Линклар

Жангариларга ҳужум кучаймоқда

  • Ҳасанжон

20 августга белгиланган президентлик сайлови арафасида Афғонистонда ҳарбий амалиëтлар ва хавфсизлик чоралари кучайтирилмоқда.

20 августга белгиланган президентлик сайлови арафасида Афғонистонда ҳарбий амалиëтлар ва хавфсизлик чоралари кучайтирилмоқда.

Чоршанба куни Афғонистон шимолида толиблар ва улар иттифоқчилари¸ жумладан Ўзбекистон исломий ҳаракати жангарилари билан Афғонистон ҳарбийлари ўртасида тўқнашув юз берди.

Афғонистон кучлари Қундуз вилоятида толибон ва унга иттифоқчи гуруҳларга аъзо жангариларга қарши амалиёт олиб бормоқда. Озод Афғонистон радиоси маълумотига кўра, тўқнашувлар пайтида 13 жангари ўлдирилган.

Кобулда ўтказилган матбуот анжуманида Афғонистон Мудофаа вазирлиги матбуот вакили Зоҳир Азимий ҳарбий амалиётларни тақозо қилган сабабларга тўхталди:

- Покистон ҳарбийларининг Вазиристон вилоятида ўтказган амалиётлари натижасида Тоҳир Йўлдош бошчилигидаги Ўзбекистон исломий ҳаракати жангарилари шимол томон чекинмоқда. Шу сабаб Афғонистон шимолида ҳам хавфсизликка таҳдид пайдо бўлди ва биз шундай қўшма амалиёт ўтказаяпмиз, деди Афғонистон Мудофаа вазирлиги расмийси.

Айрим хабарларга кўра, Тоҳир Йўлдош жангарилари сўнгги ойларда Афғонистон ҳудудида ҳам пайдо бўлган. Бу маълумотни Жузжон вилояти полицияси бошлиғининг биринчи ўринбосари Муҳаммад Иброҳим ҳам тасдиқлади.

- Тоҳир Йўлдошнинг баъзи одамлари бизнинг ҳудудимизга кирган, деган маълумотлар бор, деди Афғонистон полицияси вакили.

21 июл куни Тожикистон пойтахти Душанбеда ўтказилган матбуот анжуманида сўзлаган Тожикистон Ички ишлар вазири Абдураҳим Қаҳҳоров Афғонистондаги вазият Тожикистонга ҳам таъсир этаётганини айтди. Унга кўра¸ Тожикистон куч ишлатар тизимлари ходимлари айни кунда кучайтирилган тартибда ишламоқда. Вазир Афғонистондан ноқонуний тарзда Тожикистонга ўтаётган тўрт киши қўлга олинганини маълум қилди.

- Афғонистондан Тожикистонга ноқонуний ўтган тожик ва ўзбек собиқ фуқароларидан бир нечтаси бундан икки кун аввал қўлга олинди. Дастлабки терговларда улар аниқ мақсадларини айтмади. Аммо икки-уч кун яхшироқ иш олиб боргач, қўлга олинганлар ўзларининг қайси гуруҳга аъзо экани ва бу ёққа ўтишдан мақсадларини айтиб беришади, деди Ички ишлар вазири.

Тожикистоннинг Афғонистон билан қўриқланиши қийин бўлган 500 километрга яқин чегара ҳудуди бор. 9 июл куни Тавилдарадаги постга бир гуруҳ жангарилар ҳужум уюштирди. Ҳозиргача давом этаётган тўқнашувларда Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзолари ҳам иштирок этаëтгани айтилмоқда.

Айрим таҳлилчилар толибон ва унга алоқадор гуруҳлар, жумладан Ўзбекистон исломий ҳаракати жангариларининг фаоллашувини Афғонистондаги коалиция кучларига шимолдан келаётган таъминот йўлини қирқиш йўлидаги уриниш, дея баҳоламоқда.

Айни пайтда¸ Жузжон вилояти полиция кучлари бошлиқ ўринбосари тоғли ҳудудларда яширинган Тоҳир Йўлдош етакчилигидаги Ўзбекистон исломий ҳаракати жангариларининг Афғонистондаги шаҳар ва ҳарбий объектларга ҳужум уюштириш имконига эга эмаслигини айтди.

- Тоҳир Йўлдош жангарилари марказлардан узоқда тоғли ҳудудларга жойлашиб олган. Улар ўғридай у ёққа бориб таҳдид солишга, бу ёққа бориб одам ўлдиришга уринади. Улар шаҳарларга яқинлаша олмайди, дейди полиция расмийси.

Кобулда ўтказилган матбуот анжуманида Афғонистон Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Зоҳир Азимий Қундуз вилояти хавфсизлигини 1000 дан ортиқ ҳукумат қўшинлари таъминлаётганини айтди.

Айни пайтда шарҳловчилар¸ толибон ва Ўзбекистон исломий ҳаракати жангарилари¸ қолаверса, Афғонистон аксар ҳудудларида жангарилар фаоллашганини 20 август куни Афғонистонда ўтказиладиган президент сайловини барбод қилиш йўлидаги уриниш дея баҳоламоқда.

Ҳозир Афғонистонда АҚШ нинг 59 минг, НАТО нинг 39 минг ҳарбийси жойлаштирилган. Бундан ташқари¸ ҳозирда Афғонистон армияси аскарлари сони 95 минг кишини ташкил этмоқда. Кобул расмийларига кўра, йил охирига бориб улар сони 100 мингга етади.
XS
SM
MD
LG