Линклар

logo-print

Эркин микрофон

  • Садриддин Ашур

Марҳамат¸ +420 602 612 713 рақамига қўнғироқ қилинг, SMS хабарлари йўлланг - Озодликнинг эркин микрофони Сиз учун ҳам очиқ!

Марҳамат¸ +420 602 612 713 рақамига қўнғироқ қилинг, SMS хабарлари йўлланг - Озодликнинг эркин микрофони Сиз учун ҳам очиқ!

Озодликка тингловчи ва муштарийлардан бўлаëтган қўнғироқлар¸ йўлланаëтган SMS хабарлар асносидаги суҳбатларда яна турфа мавзулар¸ турфа мулоҳаза ва истаклар жамланди.

Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманидан қўнғироқ қилган тингловчимизнинг айтишича, вилоятда нақд пул тобора муаммо бўлиб бормоқда. Ҳатто ногиронларнинг пенсиялари ҳам икки ойлаб кечиктирилиб бериляпти.

- Биз нафақаларни вақтида ололмаймиз. Почтадан оладиганларга эса ойма-ой кечиктириб бераяпти. Корхоналар ҳам “Банкда пул йўқ” дейди. Банк пул бермайди. Ўқитувчилар ва врачларнинг ҳам аҳволи шу. Уч-тўрт ойдан бери ойлик ололмаëтган ўқитувчилар бор. Пластик карточка тиқиштиради. Пластик карточкани қаерга ҳам ўтказасиз? Ўзбек сўмига айлантирмоқчи бўлсангиз¸ 100 минг сўмга 10-15 минг олади дейишади¸ дейди сурхондарëлик тингловчи.

Жиззахдан қўнғироқ қилган тингловчи эса, олий ўқув юртида порахўрлик авж олганлигини, контракт пуллари ошиб, талабалар қийналиб қолаётганини айтади:

- Домлалар ҳозирги пайтда сессия пайтида катта миқдорда пул талаб қилаяпти. Талабаларнинг контракт пули ҳам ошганлиги сабабли кўплар ўқишга қийналаяпти. Шу ҳақда эшиттириш тайëрласангизлар деган таклифим бор. Мен ҳам талабаман.

Битта шеригимнинг айтишича¸ битта домланинг нархи 350 минг экан. Ўзингиз тасаввур қилиб кўринг. Бу талабанинг оладиган беш-олти ойлик стипендиясию. Бу боргани¸ ўқигани¸ дарсга кириб ўтиргани 350 минг. Бормаса¸ битта баҳоси миллион дедида. Биттаси “Сессия пайтида ëмон қийнашади. Бунинг устига контракт ҳам ошди” деб айтди. У стипендия оладими ë контрактга пул тўлайдими? Пулни беради ва яна қайтариб олади. Тушунаяпсизми? Стипендия талабаларга насиб қилмайдида. Стипендиясини шундай ўтказиб юбораяпти. Менинг истагим ҳам бор эди. Андижон воқеалар ҳақида такроран эшиттириш қилиб берасизларми¸ деган ниятим бор эдида¸ дейди жиззахлик тингловчимиз.

Россияда меҳнат муҳожири бўлиб ишлаётган андижонлик Абдулла ҳам доим Озодликни мунтазам тинглашини айта туриб¸ Ўзбекистондаги мобил телефонларнинг кириш қўнғироқлари ҳам пулли эканлигидан шикоят қилади:

- Биз Россиядан Ўзбекистонга телефон қиламиз. Телефон қилганимизда¸ у ëқдан пул олади. Уйдагилар “Пулимиз тугаб қолди. Яна пул қўйганимизда телефон қиласан” дейишади. Ўша ҳақда ҳам гапирсанглар.

