Линклар

Украиналик журналистнинг қотили топилди


Украиналик журналист Георгий Гонгадзе ўлимида гумонланаётган Алексей Пукач қотиллик буюртмачилари исмларини айтган, шунингдек, ўзининг ҳам ушбу жиноятга алоқаси борлигига сўроқ пайти иқрор бўлган. Бу ҳақда Украина хавфсизлик ҳизмати бошлиғи Василий Грицак махсус брифингда маълум қилди.

Украина Ички ишлар вазирлиги генерал-лейтенанти Алексей Пукач Гонгадзе ўлимида гумон қилинган асосий шахс сифатида 2003 йил кузида ҳибсга олинди. Аммо Киев шаҳридан чиқиб кетмаслик шарти билан озод этилган генерал кўп ўтмай ғойиб бўлган эди.

Орадан олти йил ўтиб, Пукач Житомирда қўлга олинди. Тергов хулосасига кўра, айнан Алексей Пукач Гонгадзенинг ўлдирилишини бошқарган.

Украиналик журналист Георгий Гонгадзе 2000 йил 16 сентябрида ғойиб бўлганди. Унинг бошсиз танаси ўша йилнинг ноябр ойида Киев яқинидаги ўрмондан топилганди.

Кўп ўтмай парламентда журналистнинг йўқолиши ва ўлдирилишига тааллуқли аудиоёзувлар эшиттирилиши катта жанжалга сабаб бўлди ва бу жанжал Украинадаги зарғалдоқ инқилоби билан якун топди.
XS
SM
MD
LG