Линклар

Совуқ урушни илитган Москва ëзи


1959 йил июлида нафақат АҚШ кўргазмасига кирган оддий совет фуқаролари¸ балки СССР раҳбари Никита Хрушëв ҳам умрида илк бор Пепси-кола таъмини татиб кўрдилар.

1959 йил июлида нафақат АҚШ кўргазмасига кирган оддий совет фуқаролари¸ балки СССР раҳбари Никита Хрушëв ҳам умрида илк бор Пепси-кола таъмини татиб кўрдилар.

Бундан роппа-поса 50 йил аввал¸ айнан бу йилги каби 24 июл¸ жумада Москвадаги Бутуниттифоқ кўргазмасида мисли кўрилмаган ҳодиса – АҚШ маҳсулотлари кўргазмаси бўлиб ўтган эди.

Совуқ уруш давридаги кескинликни қисқа муддатга бўлсин¸ юмшатишга хизмат қилган бу кўргазмани СССР раҳбари Никита Хрушëв ва АҚШ нинг ўшандаги вице-президенти Ричард Никсон тантанали равишда очиб берган эди.

Бундан 50 йил аввал Москва чеккасидаги қуюқ паркда америкалик муҳандислар капиталистик Америка ҳаëтини кўрсатувчи санъат асарлари билан бир қаторда Ғарбдаги энг сўнгги истеъмол моллари намуналаригача жой олган юзлаб павильонлар бунëд қилган эди.

Июл ойининг нафасни қайтарувчи иссиғига қарамай¸ Ғарбдаги сўнгги русумдаги кир ювиш машиналарию¸ Polaroid фотоаппаратлари ва америкача уйлар моделини кўриш учун 2 миллиондан кўпроқ одам узундан-узун навбат кутишган эди.

Кўргазмадан мақсад¸ капиталистлар ҳаëтининг социалистик турмушдан яхшироқ эканини исбот қилиш эмас¸ балки америкаликларнинг қандай яшашини совет одамларига кўрсатиш эди¸ дейди 50 йил бурунги ушбу кўргазманинг бош муҳандиси Жэк Мейси.

- Афсуски¸ Америка кўргазмаларининг кўпида кузатилганидек¸ бизда етарли пул йўқ эди¸ аниқроғи бизга лозим пулни беришмади. 1958 йили Брюсселда ташкил этилган АҚШ нинг шу каби кўргазмасига 14 миллион доллар сарфлангани ҳолда¸ Брюсселдагидан кўра уч баробар каттароқ бўлган бизнинг кўргазмамизга 3 миллион 600 минг долалр ажратишди¸ дейди кўргазма бош муҳандиси Жэк Мейси.

Ташкилотчиларнинг бундай шикоятларига қарамай¸ АҚШ нинг бу кўргазмаси тарихий аҳамиятга молик муваффақият билан ўтди.

Соатлаб навбат кутиб¸ ниҳоят кўргазмалар боғига киришга муваффақ бўлган совет фуқаролари ўз умрларида илк бора ғарбча ҳаëт тарзига назар ташладилар¸ илк бор Пепси-кола таъмини татиб кўрдилар. Улар орасида ўшанда 16 яшар ўсмир қиз бўлган Татъяна Степанова ҳам бор эди.

- Бу жуда¸ жуда ҳаяжонли ва қизиқарли бўлган эди. Адашмасам¸ мен қурилган ҳар бир павильонга¸ ҳатто тракторлар қўйилганиям кириб чиққан эдим. Зотан¸ америкача ҳаëт акси бўлган ҳамма-ҳамма нарсани кўришни истагандим ўшанда¸ деб эслайди бугун 70 ни қоралаб қолган Татъяна Степанова.

Сталин ўлимидан атиги беш йилча ўтиб¸ Москвада АҚШ кўргазмаси ўтказилишини тарихий воқеага айлантирган яна бир ҳодиса¸ Хрушëв ва Никсон ўртасида бўлиб ўтган “чойхона гурунг“ бўлди.

Кўргазмани айлана туриб¸ америкача ошхона олдида тўхтаган Москва ва Вашингтон раҳбарлари ўртасида кимнинг технологияси зўрлигига оид баҳс бошланади. АҚШ нинг бу борада СССРдан анча илгарилаб кетганини таъкидлай туриб Никсон¸ ўзаро учрашувни рангли видеотасвирга тушираëтган камеранинг Америкада ишлаб чиқарилганини айтади.

- Бу ўзаро алоқани кучайтириш учун янги имконлар очилгани ва бу кенгайган имконлар бизга ҳам¸ сизга ҳам янги нарсаларни ўргатишидан даракчидир. Ахир¸ гапнинг индаллосини айтганда¸ сизлар ҳамма нарсани билмайсизлар¸ деган эди Америка видеокамерасига туширилган бу “ошхона баҳси”да АҚШ вице-президенти Ричард Никсон.

Аммо Хрушëв¸ советлар технологиясининг дунëда энг тараққий қилганидан баҳ этиб¸ америкаликлар нимаики яратмасин¸ уни пропаганда йўлида ишлатишидан шикоят қилди.

- Мен сизга нима десам ҳам¸ бу гап сизнинг қулоғингиздан ўтиб¸ Америка халқига етиб бормайди¸ дейди бу баҳсдаги мафкуравий бўëқни янада қуюқлаштира туриб Хрушëв.

Бу баҳс Ғарбда намойиш этилгач¸ кўпчилик америкаликлар унда Никсон ютди¸ деган хулосага келган эди.

Аммо орадан 50 йил ўтиб тарихчи ва сиëсатчилар¸совуқ уруш даврида АҚШ кўргазмасининг Москвада бўлиб ўтганининг ўзи¸ қолаверса Никсон ва Хрушëвнинг “чойхонача гурунг” қилгани икки давлат муносабатлари учун ютуқ бўлганини айтмоқдалар.

Бугун АҚШ президенти Барак Обама¸ орадаги ишончсизлик ва кескинликни юмшатиш мақсадида Москва-Вашингтон муносабатларини қайта кўриб чиқишга уринаëтган бир пайтда кузатувчилар 1959 йилнинг қайноқ июлидаги бу илиқлашувнинг сабоқ бўлишига умид билдирмоқдалар.
XS
SM
MD
LG