Мисол учун¸ Ўзбекистонда ҳам¸ қайси давлатда бўлишингиздан қатъий назар¸ метрога кирсангиз¸ жетон олиб кирасиз¸ қайтиб чиқаëтганингизда пул бермайсиз. Масалан¸ ўзимизда Дамасга чиқсангиз¸ тушишингизда пул бермайсизку. Чиқишда берамиз. Бу қўнғироқ дегани гам шунақа бўлиши керакда. Қийналиб пул топганингдан кейин уйга телефон қилиб¸ ота-онамнинг овозини эшитаман десангу¸ уларнинг овозига тўймасингдан пули тугаб қолса¸ жуда ғалати бўлар экан.

Сизларнинг эшиттиришингизларни эшитаман. У ëқдан¸ бу ëқдан ўзбекистонликлар гапиришади. Қайсидир маънода маза қиламан. Раҳмат сизларга. Оллоҳ рози бўлсин. Ишларингга ривож берсин¸ дейди Россияда меҳнат муҳожири бўлиб ишлаётган андижонлик Абдулла.

“Эркин микрофон” рукнига бир қанча СМС хабарлар ҳам келди.

Ҳозирда Россияда ишлаётган андижонлик бир тингловчимиз шундай деб ёзади:

“Салом. Мен сизлар берган хабар ва янгиликларни мунтазам ўқиб тураман. Москвада қурилишда ишлайман. Аввал ҳар хил фирмаларда ишлаб, алданиб юрдим. Худога шукр, ҳозирга келиб ишларим яхши. Кризис ҳозирча мени четлаб ўтиб кетяпти.

Мени Ўзбекистондаги банк тизими қизиқтиради. Аниқроқ айтсам,биз юборган пулларни аёлларимиз болаларга ва рўзғорга ишлатишади. Ҳар ойда рўзғордан уч-тўрт сўм тежаб қолишади. Шу пулни уйда сақлагани қўрқадилар.Ҳозир Ўзбекистон банкларига омонатни қанчалик даражада ишониб бўлади”, деб ёзиб юборибди бу тингловчимиз.

Албатта бу мавзуни келажакда¸ тингловчимиз истагига биноан¸ синчковлик билан ўрганишга ҳаракат қиламиз.

Россиядаги ўзбек муҳожирларидан Озодлик радиосини танқид қилган SMSлар ҳам келган. Жумладан бир тингловчимиз:

“Берилаётган манбалар жуда кам ва саёз”, деб ёзса¸ яна бири

“Ассалому алайкум. Интернетда Озодликни эшитиб бўлмаяпти. Олдин таблица чиqиб турарди. Ҳозир йўқ. Илтимос ёзворинглар”, дебди.

Ўзбекистондан телефон рақамининг охири 13 билан тугайдиган тингловчимиз эса, бизга “Яшанглар ва албатта бўшашманглар, деб далда берибди. Раҳмат, бўшашмасликка ҳаракат қиламиз. Телефон рақами 68 билан тугайдиган бу тингловчимиз эса тўрт қатор шеър ҳам ёзиб юборибди.

“Қўрқоқ одамларни аланглатганча,
Бўшроқ асабларни таранглатганча,
Озодлик қўшиғин жаранглатганча,
Чопиб кетаётир занжир узган ит....”

Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманидан SMS йўллаган Файзулло эса шундай деб ёзибди:

“Мен Озодлик радиосини икки йилдан бери тинглаб келаман.Сизларни катта кичик долзарб мавзуларни адолатли тарзда ёритишингиздан хабарим бор.Мени 2007 йил биринчи декабрида қўшни маҳаллада...” афсуски ана шу жойида хабар узилиб қолган.

“Салом. Мен Фарғонадан Рустам. Сизларни асосан мобил орқали интернетдан ўқийман”, деб ёзибди.

Ҳурматли тингловчи, Озодлик радиосининг эркин сўз микрофони Сиз учун доим очиқ. Яна бир бор, телефон рақамимизни эслатиб ўтаман. Марҳамат¸ +420 602 612 713 рақамига қўнғироқ қилинг, SMS хабарлари йўлланг.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG