Линклар

logo-print

Дилмурод Саййидга 14,5 йиллик жазо сўралди

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари мустақил журналист Дилмурод Саййиднинг қамоққа олинишини унинг касбий фаолияти билан боғлайдилар.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари мустақил журналист Дилмурод Саййиднинг қамоққа олинишини унинг касбий фаолияти билан боғлайдилар.

Самарқанд вилоятининг Тойлоқ туман судида Дилмурод Саййид ва яна уч киши устидан бошланган суд жараёни ниҳоясига етди. Навбатдаги мажлисда уларга нисбатан ҳукм ўқилиши кутилмоқда.

Бу ҳақда Озодлик радиосига “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти фаоли Абдураҳмон Ташанов хабар берди.

- Жиноят ишлари бўйича Тойлоқ туман судида эзгуликчи журналист Дилмурод Саййид ҳамда уч нафар маҳаллий шахсга нисбатан олиб борилаëтган маҳкама жараëнлари тугади. Кейин суд мажлисларида уларга сўнгсўз берилади.

Музокаралар пайтида давлат айбловчиси бўлган Ўткир Раҳматов Дилмурод Саййидга нисбатан Ўзбекистон республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми ҳамда 228-модда билан 14¸5 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини сўради. Марғуба Жўраевага 13 йил¸ Анорқул Пўлатовга 13¸5 йил¸ Тўра Эргашев деган фермерга 13 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини сўради.

Судя ҳам маълум даражада ўзини йўқотиб қўйди, дейиш мумкин. У: “Мен бунақа оғир жазони бир-икки кунда кўриб чиқа олмайман. Кейинги суд мажлиси қачонга белгиланганини мен кейинчалик айтаман” деди¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.

Адвокатлар эса, Абдураҳмон Ташановга кўра, Дилмурод Саййиднинг айбсиз эканлигини айтиб, унинг суд залидан озод қилинишини сўраганлар:

- Ҳимоячилар ва мен унинг суд залидан озод қилинишини¸ унга қўйилаëтган айбларнинг ҳаммаси унинг касбий фаолияти билан боғлиқлигини¸ уларнинг айби йўқлигини¸ судда оқланиши кераклиги ва суд залидан озод қилиниши лозимлигини сўрадик¸ талаб қилдик¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.

Ҳуқуқ ҳимоячиси фикрича, Ўзбекистон суд тизимидаги анъанага қаралса, суднинг Дилмурод Саййид айбсиз эканлиги ҳақида ҳукм чиқариши ишончсиздек кўринади. Чунки, Ташановга кўра, одатда Ўзбекистонда судлар прокурор сўраган жазодан узоқлашиб жазо бермайди ва шу жиҳатдан ҳам журналистнинг тақдири қил устида турибди.

Кузатувчиларнинг айтишларича, давлатдан катта-катта маблағ ўмарган амалдорлар суд залидан шартли жазо олиб қутулиб кетмоқдалар. Лекин Дилмурод Саййидга ўхшаган оддий одамлар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистларга эса судлар доим оғир жазолар қўллайди.

Эслатиб ўтамиз, самарқандлик Марғуба Жўраева фермер Сайдулло Боймуродовдан 5000 доллар пора олаётган пайтда ушланган, сўнгра у биринчи терговда “пулни Дилмурод Саййиднинг кўрсатмаси билан олмоқчи эдим”, деб баёнот берган эди. Бироқ терговдаги кейинги юзма-юз учрашувларда Марғуба Жўраева бу кўрсатмасидан воз кечганини айтган эди.

Дилмурод Саййид шу йилнинг 22 февралида товламачиликда айбланиб, қўлга олинган эди. Ҳуқуқ ҳимоячилари унинг қамоққа олинишини журналистнинг касбий фаолияти билан боғлайдилар.

Дилмурод Саййид 2005 йилда “Адвокат” газетасида Ўзбекистондаги ижтимоий муаммолар хусусидаги “Йўқ ҳақидаги бадиҳа”сидан сўнг ишдан ҳайдалган, газета эса ёпиб қўйилган эди.

Кейинчалик у мустақил журналист сифатида фаолият кўрсатди ҳамда “Эзгулик” жамияти таркибида инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG