Линклар

МСК дастлабки натижаларни эълон қилди


Қирғизистон МСК эълон қилган дастлабки натижаларга кўра, 23 июл куни бўлиб ўтган сайловда Қурмонбек Бакиев катта фарқ билан олдинга чиқиб олган.

Қирғизистон МСК эълон қилган дастлабки натижаларга кўра, 23 июл куни бўлиб ўтган сайловда Қурмонбек Бакиев катта фарқ билан олдинга чиқиб олган.

Қирғизистон МСК эълон қилган дастлабки натижаларга кўра, 23 июл куни бўлиб ўтган президентлик сайловларида 86 фоиздан кўпроқ овоз билан Қурмонбек Бакиев олдинда бормоқда. Унинг рақиблари эса сайлов сохталаштирилганини таъкидламоқдалар.

Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, 23 июл кунги сайловда сайловчиларнинг 79,38 фоизи (2 301 292 киши) иштирок этган.

Шу соатгача МСК мамлакат бўйлаб очилган 2330 сайлов участканинг 1499 тасида натижалар аниқлаб бўлинди.

Мазкур натижаларга мувофиқ, Қурмонбек Бакиев 86,28 фоиз, Алмазбек Атамбаев 7,4 фоиз, Темир Сариев 2,35 фоиз, Женишбек Назаралиев 0,48 фоиз, Тўқтайим Уметалиева 0,38 фоиз, Нурлан Мўтуев эса 0,3 фоиз овоз олган.

Бу маълумотлар билан таништирган МСК раиси Дамир Лисовский 23 июл куни Қирғизистонда сайловлар бўлиб ўтди деб ҳисоблашини қайд этди.

Қирғизистондаги овоз бериш жараёнини 500 дан ортиқ халқаро мутахассислар кузатди.

МДҲ кузатувчилар миссияси 23 июл куни бўлиб ўтган Қирғизистон президентлигига сайловлар мамлакатда мавжуд сайлов қонунчилиги меъёрларига мувофиқ равишда ўтказилган, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда 24 июл куни МДҲ кузатувчилари миссияси раҳбари МДҲ ижроия қўмитаси котиби Сергей Лебедев Бишкекда бўлиб ўтган матбуот анжуманида билдирди.

ЕХҲТ кузатувчилари миссияси эса ҳали сайлов натижалари ҳақида ўз хулосаларини эълон қилгани йўқ.

Айни пайтда президентликка номзодлар Алмазбек Атамбаев ва Женишбек Назаралиев 23 июл куни бўлиб ўтган президентлик сайловини легитим деб тан олмасликларини билдирдилар.

Сайлов куни кечга яқин мазкур номзодларнинг тарафдорлари Бишкекдаги “Форум” ширкати биноси олдида йиғилдилар.

Улар олдига чиққан Алмазбек Атамбаев 23 июл куни бўлиб ўтган сайловлар номашруъ деб ҳисоблашини яна бир бор билдирди. Унга кўра, мухолифат бу сайловни тан олмайди.

Атамбаевдан сўнг сўз олган бошқа бир номзод – Женишбек Назаралиев ҳам сайловни тан олмаслигини айтди.

Маҳаллий вақт билан соат 22:30 гача давом этган бу стихияли митингни мухолифатчиларнинг ўзлари тарқатди.

Мухолифатнинг Бирлашган халқ ҳаракати вакили Азимбек Бекназаров митингга йиғилган минг чоғли одамни хотиржамликни сақлашга чақириб, улардан уй-уйларига тарқаб кетишни илтимос қилди.

- Кураш ҳали олдинда, деди Азимбек Бекназаров йиғилганларни руҳни туширмасликка даъват этаркан.

Бекназаровга кўра, мухолифатчилар 2-3 кун ичида сайлов участкаларидаги якуний протоколлар нусхаларини йиғиб, натижаларни муҳокама қилиб, сўнгра “ҳаракатни бошлаш” тараддудидалар.

XS
SM
MD
LG