Линклар

Самарқандда дўкондорлар чув тушмоқда

  • Сарвар Усмон

Самарқанднинг сўлим районида жойлашган дўконларни бузиб¸ шаҳар ҳокимлиги¸ ерини учаскта қурувчиларга бермоқчи.

Самарқанднинг сўлим районида жойлашган дўконларни бузиб¸ шаҳар ҳокимлиги¸ ерини учаскта қурувчиларга бермоқчи.

Самарқанд шаҳар ҳокимиятининг қарорига биноан шаҳарнинг Типография кўчасидаги ўттизга яқин дўкон бузилмоқда. Дўконлар эгалари ва ҳокимият вакиллари орасида жанжал бўлмоқда.

Бу - Озодликнинг электрон почтасига келиб тушган хабарлардан бири. Шу хабар изидан тушдик.

Дўкондорлар арзи

Дўкони бузилаётганлардан бир нечасини топдик.

Улардан бири – Жамила опа билан ўртамизда мана бундай савол-жавоб бўлиб ўтди:

Озодлик: Демак¸ ўша ерда сизнинг ҳам магазинингиз бор ўша ерда.

Жамила опа: Ҳа.

Озодлик: Бу қанақа магазин? Каттами¸ кичикми?

Жамила опа: Катта. Бўйига 11 метр¸ энига уч метр 20 сантиметр.

Озодлик: Қачон сизга уни "Буз!" деди?

Жамила опа: Бугун шундай гап бўлаëтганига тўрт кун бўлади. Кечадан бизлар бозор бузаяпмиз.

Озодлик: Демак¸ шу соатларда магазинингиз бузилаяпти-а?

Жамила опа: Ҳа. Мана шу ерда нечта магазин бўлса¸ ҳаммаси бузилаяпти.

Озодлик: Ким бузаяпти?

Жамила опа: Ҳамма ўзи бузаяпти.

Озодлик: Сиз ҳам мардикор чақириб буздираяпсизми?

Жамила опа: Йўқ¸ менинг ҳамсояларим бор¸ иккита кичик неварам бор. Шулар менга ëрдам бераяпти.

Озодлик: Нимадан норозисиз?

- Шу ерда ишласам оиламни¸ бобойимни боқаяпман. Агар буни бузсам¸ менинг ҳолим умуман чатоқ бўлади. Агар ëрдам берсалар¸ пулини берсинлар. Менинг бошқа даъвоим йўқ¸ дейди Жамила опа.

Жамила опа билан суҳбатни мана шу жойда узамиз. Унинг сўнгги гапи “пулини берсинлар, бошқа даъвоим йўқ”, деган гапи эсингиздан чиқмай турсин.

Бошқа бир суҳбатдошимиз, иккита дўкон эгасининг турмуш ўртоғи Маматқул аканинг айтишича, Типография кўчасидаги бузилаётган дўконлар шунчаки эплама киосклар эмас, балки совет даврида қурилган, 80-йиллар охири, 90-йиллар бошида хусусийлаштирилган капитал бинолардир.

- Бизда иккита дўкон. Биринчиси 21 квадрат метр. Иккинчиси 10 квадарт метр. Иккаласининг ҳам олди арка қилинган¸ томлари тунука билан ëпилган. Жуда ҳам чиройли қилиб қурилган¸ дейди Маматқул ака.

Дўконлар жойлашган ҳудуд ҳам ҳар қандай савдогар ҳавас қиладиган савдобоп жой.

- Буëғимизда тиббиëт институти бор¸ бу ëғимизда кооперативний институтимиз бор. Тошкентдаги институтларнинг филиаллари бор. Кунчиқар томонида парк бор¸ дейди Маматқул ака.

Хуллас, бу ердаги дўкондор дангасаларнинг додаси бўлсаям, савдоси юраверадиган жой.

