Линклар

Мужоҳидлар қайта бош кўтармоқда

  • Садриддин Ашур

Тавилдарадаги мужоҳидларнинг бир қисми Афғонистонга ўтиб¸ толибон сафига қўшилган бўлса¸ айримларининг Тожикистон ичкарисида қолгани айтилмоқда.

Тавилдарадаги мужоҳидларнинг бир қисми Афғонистонга ўтиб¸ толибон сафига қўшилган бўлса¸ айримларининг Тожикистон ичкарисида қолгани айтилмоқда.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик қўмитаси тарқатган сўнгги баёнотга кўра, шу пайтгача Тавилдарада юз берган воқеаларга алоқадорликда гумонланиб 120 киши қўлга олинган.

Тавилдарада қўлга олинганлар аксариятининг Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзолари эканлиги айтилмоқда. Норасмий маълумотларга кўра, якшанбага ўтар кечаси бу ҳаракатнинг 26 аъзоси Тожикистон жанубидаги Қўрғонтепа вилоятида ва яна олти киши Сўғд вилоятида ушланган.

Тожикистонда Ўзбекистон исломий ҳаракатининг қанча аъзолари қўлга олинганлиги ҳақида мамлакат Ички ишлар вазирлигидан аниқ маълумот олиб бўлмади.

Тожикистон ИИВ тарқатган маълумотга кўра, Тавилдарада ҳукумат қўшинлари билан жанг олиб борган Неъмат Азизов гуруҳи Ўзбекистон исломий ҳаракати таркибига киради.

Тожикистонлик кузатувчи Маҳдий Собирнинг айтишича, Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзолари 90-йилларда Ўзбекистондан қувилгандан сўнг улар Тожикистонга ўтиб¸ бу ердаги мухолифат кучлари билан бирлашдилар ва ҳукуматга қарши узоқ йиллар уруш олиб бордилар.

2000-йилларда улар тамоман Тожикистондан қувиб чиқарилганидан сўнг Афғонистонга ўтиб кетдилар. Лекин уларнинг бир қисми Тожикистоннинг турли минтақаларида қолиб кетди.

Кузатувчи фикрича, Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида, Сўғд вилоятида, Қирғизистоннинг Ўшида, ЎИҲнинг бу аъзолари мақсадли равишда қолдирилган эди:

- Уларнинг мақсадлари бу ўлкалардан тамоман чиқиб кетмаслик ва бир куни яна қайтиб келиш эди. Шунинг учун бу минтақаларда ўз одамларини қолдириб кетган эди, дейди Маҳдий Собир.

Тожикистон Ислом уйғониш партияси вакили Ҳикматулло Файзуллозода эса Тожикистонда Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзоларининг фаолияти ва уларнинг бу ерда пайдо бўлишига оид аниқ маълумотлар йўқлиги учун ҳам бу хабарларга шубҳа билан қарашини айтади:

- Бу масаланинг қоронғу томонлари кўп. Тожикистон ҳукумати ҳозир Ўзбекистон исломий ҳаракатининг аъзолари бу ерда жанглар олиб бораётганини ва уларнинг бу ерда бир неча ойлардан бери яшаётганини айтар экан, нега ўшанда индамади?

Билишимизча, улар Афғонистоннинг жанубида эдилар. Қандай қилиб Тожикистонда пайдо бўлиб қолди? Ёки уларни кимдир самолётларда олиб келиб ташладими? дея савол ташлайди Ҳикматулло Сайфуллозода.

Унинг сўзларига кўра, ҳақиқатан ҳам Ўзбекистон исломий ҳаракати фуқаролик уруши йилларида Тожикистон ислом уйғониш партияси аъзолари билан бирга жанг қилган:

- Тожикистон Ислом уйғониш партияси таркибида ўзбек биродарлар бор эди. Қачонки, 1998 йилда Тожикистонда тинчлик битими имзолангандан сўнг¸ улар ва баъзи тожикистонликлар буни тан олишмади ҳамда ҳаммаси мамлакатдан чиқиб кетди. Лекин мен бугун уларнинг тарафдорлари Тожкистонда умуман қолмади, деб айтолмайман.

