Линклар

Қотил тилга кирди


Собиқ генерал¸ ҳозирда махсус аҳамиятга эга маҳбус Пукач ҳаëти¸ президент топшириғига кўра¸ мунтазам видео камера орқали назорат қилинмоқда.

Собиқ генерал¸ ҳозирда махсус аҳамиятга эга маҳбус Пукач ҳаëти¸ президент топшириғига кўра¸ мунтазам видео камера орқали назорат қилинмоқда.

Украинада 2000 йилда мустақил журналист Георгий Гонгадзени ўлдирганларга бошчилик қилган генерал Пукач¸ қотиллик буюртмачилари ҳақда кўрсатма бермоқда.

Ички ишлар вазирлининг Жиноят-қидирув бош бошқармаси бошлиғи¸ генерал-лейтенант Алексей Пукач дастлаб 2003 йилда кўлга олиниб¸ кейинроқ қўйиб юборилганидан кейин Украинадан ғойиб бўлган эди.

Терговчиларга кўра, Пукачнинг шахсан ўзи Гонгадзени ўғирлаб¸ кейин уни ўлдирган Ички ишлар вазирлигининг бир гуруҳ ходимларига бошчилик қилган. Алексей Пукачнинг бу қотилликни ўз ихтиёрига кўра содир этмагани айтилмоқда. Гонгадзени ўлдирганлар ушланган бўлса-да, қотилликни ким буюрган¸ деган савол очиқ қолмоқда.

Украина ҳукуматининг ашаддий танқидчиси бўлган журналист Георгий Гонгадзе 2000 йилда ўғирлаб кетилганидан икки ой ўтиб унинг бошсиз ва бир қисми куйган жасади ўрмондан топилган эди.

Бу шафқатсиз қотиллик мамлакатнинг ўша даврдаги президенти Леонид Кучма ва Украина хавфсизлик хизматининг обрўсига халқаро миқёсда жиддий путур етказди, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳамда Европа Иттифоқи томонидан кескин танқидга учради.

Ҳозирда Украина матбуоти Гонгадзени ўз қўли билан бўғиб ўлдиргани айтилаëтган генерал Пукачнинг мамлакатнинг Житомир вилоятида қўлга олингани ҳақида ёзмоқда.

Украина Бош прокурори ўринбосари Виктор Кудрявцев 22 июл куни Киевда бу хабарни тасдиқлади:

- Дарҳақиқат¸ Алексей Пукач ҳибсга олинди, сўроқ қилинди. У ўзига нисбатан эълон қилинган айбловлар бўйича кўрсатма берди, деди Бош прокурор ўринбосари.

Гонгадзени ўлдириш билан боғлиқ ҳужжатларни йўқ қилганликда гумон этилган Алексей Пукач дастлаб 2003 йилда қўлга олинган эди. Бироқ апелляция суди қарори билан у озод этилган. Киев шаҳридан ташқарига чиқмаслик ҳақида буйруқ берилганига қарамай, у ғойиб бўлган ва ўша вақтдан бери қидирувда қолаëтган эди.

Гонгадзени ўлдиришга кўмаклашган ва жасадни йўқ қилган уч нафар милиция ходими ҳозирда узоқ муддатли қамоқ жазосини ўтамоқда.
Генерал-лейтенант Алексей Пукачнинг қўлга олиниши 31 яшар журналист Гонгадзенинг ўлдирилиши юзасидан очилган жиноий ишга нуқта қўйиши мумкин эди. Аммо қотиллик буюртмачиси ким¸ деган савол очиқ қолмоқда.

2000 йилда президент Леонид Кучманинг собиқ тан соқчиси Микола Мелниченко Кучманинг Гонгадзени ўғирлаш ва ўлдириш ҳақида буйруқ бераётгани ëзилган магнит тасмасини оммага эълон қилган эди. У суҳбатни соқчи бўлиб ишлаган пайтда ёзиб олганини иддао қилган.

Кучма овозлардан бири ўзиники эканини тан олган¸ аммо суҳбат мазмуни “атайин ўзгартирилганини” таъкидлаган эди. Магнит тасмасидаги иккинчи овоз соҳиби - ўша пайтдаги Украина Ички ишлар вазири Юрий Кравченконинг жасади у воқеадан кўп ўтмай ўз уйида бошига ўқ теккан ҳолда топилган эди.

Бу қотиллик президент Кучманинг обрўсини бир пул қилиш баробарида унга қарши кенг миқёсда кўча намойишлари уюштирилишига сабаб бўлди. Оқибатда бу норозиликлар 2004 йилда "Зарғалдоқ инқилоби"га туртки бўлиб, Виктор Юшченконинг президент этиб сайланиши билан тугади.

Георгий Гонгадзенинг ўртоғи Мирослава Гонгадзе ва болалари АҚШдан сиёсий бошпана олган.

22 июл куни Озодлик мухбири билан суҳбатлашган Мирослава генерал Пукачнинг кўрсатмалари қотилларни топишда муҳим эканини айтди.

- Агар генерал Пукач қотиллик ташкилотчилари кимлигини айтса, бу нафақат уларнинг исмини ошкор қилишда¸ балки қотилликни буюрганларга нисбатан айблов эълон қилишда далил сифатида фойдаланилган бўларди, деди Мирослава Гонгадзе.

Айни пайтда чоршанба куни Украина президенти Виктор Юшченко Гонгадзенинг ишига нуқта қўйилишини айтди.

- Бу тергов иши тугатилади. Кеча мен кўрсатма бердим. Мен шуни таъкидламоқчиман, Пукачнинг бошидан бир дона сочи тўкилмаслиги керак. У доим видео камералар орқали кузатув остида бўлган жойда сақланади. Бу унинг ҳаёти ҳимоя қилинади деган гап, деди президент Юшченко.
XS
SM
MD
LG