Линклар

Донаси 50 сўмлик заҳар

  • Сарвар Усмон

Дунë бўйлаб жамоат жойларида чекишни таъқиқлаган давлатлар сони ошиб бораëтган бир кезда¸ Ўзбекистоннинг бу оқимга қўшилиш режаси йўқдек.

Дунë бўйлаб жамоат жойларида чекишни таъқиқлаган давлатлар сони ошиб бораëтган бир кезда¸ Ўзбекистоннинг бу оқимга қўшилиш режаси йўқдек.

Ню Йорк¸ Париж¸ Берлин¸ энди Истанбул. Тошкент ëки ўзбекнинг бошқа шаҳарлари ҳам бир кун келиб бу сафга қўшилармикин? Гап жамоат жойларида чекишни таъқиқлаган шаҳарлар рўйхати ҳақда бормоқда.

Жамоат жойларида тамаки чекишни қонун билан тақиқлаб қўйган давлатлар яна биттага кўпайди.

Куни кеча Туркияда кучга кирган янги қонунга биноан ошхона ва ресторанларда, кинотеатр ва транспортда – умуман жамоат жойларида тамаки чекиш тақиқлаб қўйилди.

Мазкур қонунни биринчи бузганларга 50 доллар миқдорида жарима солинади.

Хўш, Ўзбекистонда ҳам шундай қонун қабул қилишга тайёргарлик борми?

Риштонлик Баҳодиржонни суҳбатга тортиб, унга дабдурустдан мана бу саволни бердим:

Озодлик: Ўзбекистонда ҳозирча бунақа қонун йўқ. Агар шунақа қонуннинг матнини ëзишни сизга топширишса¸ сиз ишни нимадан бошлардингиз?

- Буни мендан сўраманг жон ака. Биз энди чекувчи халқ. Тўғрисини айтаман¸ айб иш қиламизку¸ бу айб эмас хатою¸ энди билмадим. Бир томондан сигарет ва тамаки маҳсулотининг экономикага фойдасини ҳам ўйлаб кўриш керак¸ дейди Баҳодиржон.

Ана шунақа, чекувчидан сўрасангиз, тамаки сотишнинг, ичувчидан сўрасангиз, ароқ сотишнинг иқтисодиётга фойдасидан гап очади.

Бу – чекишнинг фойдаси тўғрисида “ватанпарвар” кашандалар келтирадиган важ.

Баҳодиржон хафа бўлмасин. Каминаям унинг қавмидан.

Гулистондаги телефонлардан бирини терган эдим, гўшакни кўтарган йигит ҳам эндигина тутатган экан:

Озодлик: Чекувчилик стажингиз қанча?

- 25 йил бор.

Озодлик: Нима учун чекасиз?

- Дардманд бўлганмиз¸ касал бўлганмиз. Унутиш учун чекканман.

Озодлик: Касални унутиш учун сигарет чекканмисиз?

- Ҳа¸ шундай. Ҳозирги вақтда нос чекаман.

Озодлик: Касални унутишингизга ëрдам бердими?

- Одам сал бўлса ҳам унутадида. Бояги нарсалар эсдан чиқади¸ дейди гулистонлик йигит.

Гулистонлик йигит кашандалар одатда тилга оладиган иккинчи важни айтди.

Ки, тамакию нос дардни енгиллатади, юракнинг чигилини ёзади.

Чекувчилар келтирган иккала важда жон бор-йўқлигини ва Ўзбекистонда ҳам Туркиядагидай қонун қабул қилишга тайёргарлик бор-йўқлиги сўраш учун давлат идораларига телефон қилдик.

Саломатлик институтининг ўзини таништирмаган ходими “Бу масалалар билан Кардиология институти шуғулланса керак”, деди.

Кардиология институтига қўнғироқ қилиб, квартирага тушиб қолдик.

Тамаки хумори тутиб турган эканми, урушиб берди.

