Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:31

Президент собиқ котиби билан судлашмоқда


Муртазинга қўйилаëтган айблар орасида президент Шаймиев Туркияда дам олаëтган пайтда вафот этди¸ деган нотўғри хабар тарқатганлик айби ҳам бор.
Муртазинга қўйилаëтган айблар орасида президент Шаймиев Туркияда дам олаëтган пайтда вафот этди¸ деган нотўғри хабар тарқатганлик айби ҳам бор.

Қозонда Татаристон президентининг собиқ матбуот котиби Ирек Муртазин устидан маҳкама жараёни бошланди. Журналист¸ президент ҳақда ёлғон маълумот тарқатганликда айбланмоқда.

Ирек Муртазин қарийиб уч йил давомида Татаристон президенти Минтемир Шаймиевнинг матбуот хизмати бошлиғи бўлиб ишлаган. Ўшанда унинг вазифаси президент амалга оширган ишлар ҳақда расмий маълумот тарқатиш эди.

Муртазин лавозимидан кетганидан кейин унинг Шаймиевга нисбатан муносабати ўзгарди, яъни, журналист сифатида воқеаларга танқидий назар билан қарай бошлади. Шу тариқа у ўз кузатишларини жамлаб¸ “Татаристоннинг охирги президенти” номли китоб чоп этди.

Мазкур китобда Муртазин совет даврида коммунистик партиянинг юқори лавозимли раҳбарларидан бири бўлган Минтемир Шаймиев 1991 йилда Татаристоннинг биринчи президенти бўлгани ва ўшандан бери Шаймиевнинг авторитаризмга мойиллиги ортиб боргани ҳақда ёзди.

Уч марта Татаристон президенти этиб сайланган Минтемир Шаймиев ҳақида шу пайтгача учта китоб чоп этилган бўлиб¸ уларнинг барида бозор иқтисодиётига ўтишда Татаристон раҳбари намуна сифатида тақдим қилинган эди.

Аммо Муртазиннинг китобида бунинг акси ёзилган. Масалан, китобда президент Шаймиевнинг Татаристонда чуқур илдиз отган коррупцияга барҳам бера олмаётгани ëзилади.

Суд жараёни бошланиши арафасида Озодликнинг Татар-бошқир хизмати мухбири билан суҳбатлашган Ирек Муртазин¸ маҳкаманинг адолатли бўлишига шубҳа билдирди.

- Татаристонда бу ишнинг холис кўрилишини кутмаслик керак. Боиси¸ бу ишда жабрланувчи Татаристон президенти, деди Муртазин.

Агар маҳаллий суд Муртазинни айбдор деб топса, у халқаро ташкилотлар¸ хусусан Старасбургдаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига шикоят қилмоқчи. Айни пайтда¸ Муртазин ўз ҳаёти хавф остида эканини эҳтимолдан соқит қилмаëтир.

- Конституциявий суд, апелляция суди, Москва, Страсбург. Бу одатдаги босиб ўтиладиган йўл. Мен фақат шикоят қилиш учун жисмонан имкониятга эга бўла олмаслигимдан хавотирдаман. Чунки одам бўлмаса, муаммо бўлмайди, деган гап бор. Мен 29 декабр кунги воқеа қайтарилиб¸ ўлим билан тугаса, ҳайратга тушмаган бўлардим, деди президент матбуот хизматининг собиқ бошлиғи.

Шуни эслатиш жоизки, Ирек Муртазин китобини чоп эттирганидан бир неча ой ўтиб, ўтган йил декабрида номаълум шахслар уни бейсбол таёқчаси билан калтаклаб кетган ва журналист жиддий жароҳат олган эди.

Судда Ирек Муртазин президент ҳақида нотўғри маълумот тарқатганлик, шахсий ҳаётга дахл қилганлик, оммавий ахборот воситалари орқали маълум гуруҳга нисбатан ижтимоий адоват ёки душманчилик уйғотганликда айбланмоқда.

Муртазинга қўйилаётган айбловларнинг бир қисми 72 яшар Минтемир Шаймиевнинг Туркияда дам олаётган пайтда оламдан ўтгани ҳақда сентябр ойида ўз блоги орқали интернетда хабар тарқатгани билан боғлиқ.

Суд ҳукмини кутар экан Ирек Муртазин бекор ўтирмасдан¸ Татаристон пойтахти Қозон шаҳар кенгашини кескин танқид қилувчи янги китоб ёзмоқда.
XS
SM
MD
LG