Линклар

"Ўзимиз санаймиз!"


Сайлов натижаларининг сохталаштирилиши 2005 йил мартида Қирғизистонда халқ инқилобига сабаб бўлган эди.

Сайлов натижаларининг сохталаштирилиши 2005 йил мартида Қирғизистонда халқ инқилобига сабаб бўлган эди.

Қирғиз мухолифати 23 июлда ўтадиган президентлик сайловидаги овоз бериш натижаларининг сохталаштирилишига йўл қўймаслик мақсадида МСКга муқобил равишда овозларни ҳисоблайдиган бўлди.

Қирғизистон мухолифатидан президентликка ягона номзод Алмазбек Атамбаевнинг сайлов штаби вакили Александра Ехнованинг айтишича, сайловчилар овозини муқобил равишда ҳисоблаш учун республикадаги 2100 та сайлов участкасига вакиллар бириктирилган.

Президентликка номзод Алмазбек Атамбаевнинг ишончли вакиллари бўлиб ҳисобланган бу одамлар сайловнинг холис ўтишини ҳам кузатиб борадилар.

- Биз барча участкалардан оператив ахборот олиб турамиз. Бу маълумотларни умумийлаштирамиз ва эълон қилиб борамиз. Натижада Марказий сайлов комиссияси эълон қилаётган маълумотларга муқобил ахборот пайдо бўлади. Одамларда расмий натижалар билан мухолифат натижаларини солиштириш имконияти туғилади, дейди Александра Ехнова.

Унинг айтишича, бу ишни амалга ошириш учун республикадаги сайлов участкаларида мухолифатнинг 5000 вакили иш олиб боради.

Қолган номзодлар ҳам сайлов натижаларини муқобил тарзда кузатиб бормоқчилар.

- Албатта¸ биз ҳам имконимизга яраша сайлов участкаларига ўз вакилларимизни бириктирганмиз. Улар овоз бериш натижаларини кузатиб борадилар, дейди президентликка номзод Темир Сариев сайлов штаби вакили Улан Қарипов.

Бироқ президентликка бошқа номзодларнинг сайлов штабларидан олинган маълумотга кўра, бу ишни Алмазбек Атамбаев штаби даражасида ўтказишга уларнинг маблағи ҳам, одамлари ҳам етмайди.

Шунинг учун қолган номзодлар асосан Марказий сайлов комиссияси эълон қилган расмий натижалар ҳамда мухолифатдан ягона номзод Атамбаев штаби тарқатган муқобил ахборотни солиштириш натижасида хулоса чиқаришларини билдирдилар.

Айни пайтда мухолифатчилар эълон қилган овоз бериш натижалари “Юридик жиҳатдан қандай асосларга эга бўлади?” деган савол жавобсизлигича қолмоқда.

Чунки Қирғизистон қонунчилигига асосан президентликка номзодларнинг ишончли вакиллари сайлов комиссиялари аъзолари билан бир қаторда сайловчилар овозларини санай олмайдилар.

Улар овозларни санаш жараёнини кузатиб туриш ва ўзларига бириктирилган сайлов участкасида қайси номзодга қанча овоз берилгани тўғрисидаги маълумотларни билиш ҳамда бу борадаги протоколларни имзолаш ҳуқуқига эгалар, холос.

Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси расмийси Самат Бўрибоев мухолифатнинг ўз ташкилотига нисбатан ишончсизлик билдираётганини асоссиз, деб ҳисоблайди. Унга кўра, президентлик сайловида овоз бериш натижаларини сохталаштириш имконияти мавжуд эмас.

- Барча сайлов комиссиялари таркибида 23 сиёсий партия вакиллари бўлган 5 820 киши ишлайди.

Бундан ташқари, сайловни 500 дан ортиқ халқаро кузатувчи, минглаб маҳаллий кузатувчилар, ҳар бир президентликка номзоднинг камида уч-тўрт минг ишончли вакили кузатиб боради.

Шунинг учун ҳам сайлов адолатли ва холис ўтишига ишонса бўлади, дейди Самат Бўрибоев.

Қирғизистонда 23 июлда ўтадиган президентлик сайловларида олти номзод – амалдаги президент Қурмонбек Бакиев, мухолифатдан ягона номзод Алмазбек Атамбаев, “Оқ шумқор” партияси раиси Темир Сариев, “кўмир қироли” сифатида танилган Нурлан Мўтуев, дунёга танилган нарколог-шифокор Женишбек Назаралиев ва фуқаролик жамияти вакили Тўқтайим Уметалиева иштирок этмоқда.

Кузатувчиларга кўра, сайловчилар овози учун асосий кураш Қурмонбек Бакиев ва Алмазбек Атамбаев ўртасида бўлади.
XS
SM
MD
LG