Линклар

Чегара юзасидан музокаралар бошланди


22 июл куни Тошкентда ўзбек-тожик чегараларини делемитациялаш ва демаркациялаш бўйича давлатлараро комиссия аъзоларининг навбатдаги музокараcи бошланди.

Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчихонасидан олинган маълумотларга кўра, тўрт кун давом этадиган музокараларда ўзбек-тожик давлат чегараларидаги муаммоларга сўнгги нуқта қўйилиши кутилмоқда.

- Қайси ҳудуд кимга тегишлилигига доир энг сўнгги хулоса айнан шу учрашувда эълон қилинади ва натижаси ратификация учун икки давлат парламентига тақдим қилинади. Шу билан Ўзбекистон ҳамда Тожикистон ўртасидаги чегара муаммолари тугайди, деди ўзбекистонлик дипломат Зафар Раҳимжонов.

Элчихона расмийсига кўра, мазкур музокаралар ижобий ниҳояланиши миналар муаммосининг узил-кесил ҳал этилишига кўмаклашади.

Чегараларни аниқлаш бўйича 2002 йилда тузилган давлатлараро комиссия ўтган вақт мобайнида ўзбек-тожик чегараларнинг 75 фоизини аниқлаган.

Жорий йил 25 февралида Тожикистон парламенти ва сал кейинроқ Ўзбекистон парламенти ўзбек-тожик давлат чегараларига доир шартномани бир овоздан тасдиқлаган эди.

24 март куни эса Тошкентда Ўзбекистон ва Тожикистон Давлат чегараси тўғрисидаги шартноманинг кучга киришига доир ратификация ёрлиқларини топшириш маросими бўлиб ўтган эди.
XS
SM
MD
LG