Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:18

"Божалар" соғаймоқда


Акасининг айтишича¸ Жаҳонгирни саҳнага энди Мўминжонсиз қайтиш изтироби эзмоқда.
Акасининг айтишича¸ Жаҳонгирни саҳнага энди Мўминжонсиз қайтиш изтироби эзмоқда.

Ўзбекистондаги машҳур бу гуруҳнинг автоҳалокатдан омон қолган қўшиқчиси Жаҳонгир айни кунларда оғир жисмоний ва руҳий жароҳатлардан тузалиб¸ мухлислари олдига янги қўшиқ билан чиқишга ҳозирланмоқда.

Бу ҳақда Жаҳонгирнинг акаси Абдураҳмон Позилжонов Озодлик билан суҳбатда маълум қилди.

Тожикистондаги гастролдан қайтаëтган "Божалар" гуруҳи солистлари Мўмин Орипов¸ Жаҳонгир Позилжонов¸ гуруҳ маъмури Жавлон Шодмонов¸ ҳамда гуруҳга шогирд тушган Шаҳзод ўтирган Ласетти русумидаги машина 28 июндан 29 га ўтар кечаси Термиз-Тошкент магистрал йўлида КАМАЗ юк машинасига урилиб кетган эди. Оқибатда¸ 25 яшар Мўминжон ҳалокат жойида оламдан кўз юмган¸ унинг йўлдошлари эса¸ оғир жароҳат билан касалхонага ëтқизилган эди.

Оддий ўзбек қишлоқлари фонида ëзилган қўшиқлари билан Ўзбекистонда каттаю кичик меҳрини қозонган "Божалар" гуруҳига оид бу шум хабар тарқалгандан бери Озодликка Мўминжоннинг вафотидан қайғуга тушган¸ Жаҳонгирнинг эса тезда соғайиб¸ саҳнага қайтишини ният қилган муштарийлардан тинимсиз хатлар келмоқда.

Бу каби таскин ва тилак йўллаганларга миннатдорлик билдира туриб Жаҳонгирнинг акаси Абдураҳмон Позилжонов¸ укасининг ҳозирги аҳволига тўхталди.

Абдураҳмон: Бу мухлисларга нима десам экан. Жаҳонгир¸ Жавлон ва Шаҳзодларнинг аҳволи ҳозирги кунда анча яхши. Ҳеч хавотир оладиган жойи йўқ. Ҳаммаси жойида. Шуни айтиб қўйишим керак.

Озодлик: Демак¸ ҳамма хавф-хатар ортда қолди.

Абдураҳмон: Ҳа¸ шундай. Бир ҳафта¸ 10 кунлардан кейин Жаҳонгирнинг ўзи билан бирга матбуот конференцияси ўтказамиз.

Озодлик: Гуруҳ солисти Мўмин Ориповнинг вафот этгани бу йигитларга қандай таъсир қилди? Яқин дўст бўлишган ҳар қалай.

Абдураҳмон: Таъсир қилгани шунақаки¸ Жаҳонгир ҳам¸ Жавлон ҳам анча сиқилди. Ўзимаску биласиз. Булар етти йилдан бери бирга ижод қилиб келишган. Ака-укадай бўлиб кетишган. Шунга анча сиқилиш бўлди. Йўқотиш яхшимаску¸ ўзингиз биласиз.

Озодлик: Йигитларнинг жароҳатлари оғир эмасми?

Абдураҳмон: Олинган жароҳатлари оғир бўлган. Ҳозирги кунга келиб анча яхши бўлиб қолишди. Тикланишаяпти.

Озодлик: Қанақа жароҳат олган?

Абдураҳмон: Жаҳонгирнинг мияси қаттиқ чайқалган ва оëғидаги суяги очиқ синган. Ҳозир ўшани жойига қўйиб¸ қотириб¸ гипс қилиб қўйишди¸ бошини даволашаяпти. Мия чайқалиши олдини олиш лечениелари кетаяпти. Бу ҳам деярли тугаб қолди. Шаҳзодда ҳам худди шу.

Жавлоннинг ўпкаси¸ қовурғалари¸ елкаси синган. Операцияларнинг ҳаммаси яхши ўтди. Икки марта операция бўлди. Унинг ҳам мияси сотресение бўлган. Яъни пешона билан урилган. У ҳам ҳозирги кунда анча яхши бўлиб қолди. Худо хоҳласа 10-15 кунда яхши бўлиб кетишади.

Врачларнинг айтиши бўйича¸ Жаҳонгир уч-тўрт ойда юради. Яъни уч-тўрт ойда оëққа туради. Жавлон ҳам бир-бир ярим ойда яхши бўлиб кетади Худо хоҳласа.

Озодлик: Булар яна саҳнага қайтишади ва мухлислар кўнглини шод қилишади¸ деган умиддамиз.

Абдураҳмон: Ҳа¸ шунақа. Худо хоҳласа Жаҳонгир мухлисларга битта қўшиқ билан чиқади. Битта қўшиқ айтиб чиқаман¸ деяпти.

Озодлик: Берган маълумотларингиз учун катта раҳмат сизга. Йигитларга Худо шифо берсин.

Абдураҳмон: Сизларга ҳам¸ мухлисларга ҳам Жаҳонгирни қўллаб-қувватлаб¸ ҳол-аҳвол сўраганлари учун катта раҳмат. Ҳамма мухлисларга каттакон раҳмат.
XS
SM
MD
LG