайим Уметалиева икки қўшни давлат ўртасида баҳсга сабаб бўлаëтган Чек қишлоғи ҳақда гапира туриб ўртага қўйди.

Қирғизистон президентлигига номзод Тўқтайим Уметалиева Қирғизистонга тегишли Чек қишлоғини Ўзбекистон босиб олган, деб ҳисоблайди. 2009 йилнинг 21 июл куни Бишкекда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Уметалиева шундай баëнот қилди.

Тўқтайим Уметалиевага кўра, куни кеча у мамлакат жанубидаги Ўзбекистон билан чегарадош мазкур ҳудудларда истиқомат қилувчи ўз сайловчилари билан учрашиб қайтди.

Унинг айтишича, у ўз сафари чоғида Жалолобод вилоятининг Андижон билан чегарадош Чек қишлоғига борганида маҳаллий аҳоли қирғиз ерлари Ўзбекистон томонидан ўзлаштириб олингани юзасидан норозилик билдирган.

- Мен йиғлаётган оқсоқолларни, аёлларни кўрдим. Улар: “Агар бу ерлар бировники бўлса, биз бу ерларда қололмаймиз. Ёрдам беринг, бизнинг муаммони ҳал қилиб беришсин. Биз ҳеч нарса талаб қилмаймиз, фақат бизнинг ҳукумат нега бизни ҳимоя қилмаётганини тушунтириб беринг”, дейишди.

Бу ҳудудда истиқомат қилувчи аҳоли орасида Ўзбекистон фуқаролари кўп, Қирғизистон фуқаролари оз бўлгани учун қишлоқ қўшни мамлакатга ўтиб кетибди.

Мен бундай сиёсат бўлмаслиги керак, деб ҳисоблайман. Фуқароларимиз гаровдаги одамлардек яшаётган пайтда биз қандай қилиб бемалол сайлов ўтказишимиз ва мамлакатимизда вазият барқарор, дея олишимиз мумкин?

Мен бу ҳолни суверен давлат ҳудудига бостириб кириш ва босиб олиш сифатида баҳолайман, деди Тўқтайим Уметалиева.

Унга кўра, бугунги кунда Марказий Осиё мамлакатларининг ўзаро муносабатларида кескинлашув кузатилмоқда. Шу сабабли бу давлатлар, биринчидан, делимитация масаласини ҳал қилиб олишлари керак, иккинчидан, ўзаро шартномаларга амал қилишлари лозим¸ деган ишончда Қирғизистон президентлигига номзодлар бири бўлган Уметалиева.

- Агарда Ўзбекистон ўз чегараларини қандайдир технологиялар асосида беркитаётган бўлса, у қўшниларига нима учун чегараларни беркитаётганини ва бундан кейин қўшнилар билан қайси принциплар асосида муносабат ўрнатмоқчи эканини тушунтириб бериши керак.

Ўзбекистон халқи бизнинг дўстимиз. Ва улар билан дўстона сиёсий муносабатни сақлаймиз. Бироқ чегара масаласида давлат суверенитетини сақлаш сиёсатидан оғишмаслик керак, деди Тўқтайим Уметалиева

Бироқ жалолободлик ҳуқуқ ҳимоячиси Абдумалик Шарипов қирғиз сиёсатчиларининг чегара масаласини ҳал қилиш кераклиги борасида айтаётган сўзлари оғзаки баёнотдан нарига ўтмаётгани, амалда ҳеч қандай ўзгариш бўлмаётганини айтади:

- Чегара масалаларини ҳал қилишда ҳукумат томонидан кўрилаётган чоралар тўғрисида ҳеч қандай маълумот йўқ. Парламент депутатлари ёки мухолифатчиларнинг сайловолди учрашувларида бу масала кўтарилади. Бу масалани кўтарган ҳар бир одам ўзининг сиёсий манфаатларини кўзлаб бу ишни қилади. Бироқ амалда ҳеч қандай натижа бўлмайди, деди Абдумалик Шарипов.

Озодлик радиоси ўз вақтида маълум қилганидек, шу йилнинг 19 апрел куни Ўзбекистоннинг Андижон вилояти Пахтаобод туман ҳокимлиги билан ўзбек хавфсизлик хизмати ходимлари Чек қишлоғида истиқомат қилувчи қирғизистонликларнинг уйларида текширув ўтказган эди.

Тадбирда иштирок этган Пахтакор туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Мирзаолим Аҳмаджонов Озодлик мухбири билан 24 апрел куни қилган телефон орқали суҳбатида Чек қишлоғи Ўзбекистонга қарашли эканини, қирғизистонликлар Ўзбекистон ҳудудида ноқонуний яшаётганини айтган эди.

Чек қишлоғида қирғизистонлик фуқаролардан иборат 27 оила ва ўзбекистонлик фуқаролардан иборат 41 та оила истиқомат қилади.
XS
SM
MD
LG