Линклар

Душанбе Тоҳир Йўлдошга жавоб берди

  • Гулнора Равшан

Тожикистон Ички ишлар вазири Абдураҳим Қаҳҳоровнинг таъкидлашича, Тавилдарада қўлга олинган ЎИҲ аъзолари қимматли кўрсатмалар бера бошлаганлар.

Тожикистон Ички ишлар вазири Абдураҳим Қаҳҳоровнинг таъкидлашича, Тавилдарада қўлга олинган ЎИҲ аъзолари қимматли кўрсатмалар бера бошлаганлар.

Тожикистон Ички ишлар вазири чоршанба кунги матбуот анжуманида собиқ дала қўмондони Мирзо Зиёевнинг Ўзбекистон Исломий ҳаракати жангарилари томонидан ўлдирилганини даъво қилди.

- Афғонистонда аксилтеррор коалицияси кучлари олиб бораётган махсус амалиётлар ҳамда бу мамлакатда президентликка сайловларнинг яқинлашаётгани сабабли террористик гуруҳларнинг минтақа давлатлари, хусусан, Тожикистонга қочиб ўтиш хавфи кучаймоқда.

Афғонистон билан чегараларимиз масофаси узунлиги ва рельеф нотекислиги сабабли террорчиларнинг ўтишини назорат қилиш ниҳоятда қийин. Ўз навбатида, бу гуруҳлар мавжуд фурсатдан фойдаланиши мумкин, деди Ички ишлар вазири Қаҳҳоров чоршанба куни Душанбеда журналистлар учун ўтказилган матбуот анжуманида.

Ички ишлар вазири, шуниндек, мамлакат куч ишлатар тизимлари ходимлари айни кунда кучайтирилган тартибда ишлатаётгани ва ўтган кечада Афғонистондан ноқонуний тарзда Тожикистонга ўтаётган 4 киши қўлга олингани ҳақида маълум қилди.

- Афғонистондан Тожикистонга ноқонуний ўтган тожик ва ўзбек собиқ фуқароларидан бир нечтаси бундан икки кун аввал қўлга олинди. Дастлабки терговларда улар аниқ мақсадларини айтмади. Аммо икки-уч кун яхшироқ иш олиб боргач, қўлга олинганлар ўзларининг қайси гуруҳга аъзо экани ва бу ёққа ўтишдан мақсадларини айтиб беришади, деди Ички ишлар вазири.

Айни пайтда¸ жаноб Қаҳҳоров ўзаро суҳбат чоғида қўлга олинганларнинг тўрт нафарининг Ўзбекистон исломий ҳаракатига аъзо бўлган ўзбекистонликлар экани аниқланганини айтди.

Матбуот анжумани давомида Ички ишлар вазири Тавилдарадаги вазият ва у ерда фаоллашган гуруҳлар устида ҳам тўхталди.

- Тавилдарада вазият ҳозир нормал даражада. Одамлар ўз кундалик иши билан банд. Биздаги маълумотларга кўра, Тавилдарада бор-йўғи уч тўрт кишидан иборат гуруҳ қолган ва ҳозирда улар яширинган жойлар ҳақида тахминларимиз бор. Куч ишлатар тизимлари ходимларидан иборат махсус гуруҳ бу ҳудудда жангариларни тутиш амалиётини олиб бормоқда.

Тавилдарадаги вазиятни издан чиқаришга уринган гуруҳлар орасида Ўзбекистон исломий ҳаракат аъзолари ҳам бор. Бу бўйича жиноят иши қўзғатилган. Мазкур ишлар ниҳоясига етгач, тафсилотлар оммавий ахборот воситалари вакилларига тақдим қилинади, деди вазир.

Расмийнинг таъкидлашича, Тожикистон Фавқулодда ҳолатлар собиқ вазири Мирзо Зиёевни ҳам айнан шу гуруҳ вакиллари ўлдирган ва ҳозирда ҳарбий прокуратура ушбу қотиллик юзасидан тергов олиб борилмоқда.

Аммо бундан бир ҳафта муқаддам Озодлик радиоси тожик шўъбаси почтасига аудиоёзув йўллаган Ўзбекистон исломий ҳаракат лидери Тоҳир Йўлдош Мирзо Зиёевнинг Тожикистон хавфсизлик хизмати томонидан ўлдирилганини даъво қилган эди.

Айни пайтда таҳлилчилар Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзоларининг Тожикистон ҳудудига ўтиш хавфи юзасидан турлича фикрлар билдирмоқда.

Парвиз Мулложонов, бу ташкилот Ўзбекистонда фаолиятини кучайтирмоқчи бўлса, Тожикистоннинг ЎИҲ учун энг қулай ҳудуд эканини таъкидлайди.

- Тожикистон Ўзбекистон исломий ҳаракатига ўз фаолиятини Ўзбекистонда кучайтириши учун хизмат қиладиган бир кўприк мисолидир. Шу нуқтаи назардан, бу ташкилот тожик жамиятида ўз каналига эга бўлишдан кўпроқ манфаатдордир, дейди таҳлилчи.

Аммо бошқа бир гуруҳ таҳлилчилар¸ бу фикрга қўшилмасликларини айтишиб, Афғонистонда АҚШ бошчилигидаги аксилтеррор амалиётларида Ўзбекистон исломий ҳаракат аъзоларининг кўпчилиги йўқ қилингани ва хавотирларга асос йўқлигини таъкидлашмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG