Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:41

Эркин микрофон


Озодликнинг эркин микрофонига гапирмоқчи бўлсангиз¸ +420 602 612 713 рақамига қўнғироқ қилинг ëки SMS йўлланг.
Озодликнинг эркин микрофонига гапирмоқчи бўлсангиз¸ +420 602 612 713 рақамига қўнғироқ қилинг ëки SMS йўлланг.

Озодликка тингловчи ва муштарийлардан бўлаëтган қўнғироқлар асносидаги суҳбатларда яна ўзбекларнинг Ўзбекистондаги вазият хусусидаги ташвишлари ўз аксини топди.

Бухоролик фермер Мурод ака бугунги кунда Ўзбекистон ҳукумати томонидан ўзбек деҳконига нисбатан эътиборсизлик ва ҳурматсизлик бўлаётганини айтади.

- Деҳқонларнинг аҳволи жуда ҳам аянчли. Экиш пайтида ҳеч ким сўрамайди¸ ўрим пайтида милициялар билан келиб донни талаб қилади. Пахта очилган пайтда мажлисларда сўкиб¸ керак бўлса уриб¸ шахсиятига тегишади. Лекин муаммо бўлганда¸ ëқилғи билан боғлиқ муаммолар бўлганда ҳеч ким кўмаклашмайди. Пахта очилгандан кейин мажлисларга чақириб¸ кеч соат 02.00-03.00 гача сўкади. Деҳқонларга нисбатан муомала жуда ҳам аянчли¸ дейди бухоролик фермер Мурод ака.

Мурод акага кўра, Ўзбекистонда оддий ўзбекнинг дардини тинглайдиган, уни ҳимоя қилувчи бирорта ташкилот мавжуд эмас.

- Биз СССР даврида 70 йил қотиб қолган ҳудудмиз. Ундан кейин мустақил бўлдик. Мустақилликдан кейинги ҳозирги мавжуд тузум айнан ўшанинг эгизаги. СССР нинг андазасини олган. Айнан ўша нарсани давом эттираяпти. Яна қанча кутиш мумкин?

Биласизми¸ ҳозир оддий халқнинг аҳволи жуда ҳам аянчли. Керакли пайтда ўзининг ҳуқуқини ҳимоя қила олмайди. Ҳақ-ҳуқуқини талаб қилган тақдирда ҳукумат органлари¸ халқ ҳимоячисиман деган ташкилотлар¸ милиция ходимлари уларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилмайди. Адлияси ҳам¸ прокурори ҳам¸ ҳокимияти ҳам халқ ҳимоячиси бўлиши керак. Бу соҳалар ҳозирги режимни эртадан кечгача ҳимоя қиладиган соҳа. Оддий халқ четга чиқиб қолган¸ дейди Мурод ака.

Айни пайтда Москвада мардикорлик қилаётган хоразмлик Матназар ака Ўзбекистон маҳаллий матбуоти ҳақиқатни ёритмаслигидан куюниб гапиради.

- Ўзбекистон ҳақида гапирсак¸ ҳамма томонда ëлғон-яшиқ гаплар. Телевизорни кўрсангиз¸ мақтанишлар. Фақат президентни мақташ. Халқнинг аҳволини ўйлайдиган битта журналист йўқ. Халқнинг ярми Қозоғистонда¸ Россияда. Мана шулар ҳақида айта оладиган¸ умуман ҳақиқатни айта оладиган журналист Ўзбекистонда борми¸ йўқми? Ўзбекистон матбуотига¸ телевидениесига қарасангиз¸ кераксиз гаплар¸ йўқ гаплар. Халқнинг аҳволи оғир¸ дейди Москвада мардикорлик қилаётган хоразмлик Матназар ака.

Сочида меҳнат қилаётган қашқадарёлик Отабек Тошпўлатовни Россиядан ҳайдаб чиқарилаётган ўзбек мардикорларининг тақдири ташвишга солаяпти.

