Линклар

logo-print

Москва виза билан қўрқитмоқчи (ми)?

  • Сарвар Усмон

Ҳозирча Россия Ўзбекистонга нисбатан виза тартиби жорий қилмаган кам сонли давлатлардан бири.

Ҳозирча Россия Ўзбекистонга нисбатан виза тартиби жорий қилмаган кам сонли давлатлардан бири.

Душанбе ва Тошкент раҳбарларини ўз измидан чиқиш оқибатларидан огоҳлантирмоқчи бўлдими¸ ҳар қалай¸ Москвада бу икки давлат билан виза тартиби жорий қилиш талаби янгради.

"Россия Ўзбекистон ва Тожикистон билан виза тартиби жорий этиши керак."

Бу - Россия Федерацияси наркотиклар устидан назорат хизмати Москва шаҳар бошқармаси бошлиғи Вячеслав Давидовнинг сешанба куни Россия пойтахтида ўтказилган матбуот анжуманида билдирган фикри.

Унинг айтишича, Москвада қўлга олинаётган наркотикларнинг катта қисми Афғонистонда ишлаб чиқарилган бўлиб, улар асосан Россияга Ўзбекистон ва Тожикистон орқали кириб келмоқда ва виза тартиби жорий этилиши гиёҳванд моддалар оқимини озайтириши мумкин.

Давидовнинг баёноти унинг шахсий фикрими ёки Кремлникими?

Москванинг энг катта наркотик тутари “Россия Ўзбекистон ва Тожикистон билан виза тартиби жорий этиши керак”, деган экан, бу гап ўзиники эмас, Кремлники бўлиши мумкин, деган шубҳа бежиз пайдо бўлгани йўқ.

Биринчидан, кейинги пайтларда Москва-Тошкент муносабатлари яна совий бошлади, Москва-Душанбе муносабатларида ҳам чигалликлар йўқ эмас.

Иккинчидан, Россия кейинги йилларда у ёки бу қўшниси билан можаро чиқармоқчи бўлар экан, аввал бирон амалдорини, одатда Россия Бош санитар врачи Геннадий Онишченкони ишга солмоқда.

Онишченконинг молдаванлар виноси, гуржилар минерал суви, поляклар гўшти, беларуслар сути сифатсизлиги тўғрисидаги баёнотларини, ўша баёнотлардан кейин чиқарилган можароларни, можаролардан бири урушга айланиб кетганини бир эсланг-да!

Хўш, санитар Онишченко чарчадими? Унинг ўрнига Кремль наркотик тутар Давидовни тайинладими?

Бу саволларга жавоб излашдан аввал Москва шаҳар наркотиклар устидан назорат бошқармаси матбуот хизматига қўнғироқ қилдик.

Хизмат вакили шоша-пиша “Бошлиғимиз конкрет мамлакат номини тилга олгани йўқ, Ўрта Осиё республикалари, деб умумлаштириб айтди”, деди.

Матбуот хизматининг бу аниқламаси, албатта, масала моҳиятини ўзгартирмайди. Асосий йўналиш ўша-ўша.

Россия “Новости” ахборот агентлигининг халқаро шарҳловчиси Санобар Шерматова фикрича, москвалик амалдор баёнотидан Кремлнинг Марказий Осиë мамлакатларига оид сиёсатини қидирмаслик керак.

- Чунки Россия-Ўзбекистон, Россия-Тожикистон ва умуман, Россия-Марказий Осиë мамлакатлари муносабатларининг бугунги аҳволи Москвани қониқтирадиган даражада, дейди Санобар Шерматова.

Таҳлилчининг бу гапидан кейин суҳбатимиз Москва-Тошкент муносабатларининг кейинги ойлардаги аҳволи, айниқса КХШТ Тезкор кучлари базаси билан боғлиқ ихтилофларга ўтиб кетди.

Бу масалалар ўрганаётганимиз мавзунинг тамали бўлса-да, уларга тўхталиб ўтирмоқчи эмасмиз. Бизни Россия Ўзбекистон билан виза тартиби жорий этадими, деган саволга лўнда жавоб қизиқтирди.

Санобар Шерматованинг фикрича, Москва меҳнат муҳожирлари учун ажратиладиган квоталарни қисқартириши, уларни Москва ва Санкт Петербургдан чекка вилоятларга сиқиб чиқариши мумкин.

- Лекин унинг ўз чегараларини ёпиб олиши Марказий Осиë мамлакатлари иштирокидаги барча интеграцион лойиҳаларни, жумладан КХШТ ва ЕврАзЭС лойиҳаларини тўхтатиш демакдир. Шунинг учун Москва виза тартиби жорий этмайди, дейди Санобар Шерматова.

Қозоғистонлик сиёсатшунос Дўсим Сатпаевнинг фикрича, москвалик амалдорнинг баёноти, бир қарашда, Россиянинг меҳнат мигрантлари устидан назоратни кучайтириш сиёсати давоми бўлиб кўриниши мумкин, лекин¸

- Дмитрий Медведев Ўзбекистон ва Тожикистон билан виза тартиби жорий этишга бормайди, чунки бундай қадам Россиянинг Марказий Осиëдаги позициясини заифлаштириб юборади¸ дейди Дўсим Сатпаев.

Саволларимизга исмини айтмаслигимиз шарти билан жавоб берган тожикистонлик таҳлилчи фикрича, москвалик амалдорнинг баёнотини Кремлнинг Тожикистонга огоҳлантируви, деб тушуниш мумкин.

- Менимча бу баëнотни¸ кейинги даврда Тожикистон ва Россия ўртасидаги муносабатнинг илгаригига нисбатан анча пасайиб кетганлигига¸ совуганлигига боғлиқ ¸ деб ҳисоблаш анча ўринли бўлади. Тожикистон учун бу катта калтак бўлади. Бу йўл билан Россия ўзининг Тожикистонга бўлган таъсирини кучайтириши¸ “Эй¸ эҳтиëт бўл. Виза тартиби жорий қилиб¸ халқингни қийнашнинг яна бир йўлини амалга оширсак¸ аҳволинг чатоқ бўлади” деган маънода айтиб қўйилган бўлиши мумкин¸ дейди тожикистонлик таҳлилчи.

Ўзбекистонлик сиёсатшунос Камолиддин Раббимов ҳам москвалик амалдорнинг Ўзбекистон ва Тожикистон билан виза тартибини жорий этиш тўғрисидаги таклифи, аслида, Кремлда пайдо бўлган бўлиши мумкин, деган фикрни билдирди.

- Менимча¸ бу ерда биринчи ўринда масала Ўзбекистон устида кетаяпти. Москванинг асосий мақсади Тошкентни пайпаслаб кўриш. Назаримда¸ бу фикр Тошкентнинг асабига қанчалик тегади¸ шуни билмоқчи.

Чунки Ўзбекистондан миллион-миллион ишчи-меҳнаткашлар Россияда ишлаб кун кўраяпти. Кейинги бир неча йилларда энг катта диаспора ëки энг катта фуқаролар Ўзбекистондан келаяпти ва кейинги икки-уч йил ичида Ўзбекистонга юборилаëтган пул ҳажми жиҳатидан биринчи ëки иккинчи ўринда туради.

Бу Ўзбекистон ҳукуматига “Агар Москва кайфиятларига қараб иш қилинмас экан¸ биз мана шу нарсани ўйлаб кўраяпмиз” деган бир сигнал. Лекин ҳали бу амалга оширилмаса керак. Чунки¸ назаримда ва аслида бу Москванинг манфаатларига тўғри келмайди¸ дейди Камолиддин Раббимов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG