Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:36

“Кураш ҳали олдинда”


Президентликка номзод Алмазбек Атамбаев ва Женишбек Назаралиев томонидан Бишкекдаги “Форум” ширкати биноси олдида ташкил этилган митинг маҳаллий вақт билан кечки соат 22:30 да поёнига етди.

Мухолифатнинг Бирлашган халқ ҳаракати вакили Азимбек Бекназаров митингга йиғилган минг чоғли одамни хотиржамликни сақлашга чақириб, улардан уй-уйларига тарқаб кетишни илтимос қилди.

- Кураш ҳали олдинда, деди Азимбек Бекназаров йиғилганларни руҳни туширмасликка даъват этаркан.

Бекназаровга кўра, мухолифатчилар 2-3 кун ичида сайлов участкаларидаги якуний протоколлар нусхаларини йиғиб, натижаларни муҳокама қилиб, сўнгра “ҳаракатни бошлаш” тараддудидалар.

Аввалроқ йиғилганлар олдига Алмазбек Атамбаев чиқиб, 23 июл куни бўлиб ўтган сайловлар номашруъ деб ҳисоблашини яна бир бор билдирганди. Унга кўра, мухолифат бу сайловни тан олмайди.

Атамбаевдан сўнг сўз олган бошқа бир номзод – Женишбек Назаралиев ҳам сайловни тан олмаслиги ҳақида билдирди.

Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси ҳозирча сайловнинг дастлабки натижаларини эълон қилгани йўқ.

Бироқ Қирғизистондаги 500 сайлов участкасида сўров ўтказган “Ҳалол сайловлар учун” жамоатчилик ташкилоти 23 июл куни бўлиб ўтган сайлов юзасидан ўз натижаларини эълон қилишга улгурди.

Мазкур exit poll натижаларига кўра, 23 июл куни бўлиб ўтган сайловда амалдаги президент Қурмонбек Бакиев олдинда бораяпти.

Ташкилот вакили Тўрўбек Пратовга кўра, Бакиев учун 70 фоизга яқин сайловчи овоз берган.

- Ундан кейин 11-12 фоиз билан Алмазбек Атамбаев бормоқда. Ҳамма номзодларга қарши 10 фоиз, Темир Сариев учун 7 фоиз, Женишбек Назаралиев учун 0,9 фоиз, Нурлан Мўтуев учун 0,3 фоиз, Тўқтайим Уметалиева учун эса 0,1 фоиз сайловчи овоз берган, деди Тўрўбек Пратов.

“Ҳалол сайловлар учун” ташкилоти вакилининг қайд этишича, сўровда 97 минг 782 киши иштирок этган.

- Сўралганларнинг 25 фоизи еxit poll да иштирок этишдан бош тортдилар. Сўровни бутун республика бўйлаб мингта интервьюер 500 та сайлов участкасида олиб борган, дея қўшимча қилди Тўрўбек Пратов.

Сайловнинг дастлабки натижалари Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси томонидан маҳаллий вақт билан соат 24:00 эълон қилиниши кутилмоқда.

Бишкек вақти билан соат 22:25 да эълон қилинган охирги маълумотларга кўра, сайловда 78,46 фоиз сайловчи (2 251 604 киши) иштирок этган.
XS
SM
MD
LG