Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:19

Тошкент ўз кўмочига кул тортмоқда


Ўзбекистонлик томошабинларнинг айтишларича, уларни кўпроқ ўзбек телевидениелари берилаётган ахборот дастурлари эмас, балки сериаллар ва концерт дастурлари қизиқтиради.
Ўзбекистонлик томошабинларнинг айтишларича, уларни кўпроқ ўзбек телевидениелари берилаётган ахборот дастурлари эмас, балки сериаллар ва концерт дастурлари қизиқтиради.

Мустақил журналистлар тайёрлашнинг алтернатив йўлларини тамоман ёпган расмий Тошкент эндиликда бу вазифани ўзбек расмийлари тутумига хайрихоҳ бўлган бирлашмаларга топширмоқда.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабарига кўра, шу кунларда Тошкентда нодавлат ҳудудий телестанцияларда фаолият кўрсатаётган журналистларнинг малакаси ва касб маҳоратини оширишга бағишланган семинар бўлиб ўтган.

Хабарга кўра, Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлардаги нодавлат телестанцияларнинг ходимлари иштирок этган.

“Тажрибали тележурналистлар иштирокида ўтган ушбу семинарда телекўрсатувлар тайёрлашнинг маънавий мезонлари, дастурлар яратиш бўйича мукаммал билим ва кўникмага эга бўлиш, назарий ва амалий машғулотлар орқали тажриба алмашишни ташкил этишга оид маърузалар тингланди ва муҳокама этилди”, дейилади ЎзА хабарида.

Айни пайтда Ўзбекистонда мавжуд шароит билан яхши таниш бўлган журналистлар бу каби семинарларнинг профессионал малака ошириш тадбиридан кўра кўпроқ “мафкуравий ишлов тадбири” бўлганига шубҳа қилмайдилар.

ЎзА хабаридаги “Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида юртимизда оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада ривожлантириш ва эркинлигини амалда таъминлаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, журналистларнинг давр билан ҳамнафас фаолият кўрсатиши учун жаҳон андозалари даражасидаги шароит ва имкониятлар яратилгани таъкидланди” каби таъкидлар ҳам бевосита “мафкуравий ишлов тадбири” мулоҳазасини қувватлайди.

Сўнгги пайтларда ўзбек расмийлари нодавлат оммавий ахборот воситалари фаолиятига ҳам “алоҳида эътибор” қаратмоқдалар. Хусусан, шу йилнинг 27 июн куни Ўзбекистонда НРТ умумий номи остида 13 нодавлат радиосини бирлаштирган тармоқ ишга тушди. Нодавлат телерадиоширкатлари ходимлари учун турли ўқув машғулотлари уюштирилаяпти.

Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситаларида ишлаган журналистлардан бири мазкур тадбирларни ўзбек мафкурачиларининг 2005 йилда мамлакатдан чиқариб юборилган “Интерньюс-Нетворк” халқаро ташкилоти функцияларини ўз зиммасига олишга қарор қилгани билан изоҳлайди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда журналистлар учун ўқув семинарлари ўтказиб келган Интерньюс-Нетворкнинг Тошкентдаги идораси 2005 йилнинг 9 сентябрида (Андижон воқеаларидан кейин) маҳаллий суд қарори билан ёпиб қўйилганди.

Ўзбекистон МХХсининг собиқ ходими Икром Ёқубов аввалроқ хорижий радиолардан бирига берган суҳбатида Интерньюснинг ёпилиш сабаблари ҳақида гапирганди.

- Ўшанда Сорос жамғармаси, Интерньюс, Кафе каби ташкилотларни ёпиш ҳақида буйруқ бўлган. Бу ташкилотлар Ўзбекистон республикасининг мафкуравий сиёсатига аралашаяпти, деган қарорга келинган. Давлат раҳбари шахсан ўзи бу ташкилотларни ёпишни буюрган, деганди Икром Ёқубов.

МХХнинг собиқ ходими Интерньюсни ёпиш билан Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, Адлия вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати ва президент қошидаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти шуғулланганини айтади. Ёқубовга кўра, бу экспертлар ўта саводсизлик билан иш юритганлар ва Интерньюсга “логотип билан боғлиқ муаммо бор” деган айб қўйганлар.

Ўзбек телерадиожурналистларнинг эътироф этишларича, Интерньюс ташкилоти Ўзбекистондаги 10 йиллик фаолияти мобайнида жуда кўп журналистларни халқаро журналистика меъёрлари билан таништира борган, улар учун турли ўқув тадбирлари уюштирган, ҳудудий теле ва радиостанциялар ўртасида турли лойиҳаларни амалга оширган.

Ҳозирда эса бу ташкилотнинг uz доменидаги сайти ҳам ишламайди. Айни пайтда InterNews.uz домен номи остида муаллифлари кимлиги номаълум бўлган ахборот агентлиги фаолият юритмоқда. Сайтда агентликнинг на манзили, на телефон рақами кўрсатилган бўлиб, “барча масалалар бўйича админга мурожаат қилиш” тавсия қилинган, холос.

Айни пайтда Интерньюс каби мувофиқлаштирувчисидан айрилган ўзбек нодавлат телерадиоширкатлари фаолиятида сустлашиш кузатилади. Ўзбекистонлик томошабинлар эътирофича, маҳаллий нодавлат телевидениелари тайёрлаётган янгиликлар дастури томошабинда қизиқиш уйғотолмаяпти.

- Бир пайтлар водийда машҳур бўлган ЁТРК, Тараққиёт каби телевидениеларимизнинг аввалги шашти йўқ. Нодавлат телекомпаниялар дастурларида ҳам давлат сиёсатига муносабат ЎзТВ ва Ёшлар каби давлат телеканалларидаги эҳтиёткорликдан кам эмас, дейди андижонлик суҳбатдошларимиздан бири.

Суҳбатдошимизга кўра, цензурадан ташқари нодавлат телеканалларидаги кўрсатувларнинг сифат даражаси замон талабига жавоб бермайди.

Албатта, сифатли телерадиомаҳсулотлар тайёрлаш учун моддий-техник база, малакали кадрлар ва ҳ. унсурлар жуда зарур. Бу эса нодавлат телерадиоширкатлар учун доим муаммо бўлиб келган.

Афтидан, ўзбек расмийлари эндиликда бу бўшлиқни озми-кўпми тўлдиришга бел боғлаган кўринадилар. Бу ўзбек расмийларига “нодавлат телерадиожабҳани ривожлантирувчи” мақомини берибгина қолмай, ўз мафкуравий сиёсатини омма орасида яхшироқ ёйиш учун қўшимча арсеналга эга бўлиш имконини беради.
XS
SM
MD
LG