Бироқ эндиликда бу одамлар ёки кичик гуруҳлар жамиятда бир тўнтаришни амалга ошириш ёки ҳокимиятни эгаллаб олиш кучига эга эмас. Чунки одамлар энди уларга ишонмайди, одамларга тинчлик керак, дейди Ҳикматулло Сайфуллозода.

Унинг фикрича, Ўзбекистон исломий ҳаракатининг Тожикистонда пайдо бўлиши ва бу билан боғлиқ гап-сўзлар Тожикистон ҳукуматининг салоҳиятидан ташқаридаги катта сиёсий ўйинлардир:

- Албатта¸ бундай ўйинлар дунёнинг қудратли давлатлари томонидан амалга оширилади. Минтақанинг беқарор бўлиб туриши кимларгадир керакка ўхшайди, дейди Ҳикматулло Сайфуллозода.

Россиялик таҳлилчи Аркадий Дубнов фикрича, Тавилдарада қўлга олинганлар бўйича аниқ маълумотлар йўқ:

- Қўлга олинганлар ҳақиқатан ҳам исломий жангариларми ёки ҳозирги тожик ҳукуматига қарши бўлган одамларми? Муаммонинг бу томони очиқ қолмоқда, дейди Аркадий Дубнов.

Тожикистон маҳаллий телевидениеси куни кеча Тавилдарада отиб ўлдирилган беш нафар жангарининг Россия фуқаролари эканлигини Россия паспортлари билан кўрсатиб намойиш қилди. Бироқ дунёнинг узоқ бир мамлакатидаги россиялик сайёҳнинг аварияга учраганини эълон қилиб борадиган Россия ҳукумати ҳозирча бу айбловга ҳеч қандай муносабат билдиргани йўқ.

Аркадий Дубнов фикрича, бу яқинда Медведев билан бўладиган учрашувда Имомали Раҳмоннинг қўлидаги кузир карта бўлиши мумкин:

- Расмий Душанбе Москвага: “Россияликлар Тожикистон хавфсизлигига таҳдид солаяпти, давлат тўнтариши қилмоқчи бўляпти”, деган таъналарни қилиши мумкин. Бу даъволар Имомали Раҳмон учун Москва билан инвестициялар ёки Тожикистондаги Россия ҳарбий базаси ҳақидаги савдолашувларда қўл келиши мумкин, дейди Аркадий Дубнов.

Ўзбекистон исломий ҳаракатининг Тожикистондаги фаолияти, уларнинг қандай қилиб Тожикистонга келиб қолгани ҳақидаги аниқ маълумотлар ҳозирча очиқ қолмоқда.

Айни пайтда эса Ўзбекистон, Тавилдарадаги воқеалар сабабми ёки бошқами¸ Тожикистон ва Қирғизистон билан бўлган чегараларини қўшимча кучлар билан мустаҳкамламоқда.

- Сешанба куни эрталаб соат 10.00 ларда ҳарбий машиналар Риштон марказидан Яйпан тумани томонга колонна бўлиб ўтди. Ўша Сорқўрғон¸ озгина чегара ҳудудлари бор¸ ўша томонларга ўтиб кетишди.

Энди ҳайронман. Тинч аҳоли пунктида БТР ларнинг юриши¸ оғир ҳарбий юк машиналарининг юриши... Ҳозир одамларнинг айтишича¸ Қирғизистон билан Тожикистонда қандайдир кескин тўқнашув бўлган. Шунинг учун биз эҳтиëт чорасини кўриб қўяяпмиз¸ деган гаплар ҳам бўлди¸ дейди фарғоналик Баҳром.
XS
SM
MD
LG