Линклар

logo-print

Бозор атрофидаги "базар"

  • Фаррух Юсуфий

 “Черкизон”да кун кўриб келган минг-минглаб муҳожирлар¸ ҳар куни бозор очилишини кутиб яшамоқда.

“Черкизон”да кун кўриб келган минг-минглаб муҳожирлар¸ ҳар куни бозор очилишини кутиб яшамоқда.

Москвада “Черкизон”нинг ëпилиши¸ Тошкентда эса “Паркент” бозорида ëнғин чиқиб¸ эндиликда унинг шаҳар ташқарисига кўчирилиш эҳтимоли бу бозорларда тирикчилик қилиб келган минг-минглаб ўзбекистонликларни танг ҳолга солиб қўйди.

Бозор талаш бўлди

Ўтган ой охирида ўн минглаб меҳнат муҳожирлари, жумладан минглаб ўзбек мардикорларнинг тирикчилик манбаи бўлган ва оддий халқ тилига “Черкизон” бўлиб кирган бу бозорнинг ёпилишини расмийлар бозорда санитария қоидаларига риоя қилинмагани ва у ерда контрабанда моллари сотилгани билан изоҳлади.

“Черкизово, Россиядаги энг йирик бозор. Миллионлаб контейнeрлару, тугунлардан ташкил топган бу йўлаклардаги товарларнинг барчаси контрабандадир. Уларнинг нархи 2 миллиард долларга тенг. Бу контейнер ва тугунлар қаердан, қайси давлатдан келганини ҳеч ким билмайди. Бу товарларнинг аксарияти заҳарли моддалардан қилинган. Улар орасида таркибида финол заҳарли моддаси бўлган болалар пойфазали, келиб чиқиши шубҳали бўлган бўёқларда бўялган майкалар ва бошқа товарларни кўриш мумкин”.

Бу давлатга қарашли Россия телеканалида берилган “Черкизов” бозорининг ёпилишига оид репортаждан парча эди.

Бироқ Россия ва хориждаги мустақил матбуотнинг ёзишича, бозорнинг ёпилиши ортидаги сабаб бундан кўра жўнроқ. Айтилишича, бунинг асосий сабаби асли озарбайжонлик миллиардер Тельман Исмоиловга қарашли бўлган “Черкизов” бозорига Кремлга яқин бўлган бошқа бир олигархнинг кўз олайтирганидадир.

Устига устак, бозор ёпилишининг Бош вазир Владимир Путин олигарх Исмоиловнинг Туркияда Европадаги энг қиммат ва энг ҳашаматли меҳмонхона қурганига жиддий эътироз билдириб турган пайтга тўғри келгани ҳам кўпчиликда шубҳа туғдирмоқда.


Камбағалнинг ўғрилардан қолган нони ҳам тугади


Россиялик таниқли журналист ва Жамоатчилик палатаси вакили Николай Сванидзе, ўтган ҳафта “Эхо Москвы” радиосига берган интервьюсида бундай деди.

- Бу бозор пайдо бўлганига кўп йиллар бўлди. Негадир бозорнинг қанчалар ёмонлиги бирданига аниқ бўлиб қолди. Балки ҳақиқатан ҳам ёмондир, лекин бу негадир бирданига аниқ бўлиб қолди ва уни ёпиб, у ердагиларни кўчага ҳайдаш эҳтиёжи пайдо бўлиб қолди. Лекин уни ёпишдан олдин, оқибатларини ўйлаб кўрадиган киши топилмади.

Бу контрабанда товарлари қаердан келиб қолди, шунча йиллардан бери нега бу ҳақда индалмади? Балки айбдорларни қамаб¸ жазолаш керакдир? Лекин тирикчилик қиламан, деб бозорда қулдек ишлаган минглаб меҳнат муҳожирларида нима айб, улар нега жазоланиши керак? Уларнинг айби бозор кимнингдир манфаатига мос келмаганидами, дейди журналист Сванидзе.

Россиядаги Тожик халқи лигаси етакчиси Каромат Шариповнинг айтишича, “Черкизов” бозорида 18 минг тожикистонлик мардикор тирикчилик қилиб келган.

- Бозордан кун кўрган 18 мингдан ошиқ ватандошларимизнинг 7000 дан ортиғи доимий тарзда “Черкизов” бозорининг ичида яшаб, ишлаган. Яъни улар бозор ҳудудидан умуман ташқарига чиқишмаган. Расмийлар санитария сабабларини кўрсатаётган бўлса-да, аслида ҳокимиятга яқин кучлар орасида бозорнинг талаш бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Бозор иш бошлаганига 15 йилдан ошди, лекин оддий одамларнинг тақдири ҳеч қачон ҳеч кимни қизиқтирмаган. У ерда, айниқса, Тожикистон ва Ўзбекистондан келган мардикорлар қулдек ишлатилган, дер экан Шарипов ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари муаммолари билан шуғулланадиган ташкилотнинг бўлмагани боис “Черкизов”да кун кўрган ўзбеклар сонини аниқ айтиш қийинлигини қўшимча қилади.

Лекин, дейди суҳбатдошимиз...

- Россиядаги ўзбеклар диаспораси тезроқ оёққа туриб олишини истар эдим. Чунки Россиядаги ўзбекистонлик мардикорлар сони бўйича биринчи ўринда туради. Масалан, бу ерда уч миллион тожик бўлса, Ўзбекистон фуқаролари 5-6 миллионни ташкил қилади. Шунинг учун уларнинг муаммолари, айниқса мана бундай вазиятларда уларга кўмаклашадиган ташкилот, кучли диаспора керак, дейди Россиядаги тожик диаспораси етакчиларидан бири.