- Кеча эшитган хабаримизга қараганда¸ Москвада ишлаëтган ўзбек ëки бошқа четдан келганларнинг хизматини чеклаб¸ уже қайтаришга ҳаракат қилишаяпти экан. Мана ҳозир Россиядан одамлар қайтарилаяпти деяпмиз. Ҳозир яхши. Яхши топаяпмиз¸ тирикчилигимиз яхши ўтаяпти¸ болалар яхши ҳаëт кечираяпти. У ëқда топиш-тутишимиз бунчалик бўлмаса¸ Ўзбекистон бизга ўхшаган кучга тўлган йигитларни иш билан таъминлаб¸ керагича ҳақ бера олармикан¸ шунга ҳаракат бормикан ëки йўқми – шуни билмоқчи эдик.

У ëққа бориб ҳам биз нима қилардик. Қўлдан келадиганни қурилиш. Бу ерда ҳам қурилишлар кўп бўлаяпти. Иш топса бўладику¸ лекин иш ҳақи чегараланган барибир. Ҳамма қурилишларда юравермасин. Бизнинг Ўзбекистон ҳам ишхоналар¸ корхоналар очиб¸ иш билан таъминлашнинг ҳаракатини қилаяптими ëки йўқми – шуни билмоқчимиз холос¸ дейди Сочида меҳнат қилаётган қашқадарёлик Отабек Тошпўлатов.

Бешариқлик Расул акани эса ўзбек-тожик чегарасидаги муаммолар хавотирга қўяяпти.

- Эшитишим бўйича¸ чегара тамоман ëпилипти. Майли чегарани беркитсин¸ лекин дарвозани очиб бўлмайдими? Андархон билан Патар постининг дарвозасининг у томонида тожик аскарлари¸ бу томонида ўзбек аскарлари турибдику. Террористлар шу ердан ўтиб кета олмаса керак.

Минглаб одамлар Конибодомга бориб¸ бир ҳафтада тўрт танга ишлаб келаяптику. Ўзимизнинг Бешариқда иш бўлмаганидан бошқа жойга бораяпти йигитлар. Бора олмайдиганлар Конибодомга бориб тўрт танга ишлаб келишаëтган эди. Ҳозир шу ҳам бекилипти. Ҳеч бўлмаса дарвозани очиб¸ қўни-қўшничилик қилиб турса бўлмайдими¸ дейди бешариқлик Расул ака.

Тожикистоннинг Қабадиён туманида яшовчи Фахриддин Муродов Озодлик радиосининг доимий мухлисларидан бири эканини айтиб, ўзи яшаётган қишлоқ муаммоларига тўхталади.

- Қабадиëннинг йўллари ëмон¸ йўлга эътибор йўқда. Йўллар борасида ҳокимиятларга мурожаат қилдик. Ҳеч фойда йўқ. Ҳалигача эски аҳвол. Ўзгариш йўқ. Асосий муаммо йўл муаммоси. Машинани 30-40 дан ошириб бўлмайди. Чуқур кўпда¸ дейди Тожикистоннинг Қабадиён туманида яшовчи Фахриддин Муродов.

Чимкент аэропортида борт механик бўлиб ишловчи қозоғистонлик Темур Анорбоев ҳам Озодлик мухлисларидан бири.

Темур Анорбоев Озодлик радиоси хорижий ўзбекларни Ўзбекистон билан боғлаб турувчи рамзий кўприк эканлигини айтади.

Темур Анорбоев: Радиони ҳар доим қизиқиб эшитаман. Бу ерда ўтириб¸ ëнимиздаги Тошкентда нима бўлганидан ҳеч хабаримиз йўқ. Худди бошқа планетадай хабар йўқ. Сизларнинг радиодан ҳаммасини эшитиб биламиз.

Озодлик: Демак¸ Чимкентдаги ўзбекларни Ўзбекистондаги ўзбекларнинг ҳаëти қизиқтиради?

- Албатта. Қариндош-уруғларимиз¸ жиянлар¸ аммалар бор. Ҳаммаси шу ëқда¸ дейди Темур Анорбоев

Озодликка бўлаётган кундалик телефон қўнғироқларининг айримларинигина эътиборингизга ҳавола қилдик.

Марҳамат, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!
XS
SM
MD
LG