Линклар

20 миллиард долларлик ўлик денгиз


Олтин аср кўлига узатилаëтган сув¸ Қорақум бағрига сингиб¸ бесамар йўқолмоқда.

Олтин аср кўлига узатилаëтган сув¸ Қорақум бағрига сингиб¸ бесамар йўқолмоқда.

Сапармурод Ниëзов вафотидан сўнг¸ ўз-ўзидан кун тартибидан тушиб қолади¸ деб ўйланган Қорақумда сунъий кўл қуриш режаси¸ минтақадагилар ҳафсаласини пир қилиб¸ амалга кўча бошлади.

Turkmenistan.ru интернет газетасининг хабар қилишича, Қорақум саҳроси марказида “Олтин аср” кўлининг биринчи босқичи ишга туширилди.

Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедов кўлнинг ишга туширилиш тантаналарида шахсан иштирок қилиб, “Олтин аср” кўли лойиҳасидан кўзланган мақсад мамлакат табиатини асраш ва атроф-муҳитни яхшилаш эканлигини билдирган.

Туркманистон Сув хўжалиги вазирлигининг собиқ раҳбари Александр Додонов “Олтин аср” кўли Туркманистон учун жуда муҳим ва долзарб лойиҳа деб ҳисоблайди.

- “Олтин аср” кўли лойиҳаси 25 йил аввал Сапармурод Ниёзов раҳнамолигида тайёрланган эди. Бу лойиҳа мамлакат учун зарур. Дренаж сувларини тўплаш масаласи ўнлаб йиллар давомида асосий муаммолардан бири бўлиб келган. Сув хўжалиги мутахассислари ушбу муаммони ҳал қилиш устида бош қотириб келдилар. Сунъий кўл лойиҳаси тайёрланиши эса ушбу муаммолар ечими ўлароқ баҳоланди, дейди собиқ сув вазири Александр Додонов.

Бироқ Қирғизистон Фанлар академиясининг Сув муаммолари ва гидроэнергетика институти директори Душан Маматқанов туркманлар “Олтин аср” кўли лойиҳасининг келажаги йўқ ¸ деб ҳисоблайди.

- Биринчидан¸ қумда кўл барпо қилиш мумкин эмас. Иккинчидан, 5-10 йил ўтиб бу кўл қамишзорга айланади. Аниқ айтиш мумкинки, кўлга йўналтирилган сувнинг катта қисми саҳрога сингиб кетади¸ зотан Қорақумда ҳаво ҳароратининг баландлиги боис кўл суви тезда ҳавога буғланиб кетишига олиб келади. Натижада туркманларнинг “Олтин аср” кўли “ўлик денгиз”га айланади. Биз фақат яна бир “Ўлик денгиз” пайдо бўлишини башорат қилишимиз мумкин, холос, дейди Душан Маматқанов.

Туркманларнинг саҳрода сунъий кўл қуриш режаси унинг дастлабки йиллариданоқ кўплаб танқидларга учраб келмоқда.

Лойиҳага кўра, сунъий кўлга сув дренажлар орқали етказилади. Айримлар¸ кўлнинг Туркманистон пахта далаларини суғоришга мўлжалланган сув ҳисобига тўлдирилишини айтмоқда.

Бунинг учун эса, асосан, Туркманистоннинг Амударё сувидан фойдаланиши тахмин қилинаяпти.

Ўзбекистонлик ўлкашунос-тарихчи Комил Нуржонга кўра, “Олтин аср” кўли тўла ишга туширилса, бу ҳол Амударё сувидан фойдаланувчи давлатлар орасидаги сув муаммосининг кучайишига сабаб бўлиши мумкин.

