Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:24

Мухолифат халқни намойишга чорламоқда


Қирғиз мухолифати вакиллари 23 июл куни бўлиб ўтган сайловларда кўплаб қонунбузарликларга йўл қўйилганини қайд этароқ, ҳозирданоқ овоз бериш натижаларини тан олмасликларини билдирмоқдалар.
Қирғиз мухолифати вакиллари 23 июл куни бўлиб ўтган сайловларда кўплаб қонунбузарликларга йўл қўйилганини қайд этароқ, ҳозирданоқ овоз бериш натижаларини тан олмасликларини билдирмоқдалар.

Сайлов участкалари ҳали ëпилмай туриб¸ МСК сайлов натижаларини ҳали эълон қилмай турибоқ¸ қирғиз мухолифати бугунги президентлик сайловини нолегитим деб эълон қилди.

Маҳаллий вақт билан соат 20.00 да Қирғизистоннинг барча ҳудудларида сайлов участкалари ёпилди.

Марказий сайлов комиссияси участкалар ёпилгунига қадар қанча сайловчи овоз бериб бўлгани ҳақида ҳозирча маълумот тарқатгани йўқ. Соат 18:25 гача олинган маълумотларга кўра, сайловчиларнинг 73,03 фоизи (2 087 610 киши) овоз бериб бўлган.

Сайлов натижалари ҳали эълон қилинмай туриб, бир неча номзод, жумладан, амалдаги президент Қурмонбек Бакиевнинг сайловдаги асосий рақиби ўлароқ қаралаётган Алмазбек Атамбаев сайловни нолегитим, деб тан олишга даъват қилди.

Айни пайтда Алмазбек Атамбаев сайлов штаби олдида унинг 1000 га яқин тарафдори йиғилди. Улар учун штаб ёнида қирғиз эстрадаси юлдузлари иштирокида концерт уюштирилган. Бироздан сўнг номзод Атамбаев ва унинг сайлов штаби вакилларининг тўпланганлар олдига чиқиши кутилмоқда.

Эрталаб Бишкекдаги сайлов участкаларидан бирига овоз бериш учун келган мухолифатчи номзод Алмазбек Атамбаев ўзининг ғалаба қилишига ишончи комил эканини айтди:

- Менинг ғалаба қилишимизга ишончим комил. Бироқ бизга берилган овозларни сақлаб қола оламизми ёки уларни 2007 йилдаги парламент сайловларида бўлгани каби бой бериб қўямизми, деган савол қийнамоқда.

Ўшанда “Ота макон” партияси ғалаба қилган эди, лекин Марказий сайлов комиссияси овоз бериш натижаларини сохталаштириб, Бакиевнинг “Оқ йўл” партиясини ғолиб, деб эълон қилган.

Биз бу сафар бундай бўлишига йўл қўймаймиз ва ҳар бир овоз учун курашамиз, деди Алмазбек Атамбаев.

Бошқа бир сайлов участкасида овоз берган яна бир номзод - амалдаги президент Қурмонбек Бакиев эса сайлов натижалари сохталаштирилиши мумкинлиги ҳақидаги мухолифат даъволарини асоссиз, деб атади:

- Губернаторларга, ҳокимларга, ҳаммага айтганман: “Менга қош қўяман деб¸ кўз чиқарадиган хизматнинг кераги йўқ” деб. Халқ бугун кимнинг кимлигини яхши билади, шунинг учун ҳам менинг кўнглим тўқ.

“Сайловда маъмурий ресурслардан фойдаланилмоқда” деган гапни фақат заиф номзодларгина айтиши мумкин, деди Қурмонбек Бакиев.

Мана шундай баёнотлар билан бошланган сайлов жараёнида тушдан кейин қизғин мусоҳабалар бошланиб кетди.

Мухолифатдан президентликка ягона номзод Алмазбек Атамбаев ва президентликка номзод Жениш Назаралиевлар Бишкек вақти билан соат 16 да овоз бериш жараёни қонунбузарликлар билан ўтаётганлигини билдириб, сайловда иштирок этишдан бош тортдилар.

Алмаз Атамбаевнинг интернет сайтидаги маълумотларга қараганда, бир неча соатнинг ичида сайлов участкаларидаги овоз бериш жараёнида 140 дан ортиқ қонунбузарликларга йўл қўйилгани аниқланган.

Алмазбек Атамбаев сайловни номашруъ деб топгани ва шунинг учун овоз бериш жараёнини кузатаётган барча мухолифат тарафдорларини сайлов участкаларидан чақиртириб олинганини эълон қилди:

- Биз сайловнинг нолегитим деб топилишини талаб қиламиз. Биз халқни адолат учун курашга чақирамиз. Бизнинг митингга келинг. Биз бугуноқ Марказий сайлов комиссиясига борамиз ва сайловларнинг номашруъ, деб топилишини талаб қиламиз, деди Алмазбек Атамбаев.

Бишкек вақти билан кечки соат 6 гача олинган маълумотларга кўра, Иссиқкўл вилоятининг Балиқчи шаҳрида Қирғизистон парламентининг сайловларни холис ўтказилишини талаб қилган депутатлари Мирбек Асанақунов ва Қубаничбек Қодиров ҳибсга олинган.

Хабарларда айтилишича, адолатли сайлов ўтказилишини талаб қилиб норозилик намойишига чиққан 300 одамга раҳбарлик қилган депутат Қубаничбек Қодиров намойишчилар билан бир қаторда калтакланган. Намойиш кўздан ёш оқизувчи гранаталар воситасида тарқатилган.

Айни пайтда¸ Қирғизистон Марказий сайлов комиссиясининг соат 18.00 да тарқатган маълумотида айтилишича, республикадаги сайловчиларнинг 73 фоизи сайловларда иштирок этган ва сайловни бўлиб ўтган, деб ҳисоблаш мумкин.

Марказий сайлов комиссияси шу соатгача мухолифат вакилларидан сайловдаги қонунбузарликлар тўғрисида маълумотлар келиб тушмаганини билдирди.

Президентликка номзод Қурмонбек Бакиевнинг сайлов штаби эса номзоднинг интернет сайти овоз бериш жараёни бошланганидан бери бетўхтов хакерлар ҳужумига учраётгани, хакерлар бу сайтнинг маълумотлар базасига кирмоқчи бўлаётгани ҳақида маълумот тарқатди.

Айни соатларда сайлов жараёни билан боғлиқ вазият мураккаблигича қолмоқда.

Мухолифат тарафдорлари кечга яқин норозилик намойишига йиғилишларини билдирганлар.
XS
SM
MD
LG