Маматқул аканинг айтишича, дўконлар жойлашган ер участкалари Самарқанд шаҳар ҳокимиятига керак бўлиб қолганига бир ҳафтаям бўлгани йўқ, Шаҳар ҳокими, дейди у, 3 – 4 кун аввал:

- Самарқанд кинотеатрининг олдига 50 та стол қўйиб¸ ҳаммани чақирди. Ўзи билан саккизта одам олиб келди¸ 25 та милиция олиб келди. МХХ¸ солиқчиларнинг ҳаммасини йиғиб келиб¸ мажлис қилди. “Хўш¸ ўртоқлар. Мана шу ердаги магазинларни ўз ҳисобларингиздан бузиб оласизлар” деди. Одамлар “Бизлар нима қиламиз? Бизлар буни ўз пулимизга қурганмиз. Хусусий мулкимиз бу. Ўша дўконларнинг пулини тўланглар. Бизлар бузиб оламиз” деб дод-фарëд қилишди. “Йўқ. 20-30 нафар солдат олиб келиб¸ бузиб ташлайман. Сизларга уч кунлик муҳлат” деди¸ дейди Маматқул ака.

Маматқул ака ҳам “одамлар пулини тўланглар, деса ҳоким йўқ, деди”, деяпти.

Маматқул аканинг айтишича, ҳокимият бузилаётган иморатлар ўрнига ер участкаси бермоқчи.

- Чўпонота деган тоғимиз бор. Ўшанинг пастида йўл бор. Ҳеч ким бормайдиган жой у ер. “Ўша ердан сизларга 20 метрдан ер берамиз. Магазинларингни бузиб¸ ўша ëққа олиб бориб қуринглар” дейди. Битта иморатни битта жойдан кўчириб қуриш учун икки баробар пул кетади. Шунинг учун ҳамма “Бизларга унақа жой керак эмас” деб қайтиб келди¸ дейди Маматқул ака.

Самарқанд шаҳри, Типография кўчасида бузилаётган ўттизга яқин дўкон билан боғлиқ можаронинг дўкондорлар талқинидаги мазмуни шу.

Ҳокимият вакили жавоб беришдан қочди

Мол аччиғи – жон аччиғи. Дунёда бирон дўкондор йўқки, биров дўконингни бузаман, деб келса, марҳамат, бузаверинг, дейдиган.

Бас, шундай экан, Типография кўчасидаги дўконлар эгалари ҳокимиятнинг гапини тушунсалар ҳам¸ ўзларини тушунмаганга солаётгандирлар?

Ҳокимият позициясини билиш учун кечгача уриндик.

Шаҳар ҳокими қабулхонаси "архитектура бўлимига мурожаат қилинг" деди, архитектура бўлими қурилиш бўлимига жўнатди.

Архитектруа бўлими котибасининг айтишича, архитектор Тошкентда, муовинлари “сносда”, экан. (Типография кўчасидаги сносда, деб тушундик).

Шунинг учун бўлим масъулларидан бири Малоҳат исмли ходимнинг “Типография кўчасидаги сносга архитектура бўлимининг алоқаси йўқ”, деган гапини журналист саволига жавоб беришдан бош тортишнинг маданий усули, деб тушундик.

Ҳуқуқшунос шарҳи

Энди ҳуқуқшуноснинг вазият юзасидан шарҳини тингланг.

Тошкентлик адвокат Анвар Мамедовнинг айтишича,

- Ўзбекистонда мулк ҳуқуқи бир неча қонун билан кафолатлаб қўйилган. “Мулк тўғрисида” қонун бор. Бу ҳуқуқ Фуқаролик кодексида Ер кодексида ва бошқа ҳужжатларда муҳофаза қилинади¸ дейди Анвар Мамедов.

Типография кўчасидаги дўкондорлар билан боғлиқ вазиятни дўкондорлар сўзларидан келиб чиқиб шарҳлар экан, Анвар Мамедов Вазирлар маҳкамасининг худди шундай вазиятлар назарда тутилган қарори борлигини, унда белгилаб қўйилишича, бировнинг мулкини бузадиган структура, ким бўлишидан қатъий назар¸ олиб қўяётгани ер қанча бўлса, мулк эгасига шунча ер участкаси бериши, ҳамда бузиладиган мулк учун товон тўлаши керак.

Агар савдогарларнинг сўзларига ишонар бўлсак, Самарқанд шаҳар ҳокимияти қонуннинг бир талабини бажаришга тайёр, яъни тортиб олаётгани ер ўрнига ер бермоқчи. Бироқ иккинчи талаби – товон тўлашдан бош тортмоқда.

Агар чиндан ҳам шундай бўлса, дейди ҳуқуқшунос, дўкондарлар ишни суд орқали ҳал қилишлари мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG