Линклар

Вашингтон Теҳрон ва Пхенянни огоҳлантирди

  • Ҳурмат Бобожон

Клинтон хоним таъкидича, АҚШ Яқин Шарқ минтақасида Эрон қўшниларини Теҳроннинг эҳтимолий ҳужумидан ҳимоялаш мақсадида уларни замонавий қуроллар билан таъминлаши мумкин.

Клинтон хоним таъкидича, АҚШ Яқин Шарқ минтақасида Эрон қўшниларини Теҳроннинг эҳтимолий ҳужумидан ҳимоялаш мақсадида уларни замонавий қуроллар билан таъминлаши мумкин.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Эрон ўз ядровий дастури борасидаги ишларни давом эттирган тақдирда Вашингтон Яқин Шарқдаги иттифоқчиларини қуроллантиришга тайёр экани ҳақида билдирди.

Американинг бош дипломати бу ҳақда Таиландда ўтаётган Жанубий-Шарқий Осиё давлатлари уюшмаси саммитида қатнашиш учун борган пайтда гапирди.

Жумладан, Ҳиллари Клинтон Қўшма Штатлар Яқин Шарқ минтақасида Эроннинг қўшниларини янги қуроллар билан таъминлаб, уларни Теҳроннинг эҳтимолий ҳужумидан ҳимоялаш мақсадида бутун минтақа бўйлаб "мудофаа соябони"ни яратиши мумкинлигини таъкидлади.

- Эроннинг ўз ядровий қуролига эга бўлиш йўлидаги ҳаракати унинг хавфсизлигини мустаҳкамламаслиги ёки мамлакат қудратини ошириш мақсадига элитмаслигини тушуниши керак, деди Ҳиллари Клинтон.

АҚШ Давлат котибининг таъкидича, Қўшма Штатлар ҳали ҳам Эронга муроса таклифларини илгари суриб келмоқда, айни пайтда атом хавфи ҳам кучаймоқда.

Қўшма Штатлар Эрон ядровий қурол ишлаб чиқаётганидан хавотирда, бироқ Теҳрон расмийлари уранни тўйинтириш ишлари мамлакатни электр қуввати билан таъминлаш учун амалга оширилаётганини айтиб келади.

Шунингдек, АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Шимолий Кореяга нисбатан ҳам қаттиқроқ оҳангда гапириб, Пхенянни ўз ядровий дастуридан воз кечишга чақирди.

- Санкцияларни илгари сурар эканмиз, Шимолий Корея билан сўзлашувлар олиб боришга тайёрмиз. Аммо биз ярим чоралар кўришдан манфаатдор эмасмиз. Биз Шимолий Кореяни шунчаки музокаралар столига қайтгани учун тақдирлаш ниятида эмасмиз. Чўзилиб кетган музокараларни қайта ва қайта бошлашга иштиёқимиз йўқ, деди АҚШ Давлат котиби.

Ҳиллари Клинтон Пхенян расмийларининг ёрдам берадиган дўстлари қолмагани ва халқаро ҳамжамиятнинг қуролсизланиш борасидаги босимига қарши якка ўзи қолганини айтди.

Жанубий-Шарқий Осиё уюшмаси саммити давомида Ҳиллари Клинтон Шимолий Корея бўйича олти томонлама музокараларда қатнашувчи бошқа давлатлар – Хитой, Япония, Россия ва Жанубий Корея расмийлари билан учрашди.

Қуролсизланиш масалалари бўйича вашингтонлик таҳлилчи Жэймс Гудби фикрича, бундай учрашувлар олти томонлама тўлақонли музокараларга қайтишга йўл очиши мумкин.

- Жанубий-Шарқий Осиё уюшмаси саммитидаги Ҳиллари Клинтоннинг бундай ёндошуви айни муддао бўлди, сабаби у беш томонлама музокаларни ўтказди ҳисоб. Менимча, бундай учрашувлар Жанубий Шарқий Осиёда хавфсизлик ва ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилувчи форум шаклида бўлиши керак. Ўйлайманки, бундай учрашувлар тўлақонли музокараларнинг қайта тикланиши учун яхши дебочадир, дейди Гудби.

Америкалик таҳлилчи фикрича, шундай ёндошув Форс кўрфазида Эронга нисбатан ҳам лозимдир.
XS
SM
MD
LG