Линклар

Шошилинч хабар
04 май 2024, Тошкент вақти: 22:55

"Ўзбеклар дам олишга келмай қўйди"


Совет замонида Тожикистоннинг соя-салқин тоғларида асосан ўзбекистонликлар дам олган бўлса¸ ҳозирда улар ўрнини Россия ва Европа сайëҳлари эгаллаган.
Совет замонида Тожикистоннинг соя-салқин тоғларида асосан ўзбекистонликлар дам олган бўлса¸ ҳозирда улар ўрнини Россия ва Европа сайëҳлари эгаллаган.

Тожикистонга узоқ Россия ва Европа ўлкаларидан сайёҳлар келаётган бир пайтда бу ердан қўшнилар, хусусан, ўзбекистонликлар оëғи тортилиб қолган.

Сўғд саёҳат ширкатлари мамлакатга келувчи меҳмонларга саёҳатнинг янги тури – экотуризм хизматини таклиф қилмоқдалар. Вилоятга дам олиш учун келган сайёҳларга шу кунларда замонавий меҳмонхоналар эмас, балки тоғ ёнбағирларида жойлашган қишлоқлардаги оддий пахса деворли уйларда туриш тавсия этилмоқда.

Вилоятдаги “Сайёҳ” корхонаси етакчи мутахассиси Абдужамил Сатторовнинг айтишича, саёҳатчиларни ўша қишлоқ одамларидан бўлган бир йўлбошловчи ўрмону тоғларга саёҳатга олиб чиқади. Чет эллик сайёҳлар бу каби экзотик саёҳат учун бир суткада атиги қирқ доллар тўлайди.

- Шўролар даврида ҳар ҳафтада 30-40 та сайёҳлар гуруҳини қабул қилардик. Айтайлик, қўшни Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларидан кунига 5-6 автобус саёҳатчи келарди. Бугун эса на ўзбекистонликлар бу ерга кела олади, на тожикистонликлар Ўзбекистонннинг диққатга сазовор жойларини томоша қила олади, дейди Абдужамил Сатторов.

Унинг айтишича, вилоятга асосан Россия ва Европадан саёҳатчилар келиб турибди.

Айни пайтда, Абдужамил Сатторовга кўра, тожикистонликларнинг ҳам Ўзбекистонга бориши камайган. Ёзги таътил пайтида Тошкентдаги Диснейленд ва Аква-паркларга болаларини олиб борадиган ота-оналарни ҳисобга қўшмаганда, ҳозирда қўшни мамлакатга атай саёҳат учун борадиган тожикистонликни ҳам учратиш қийин.

Абдужамил Сатторовнинг айтишича, корхона йигирмага яқин мамлакатдаги сайёҳлик идоралари билан ҳамкорлик қилади. Бироқ ён қўшни Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш анча оғир кечмоқда.

Собиқ иттифоқ давридаги қўшни мамлакатлар бўйлаб саёҳатларни оддий тожикистонликлар ҳам ҳавас ва орзиқиш билан эслайдилар.

- СССР даврида маҳалла-маҳалла автобус кира қилиб, Ўзбекистонни айланиб чиқардик. Томоша қилиб, мириқиб дам олиб қайтиб келардик. Ўзбекистонликлар бизни жуда илиқ кутиб олишарди. Қўшнилар Сўғд вилоятига ҳам келишарди. Ҳозирчи, қариндошингни жанозасига ҳам боролмайсан, дейди Зафаробод туманида истиқомат қилувчи Муҳаммадали Абдуллаев.

Бугунги кунда икки давлат ўртасидаги борди-келдининг тобора қийинлашиб кетаётганини ўзбекистонлик суҳбатдошларимиз ҳам эътироф этадилар.

- Мен Бекобод шаҳрида яшайман. Ҳали-ҳали эсимда - биз Бекободдан Сўғд вилоятидаги Чкалов шаҳрига музқаймоқ егани келардик. Шаҳарни бемалол айланиб, ҳеч қандай муаммоларсиз қайтиб кетардик. Ҳозир эса саёҳат у ёқда турсин, қариндошлардан хабар олиш ҳам жуда қийинлашган. Мана, бугун бир азоблар билан Хўжандга келдим, дейди ўзбекистонлик Шаҳноза.

Кузатувчиларнинг айтишларича, икки қардош халқ орасига тиканли симлар тортилгани ва виза тартибининг жорий қилинганидан ўзбекистонлик ва тожикистонлик оддий одамлар азоб чекаётгани етмаганидай, икки давлат хазинаси ҳам саёҳат бизнеси орқали келадиган миллион-миллион маблағлардан бенасиб қолмоқда.
XS
SM
MD
LG