Маълум бўлишича, “Черкизов” бозорида ўзбекистонликлар асосан ҳаммоллик билан тирикчилик қилган. “Черкизон”нинг ёпилиши, одатда ўзидан орттирганини Ўзбекистондаги яқинларига жўнатадиган минглаб ўзбек меҳнат муҳожирлари оилалари турмушида ҳам акс этишини англаш қийин эмас.


“Паркент” бозори ҳам яширин "ким ошди"га қўйилдими?

16 июл куни Тошкентдаги энг йирик бозорлардан бири бўлган “Паркент” бозорининг қурилиш материаллари қисмида катта ёнғин рўй бергани ҳақда хабар чиқди.

21 июл куни www.uzmetronom.com интернет нашри тарқатган хабарга кўра, бозор осмонини қора тутунга белаган бу ёнғин аслида Ўзбекистондаги энг машҳур қурилиш моллари бозори устида қора булутлар тўпланаётганидан даракдир.

www.uzmetronom.com ёзишича, “Паркент” бозорининг қурилиш материаллари қисмини бошқа жойга кўчириш масаласи анчадан бери муҳокама қилинган, лекин савдогарлар иссиқ жойларини ташлаб кетишга қаршилик қилгани боис бу масала пайсалга солиб келинган.

"Ўтган ҳафтадаги ёнғин эса, масаланинг расмийлар фойдасига ҳал этилишига асос бўлди ва яқин келажакда қурилиш моллари бозорининг Қўйлиққа кўчирилишини кутиш мумкин", деб ёзди www.uzmetronom.com.

Бу хабар ортидан, “Паркент” бозори бошига ҳам Москвадаги “Черкизов” бозори куни кутиши мумкинми, агар бозорнинг ёпилишига оид хабар рост бўлса, бунинг ортидаги асл сабаблар нима, бозор ёпилишининг савдогарлар ва мижозлар учун оқибатлари қандай бўлади, деган саволлар билан қизиқиб кўрдик.

Авваламбор¸ бозор тақдирида бурилиш ясаши мумкин бўлган 16 июл кунги ёнғинга нима сабаб бўлди?

“Паркент” бозорида кунора қурилиш моллари харид қиладиган уста Анваржоннинг айтишича, ёнғин электрдаги қисқа туташувдан чиққан.

- Битта дўконда сваркани ишлатамиз деб 220 лик разведкага тиқишган. Ўшанда сим кўтармасдан ўшандан ўт чиққан ва краскаларга тушиб¸ 80 дан ортиқ дўкон ëниб кетган. Ҳозир таъмирлаш ишлари олиб борилаяпти¸ дейди Анваржон.

Лекин, дейди суҳбатдошимиз, бозорнинг ёпилиши ҳақида гап-сўз йўқ.

Анваржониннг айтишича, “Паркент” бозорининг қурилиш моллари қисми у ердаги минглаб савдогарлардан ташқари, харидорлар билан ҳам ҳар доим гавжум ва агар бозор ёпилгудек бўлса, оқибатлари қандай бўлишини англаш қийин эмас.

- Ҳа¸ роса катта. Дўконлари ҳам кўп. Қурилиш материаллари дўконининг ўзи мингга яқин. Паркент бозори Тошкентдаги энг катта қурилиш материаллари бозоридан бири бўлса керак. Масалан¸ биз бозорга бир борганимизда бир ярим¸ икки миллионлик нарса оламиз. Бизга ўхшаган харидорлар жуда кўп. Тахминан 10 мингга яқин одам келади. У ерда ишлайдиганлар 2000 нафарни ташкил қилади¸ дейди Анваржон.

Тошкентлик яна бир суҳбатдошимиз Шуҳрат ака ҳам устачилик қилади, у кишининг “Паркент” бозори ёпилиши ҳақидаги гап-сўзлардан хабари бор. Лекин, дейди Шуҳрат ака, бозор бутунлай эмас, Тошкент шаҳарининг юбилейи муносабати билан ўтказиладиган тадбирлар пайтида вилоятлардан келган мардикорларни пойтахтдан чиқариб юбориш мақсадида, вақтинча ёпилади.

- Билишимча¸ 4 август куни Тошкент шаҳрининг юбилейи ўтказилар экан деган гап бор. Шу муносабат билан олдиндан ëпиб туриш хабари келаяпти¸ дейди уста Шуҳрат ака.

Шуҳрат аканинг айтишича, нафақат “Паркент” балки бошқа бозорлар ва умуман мўмай даромад келтирадиган иншоотларда ҳар доим кимларнингдир манфаатлари тўқнаш келади. Агар “Паркент” бозори ёпилиши ёки бошқа жойга кўчирилиши ҳақидаги хабар рост бўлса, бу кўпчилик учун катта зарба бўлади, деб давом этади уста.

- Жуда қаттиқ зарба бўлади. У Тошкент бўйича қурилиш материаллари билан таъминлайдигaн бозор. У савдода ишлайдигaн сотувчиларга ҳам¸ материал қидирадиганларга ҳам¸ шаҳар аҳолисига ҳам зарба бўлади. Кўпчилик одам қидирган нарсасини - пластик дейсизми¸ рейка дейсизми¸ гипсокартон дейсизми – ҳаммасини Паркент бозорига бориб¸ топиб келади. Бундан ташқари¸ қурилиш асбоб-ускуналарининг¸ дрел¸ перфпратор дегандай¸ улгуржи бозори шу ерда. Бу жуда катта бозор¸ дейди тошкентлик уста Шуҳрат ака.
XS
SM
MD
LG