Линклар

Душанбеда некбинлик ошмоқда

  • Гулнора Равшан

Кузатувчилар¸ Тошкентнинг Душанбе талабига кўнганини¸ дарëларда сув сатҳи пасайган ëздан чиқиб олиш учун қилаëтган навбатдаги ҳийласи дея баҳоламоқдалар.

Кузатувчилар¸ Тошкентнинг Душанбе талабига кўнганини¸ дарëларда сув сатҳи пасайган ëздан чиқиб олиш учун қилаëтган навбатдаги ҳийласи дея баҳоламоқдалар.

Тожикистон расмийисига кўра¸ Марказий Осиëнинг энг оғир муаммоси бўлиб қолаëтган сув масаласида дарëлар боши ва этагида жойлашган давлатлар ўртасида муроса йўли топилгандек.

Ўзбекистон, Қозоғистон ҳамда Туркманистон Қирғизистон ва Тожикистондаги сув омборларини таъмирлаш ҳамда дарёлар қирғоқларини мустаҳкамлаш тадбирларида қатнашишга розилик берди.

Тожикистон Сув ва мелиорация вазири Саид Ёқубзоднинг билдиришича, тожик ва қирғиз сув омборларини таъмирлаш ва дарёлар қирғоқларини биргаликда мустаҳкамлаш бўйича келишувга минтақа давлатлари Сув ва мелиорация вазирларининг ўтган ҳафта Ашхободда бўлиб ўтган учрашувида эришилган.

- Марказий Осиё давлатлари Орол денгизини қутқариш тўғрисида қабул қилган аввалги иккита дастурда ҳам дарёлар бошида жойлашган давлатлар манфаатлари эътиборга олинмаган эди.

Масалан, Сўғддаги Қайроққум сув омборидаги заҳиралардан минтақанинг тўртта давлати фойдаланса-да, уни таъмирлаш фақат Тожикистон зиммасида эди.

Бир неча марта Тожикистон ва Қирғизистон ҳудудидаги сув омборлари ҳамда дарёлар қирғоқларини таъмирлаш учун Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон ўз улушини қўшиши зарурлигини ҳамда бу таклиф мазкур дастурга киритилишини таклиф қилган эди. Аммо бу таклиф умуман эътиборга олинмай келинарди.

Бу гал Ашхободда ишланган Орол денгизи ҳавзаси бўйича ишланган учинчи янги дастур лойиҳасида бу таклиф эътиборга олинди.

Айни пайтда бу дастур лойиҳаси минтақа давлатлари раҳбарларига танишиш учун юборилди. Бу ҳужжат имзоланса, сув масаласига доир ўртадаги тушунмовчиликларга барҳам берилади, дея ишонч билдирди вазир Саид Ёқубзод.

Тожикистон Сув ва мелиорация вазири янги дастурдаги яна бир аҳамиятли жиҳатга урғу берди.

- Дарёлар қуйисида жойлашган уччала давлат мазкур ҳужжат асосида ўз ҳудудида бирор сув омбори ва ё гидроиншоот қурмоқчи бўлса ёки янги ерларни ўзлаштирмоқчи бўлса, албатта дарёлар бошидаги давлатлар розилигини олишлари шарт. Шунингдек, дарёлар қуйисидаги уч давлат ўз ҳудудида гидроиншоот ёки сув омбори қурмоқчи бўлса, бу иншоотларни халқаро экспертизадан ўтказиши зарур. Биз шуни талаб қилмоқдамиз, деди вазир.

Саид Ёқубзод бу тадбир минтақада сув тақчиллигининг олдини олиш мақсадида амалга оширилажагини таъкидлади.

Вазирнинг маълум қилишича, Тожикистон томони сувни тежаш ниятида мамлакатнинг Афғонистон ва Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудида ягона гидропост қуриш ишлари бошлаб юборилган.

- Минтақа давлатларининг қайсиниси қанча миқдорда сув олганини билиш учун бундай иншоотлар зарур. Бу борада биз аввал ҳам айтганмиз. Минтақадаги сув билан боғлиқ жанжаллар ҳам айнан замонавий ускуналар билан жиҳозланган гидропостларнинг мавжуд эмаслиги туфайли юзага келмоқда. Ҳозирда Тожикистон Туркманистоннинг Ўзбекистон билан чегара ҳудудидаги Кирки гидропостидан фойдаланиб, бу борада ҳар ўн кунда бошқа давлатлар сингари Марказий Осиё сув хўжалигини назорат қилиш комиссиясига ҳисобот тақдим қилиб турибмиз, деди Саид Ёқубзод.

Тожик расмийси давлатлар орасида “сув ўғирлаш”га барҳам бериш ва Оролга тегишли улушнинг денгизга етиб боришини таъминлаш учун ҳам минтақа давлатлари фойдаланаётган сув заҳираларини биргаликда назорат этиб туриш ва зарур маълумот олиш мақсадида бугун минтақада ягона замонавий гидропост қуриш зарурлигини таъкидлади.

Саид Ёқубзод сув муаммоси умумий муаммо экани ва сўнгги йиллар бешала давлат ҳам буни яхши англаган ҳолда, муаммони биргаликда ҳал қилишга уринаётганини қайд этди.

Айни пайтда мустақил таҳлилчилар сув ва энергетика масалаларида минтақа давлатларининг позициялари бир-бировидан фарқли бўлган сабабли бунга оид муаммолар ҳозиргача ўз ечимини топа олмаётганини таъкидлашда давом этмоқдалар.

Соҳа бўйича мутахассиси Яраш Пўлодов сув ва энергетикага доир масалаларда Ўзбекистон билан ҳар доим муаммолар бўлиб келганини таъкидлайди.

- Муносабатларимиз сезиларли даражада яхши томонга ўзгарган, дея мақтана олмаймиз. Масалан, шу йил 4 июнида Марказий Осиё сув хўжалигини назорат қилиш комиссиясининг Душанбеда бўлиб ўтган 53-йиғилишида Ўзбекистон Марказий Осиё давлатларининг жорий йилда Тўқтоғул сув омбори заҳираларидан фойдаланишга доир Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон таклиф этган тўрт ёқлама баённомани имзоламаган эди. Улар мазкур ҳужжатда Ўзбекистон улуши оз қилиб кўрсатилганини даъво қилгандилар, дейди таҳлилчи.

Таҳлилчига кўра, Ўзбекистон ҳар гал ёз мавсумида сувга эҳтиёж кучайганда, қўшни Тожикистон таклифларига розилик беради, аммо “эшаги лойдан ўтгач”, қишда тўнини тескари кийиб олади.

Шуни назарга олган ҳолда, таҳлилчига кўра, минтақа давлатлари ўртасида сув ва энергетикага доир ҳамкорликнинг яхши томонга ўзгаргани ҳақида мақтанишга ҳали эрта.
XS
SM
MD
LG