Линклар

"Вашингтон Тбилисини ташлаб қўймайди"


Саакашвили учун Байден сафари ўз ички ва ташқи мухолифларига йўлланган муждадир.

Саакашвили учун Байден сафари ўз ички ва ташқи мухолифларига йўлланган муждадир.

АҚШ вице-президенти Жозеф Байден Тбилисига қилган сафари чоғида Грузия халқи ва ташқи дунëга айни шундай мазмунда мужда йўллади.

Жозеф Байден ўтган йилнинг август ойида Россия ва Грузия ўртасида бўлиб ўтган қисқа муддатли ҳарбий можаро пайтида ҳам Тбилисида пайдо бўлган эди.

Грузия президенти Михаил Саакашвили билан учрашув арафасида журналистлар билан мулоқот қилар экан Жозеф Байден “Россия ҳарбий учқичлари парвоз қилмаётган ва узоқлардан портлаш овозлари эшитилмаётган” Грузияга қайтиб келишдан мамнун эканини айтди:

-Мен бу ерга ҳар қандай вазиятда қайтишни хуш кўраман. Президент мендан АҚШ Сиз билан эканини намойиш этишни сўради. Бу келажак масаласидир. Сизлар бақувват, мустақил ва тараққий этган келажакни қуришда кўмаклашимизни истайсизлар, деди Жозеф Байден.

АҚШнинг Россия билан муносабатларини қайта тиклаши собиқ совет иттифоқининг икки республикаси билан муносабатларига таъсир этмаслигини намойиш қилиш мақсадида Жозеф Байден даставвал Украинага¸ ундан Грузияга сафар қилди.

Байден ташрифини олқишлаган Михаил Саакашвили АҚШ президенти Барак Обаманинг жорий ой бошида Москвага қилган сафари чоғида Москва-Вашингтон муносабатларини қайта бошлаш йўлида қилган уринишларидан расмий Тбилиси ташвишда эмаслигини билдирди:

-Мен президент Обамага Москвада тутган қатъий позицияси учун ва 21 асрда бир давлатнинг бошқа давлатга таъсир ўтказишини қабул қилиб бўлмаслиги тўғрисидаги баёноти учун маннатдорчилик изҳор қилмоқчиман, деди Михаил Саакашвили.

Грузия раҳбари, шунингдек, АҚШнинг қувватлови расмий Тбилиси учун муҳим эканини алоҳида таъкидлади:

-Грузия ҳужумга учраган, қисман босиб олинган ва демократия ҳамда барқарорлигига тажовуз қилинган давлатдир. Бироқ шунга қарамай биз ўз позициямизни ўзгартирмаймиз. Биз эркин дунё, Европа ва Шимолий Атлантика альянсига қўшилишга қарор қилганмиз, деди Михаил Саакашвили.

Грузия расмийларининг билдиришича, Саакашвили Байден билан 23 июл куни ўтказган учрашувда Грузияга ҳарбий ёрдам кўрсатиш ва эришилган тинчлик сулҳини назорат қилиш учун айирмачи Жанубий Осетия ва Абхазия чегараларига америкалик кузатувчиларни юбориш масалаларини муҳокама қилган.

Ўтган йил август ойида Россия ва Грузия ўртасида бўлиб ўтган ҳарбий можародан сўнг Москва айирмачи Жанубий Осетия ва Абхазия мустақиллигини тан олди.

Айни пайтда¸ Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Григорий Карасин Москва Грузиянинг қайта қуролланиши олдини олиш учун конкрет чоралар кўриши ҳусусида баёнот берди

Россия аввалроқ АҚШ ҳукуматини Грузияни қурол билан таъминлашда айблаган эди.

Карасин, шунингдек, Тбилисини Россия ва Грузия ўртасида бўлиб ўтган ҳарбий можаронинг бир йиллиги арафасида айирмачи ўлкалар чегараларида зиддият келтириб чиқаришга уринаётганликда айблади.

Айни пайтда АҚШ вице-президенти Грузия сафари якунида Саакашвилини авторитаризмда айблаб келаётган Грузия мухолифати вакиллари билан учрашиб, мамлакат парламентида нутқ сўзлади.
XS
SM
MD
LG