Шундан сўнг Ўзбекистонда экологик масалалар билан шуғулланувчи йирик нодавлат ташкилотларидан бирининг бошқаруви раиси билан боғландик.

“Э, ўртоқ, - деди раис, - тўғриси, бу ҳақда ўйлаб кўрмаган эканман, ўзим ҳам 25 йилдан бери чекаман, мана Сиз айтдингиз, энди ўйлаб кўрамиз”, деди.

Фақат “Ўзбат” тамаки фабрикаси ходимининг айтганлари кўнгилга таскин бергандай бўлди. Унинг айтишича, тамаки қутиларига катта-катта қилиб “Чекма, ўласан!” деб ёзиб қўйишаяпти экан.

Албатта, айнан “Чекма, ўласан!” эмас, лекин маъноси шу.

Туркияда тамаки чекиш хотин-қизлар орасида ҳам кенг тарқалган. Бу ҳодисанинг тарихий сабаблари борки, қизиққанлар ўзи ўрганиб билар.

Ўзбек хотин-қизлари, айниқса вилоятлардаги аёллар учун сигарета табудир.

Шаҳрисабзлик Омина опадан сўрадик.

Озодлик: Сиз чекасизми чекмайсизми?

Омина опа: Йўғе¸ чекмайман.

Озодлик: Нима учун “йўғе” деб ҳайратга тушдингиз?

Омина опа: (кулади)

Озодлик: Чекмайдими ўзбек аëллари?

- Ўзбек аëллари чекадию¸ лекин яхши хотинлар чекмайдида¸ дейди Омина опа.

“Яхши хотин” нимаю “ёмон хотин” нима – ижикилаб сўраб ўтирмадик.

Ўзбек яхшини ёмондан яхши ажратадиган халқ.

Фақат чекувчилари сал худбинроқ. Ошхонадаям тутатворовради.

Озодлик: Ошхона-пошхоналарга борарсиз?

Омина опа: Ошхоналарга борсам¸ чекишади.

Озодлик: Мана ëнимда аëл киши ўтирибди¸ чекмайдиган одам ўтирибди¸ демасдан чекишаверадими?

- Йўқ¸ энди¸ нима десам¸ масъулиятни сезга киши хотин-қизларнинг олдида чекмайди¸ дейди Омина опа.

Атрофингизга қарангчи, масъулиятни сезган кўпми, сезмаганми?

Узоқ Туркияни нима қиламиз гапириб, Ўзбекистоннинг биқинидаги Қирғизистонда жамоат жойларида чекиш қонун билан таъқиқлаб қўйилганига бир неча йил бўлиб қолди.

Бироқ Қирғизистон Омбудсмени идораси масъул ходими Тўқтағул Какчекеевнинг айтишича, қонунга риоя қилинаётгани сезилмаяпти.

- Ким қаерда хоҳласа, ўша ерда чекавераяпти, деди жаноб Какчекеев.

Бу гапни эшитиб, яна ҳафсала пир бўлади.

Қонун борми, йўқми – барибир эканда?!

Ҳа¸ барибир.

Барибир, токи ўз оёғи остидаги хавфни ҳар бир одам кўрмаса.

Масалан, кўчалар четида, мактаблар дарвозалари олдида ўтирадиган баққолларни ҳар бир ўзбек ҳар куни кўради.

Улар сигаретни...

Баҳодиржон: ...доналаб сотади. Битта донаси 50 сўм. Мактабнинг олдида бор¸ ҳамма жойда бор бу нарса.

Озодлик: Ëш боланинг бир пачка олишга пули йўқ. Бир дона олишга пул топиши мумкин.

Омина опа: Эътибор қилмабманда. Менда шу болалар олади деган эътибор бўлмаган.

Ҳа, азиз тингловчи, ўлманг, агар “ҳар биримиз мана кўринишга қарши курашга ҳисса қўшишдан бошлаймиз ишни, қонун ҳам бир гап бўлар”, деяётган бўлсангиз.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG