Линклар

logo-print

"Ўзбекистон тарафи ўз хатосини тан олди"

  • Шерзод

Қирғизистоннинг Боткен ва Ўзбекистоннинг Сўх туманлари чегарасида жойлашган чегара пунктларида сўнгги пайтларда вазият таранглашиб бораётир.

Қирғизистоннинг Боткен ва Ўзбекистоннинг Сўх туманлари чегарасида жойлашган чегара пунктларида сўнгги пайтларда вазият таранглашиб бораётир.

Ўзбек-қирғиз чегарасида рўй берган сўнгги жанжал учун маъсулиятни зиммасига олган Ўзбекистон томони¸ қирғиз расмийсига кўра¸ воқеа айбдорларини жазолашга ваъда берган.

Шу йилнинг 20 июл куни Боткен туманининг Чорбоғ қишлоғи билан Сўх туманига қарашли Ҳушёр қишлоғи ўртасидаги чегара ҳудудида қирғиз чегарачилари билан Ўзбекистон фуқаролари ўртасида жанжал чиққан.

- Ўзбекистон фуқаролари Қирғизистоннинг икки нафар фуқаросини калтаклаган, шунингдек, Ўзбекистонга қарашли Ҳушёр қишлоғи аҳолиси Қирғизистоннинг Чорбоғ қишлоғидаги сув қувурини ўзбошимчалик билан бузиб ташлаган.

Воқеа жойига Боткен чегара отряди командири шахсий таркиб билан келганида у ерга 300 га яқин ўзбекистонлик тўпланган ва қирғиз чегарачиларини тошбўрон қилган, деди Қирғизистон Чегара хизмати матбуот котиби Дўстназар Абдулазизов.

Расмийнинг билдиришича, тошбўрон чоғида Ўзбекистон чегарачилари Ҳушёр қишлоғи аҳолисини тўхтатиш мақсадида ўз фуқароларини қуршаб олган. Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарачиларининг ҳамкорликдаги ҳаракатлари натижасида муаммо бартараф қилинган.

Қирғизистон Чегара хизмати расмийси мазкур воқеа юзасидан икки давлат куч ишлатар тизими раҳбарлари учрашуви бўлиб ўтганини ҳам маълум қилди:

- Воқеа юзасидан Қирғизистоннинг Боткен ва Ўзбекистоннинг Сўх тумани куч ишлатар тизими раҳбарлари учрашуви уюштирилди. Учрашувда ҳар икки томондан 10 кишидан иборат оқсоқоллар кенгаши тузишга келишиб олинди.

Оқсоқоллар кенгаши чегара ҳудудида юзага келган можароларни ва муаммоларни ҳал қилади ҳамда бундай ҳол такрорланмаслиги учун аҳоли орасида тушунтириш ишлари олиб боради, деди Дўстназар Абдулазизов.

Воқеадан сўнг Боткен тумани ҳокими Достон Хажаев ҳам Ўзбекистоннинг маҳаллий расмийлари билан учрашган.

Достон Хажаев Озодликнинг қирғиз шўъбаси билан суҳбатда¸ мазкур учрашувда Ўзбекистон расмийлари жанжал чиқарган икки фуқаросига нисбатан тегишли чора кўрилиши, шунингдек, воқеа пайтида бузиб юборилган сув қувурларини тиклаб беришга ваъда берганларини айтган:

- Мендаги маълумотлар бўйича тожик миллатига мансуб икки нафар шахс маст ҳолатда чегарачиларимизга қўл кўтаришга уринган. Натижада чегарачиларимиз осмонга ўқ отишга мажбур бўлган.

Биз Ўзбекистон Республикаси вакиллари билан учрашдик, Ўзбекистон тарафи ўз хатосини тан олди. Улар сув қувурларини таъмирлаб беришди. Бугунги кунда Чорбоғ қишлоғига сув берилди, деди Достон Хажаев.

Унинг айтишича, шу йилнинг 25 июл куни Қирғизистон ва Ўзбекистон томонидан ўн нафар оқсоқол ҳамда маҳаллий расмийлар иштирокида чегара масаласи юзасидан учрашув ўтказиш режалаштирилган.

Биз қирғиз-ўзбек чегарасида юзага келган можаролар борасида Ўзбекистон тараф фикрини ўрганмоқчи бўлдик ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматига телефон қилдик.

Гўшакни кўтарган вазирлик ходими ўзини матбуот котиби Эшнор Жабборовнинг ёрдамчиси Азиз Йўлдошев деб таништирди ва бу масалада ҳеч нарса айта олмаслигини айтиб, вазирлик матбуот котиби Эшнор Жабборов 15-20 дақиқадан кейин келишини ва ўшанда телефон қилишимизни маслаҳат берди.

Бироқ Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигига айтилган вақтда қайта телефон қилганимизда гўшакни ҳеч ким кўтармади.
XS
SM
MD
LG