-“Олтин аср” кўли тўлиқ ишга тушса¸ Амударëнинг катта миқдордаги сувини тортиб олади. “Олтин аср” кўли Қорақумнинг жанубида жойлашган ва уни тўлдириш туркманлар учун яхши бўлиши мумкин. Лекин Амударëдан сув олаëтган бошқа халқлар¸ мисол учун ўзбеклар¸ тожиклар¸ қорақалпоқлар¸ қозоқлар учун катта муаммолар туғдиради. Қорақумнинг ўртасида “Олтин аср” кўли пайдо бўладиган бўлса¸ бу халқаро майдонда катта можароларга сабаб бўлиши мумкин, дейди Комил Нуржон.

Қирғиз мутахасиси Душан Маматқанов эса, Туркманистоннинг сунъий кўлни тўлдириш учун минтақада олтинга тенг бўлиб бораëтган сувни исроф қилаëтганини "жиноят" деб баҳолайди.

- Туркманистон ҳозирда ҳам сув заҳираларидан тежамкорлик билан фойдаланмайди. Бугунги кунда туркманлар Амударё сувидан керагидан ортиқ фойдаланаяпти. Шундоқ ҳам минтақада сув етишмовчилиги кузатилаётган ҳозирги пайтда туркманларнинг сунъий кўл яратиш лойиҳасини жиноятга тенглаштириш мумкин. Бу ҳақиқатда ҳам жиноят. Биз Оролни йўқотдик. Бу ёғига сув заҳираларини тежаб ишлатишни ўйлашимиз керак, дейди Душан Маматқанов.

Комил Нуржонга кўра, туркманларнинг сунъий кўли ишга туширилишидан, айниқса, Ўзбекистон кўпроқ азият чекиши мумкин.

- Биз келажакда сувсизлик азобини чекишимиз мумкин. Сувсизлик азобини ҳозир ҳам озми-кўпми чекаяпмиз. Лекин келажакда аҳвол яна ҳам оғир бўлиши мумкин. Қорақумни ҳеч қачон сув билан тўлдириб бўлмайди. Уни сув билан тўлдириш уриниши¸ катта фожеага олиб келади.

Қорақумда Каспийнинг бир қисмини ëки Оролга ўхшаган яна бир кўлни пайдо қилиш учун қўшни ҳисобига¸ қўшни давлатлар манфаатига зид равишда у ерни обод қилиш Ислом нуқтаи-назаридан ҳам¸ ҳозирги экологик нуқтаи-назардан ҳам нотўғри¸ дунë цивилизацияси тарихида ҳам¸ келажакда ҳам бундай бўлиши жуда хавфли нарса. Чунки иккинчи Орол пайдо бўлади. Оролни йўқотиш ҳисобига янги Орол пайдо бўлади, дейди Комил Нуржон.

Бўҳронларнинг олдини олиш халқаро гуруҳи "Олтин аср" лойиҳасининг дастлабки йилларидаёқ кўлнинг ишга туширилиши натижасида Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасида сув бўйича низолар келиб чиқиши мумкинлиги башорат қилган.

2000 йил марҳум туркманбоши Сапармурод Ниёзовнинг шахсан ташаббуси билан "Олтин аср" кўли лойиҳаси бошланган эди.

2006 йил Ниёзов оламдан ўтгач, кўл қурилиши тўхтагани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

Бироқ 17 июл куни кўлнинг биринчи босқичи ишга туширилиши бу хабарларни чиппакка чиқарди.

Туркманистон матбуотининг маълум қилишича, ҳозирда кўл учун хандақ қазиш ишлари ниҳоясига етиб, лойиҳанинг сўнгги босқичи устида иш бошланган.

Қорақум саҳросида 2000 квадрат километр сатҳдаги ушбу сунъий кўлнинг тўла ишга туширилиши учун 20 миллиард АҚШ доллари сарфланаяпти.

Маълумки, 1990 йили Туркманистонда узунлиги 145 км бўлган, Қорақум саҳросининг бир қисмини кесиб ўтган Тошҳовуз канали қурилди.

Бугунги кунда Тошҳовуз канали сизот сувларининг Хоразмдаги Хива обидалари емирилишига сабаб бўлаётгани кузатилмоқда.
XS
SM
MD
LG