Линклар

logo-print

ҲРУ:"Юсуф Жума дарҳол озод қилинсин"


Юсуф Жума ўз оиласи билан президент Каримов истеъфосини талаб қилувчи пикетлар ўтказганидан кўп ўтмай¸ қамоққа олиниб¸ 5 йилга қамалган эди.

Юсуф Жума ўз оиласи билан президент Каримов истеъфосини талаб қилувчи пикетлар ўтказганидан кўп ўтмай¸ қамоққа олиниб¸ 5 йилга қамалган эди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти Ўзбекистон ҳукуматини шоир Юсуф Жумани қийноққа солаëтганликда айблади ва унинг тезда озодликка чиқарилишини сўради.

2007 йили президент шаънини ҳақорат қилганлик ва бошқа қатор айблар билан ҳибсга олинган шоир Юсуф Жума¸ Ҳюман Райтс Уотч баëнотида айтилишича¸ Жаслиқ қамоқхонасининг махсус изояторига ташланган ва унга нисбатан тана аъзоларини куйдириш¸ калтаклаш каби қийноқлар қўлланмоқда.

Маркази Ню Йоркда жойлашган ташкилот баëнотида гуруҳнинг Европа ва Марказий Осиë бўйича директори Ҳолли Картнернинг: “Шоир Юсуф Жумага нисбатан қўлланилаëтган қийноқлар ўта шавқатсиз¸ айни пайтда ўта таниш. Юсуф Жумани қамоқда сақлаш учун ўзи асос йўқ”¸ деган гапидан иқтибос келтирилади.

- Ўзбек расмийлари Юсуф Жумани дарҳол озод қилишлари ва унга нисбатан қийноқ қўллаганларни тегишли жавобгарликка тортиши лозим¸ деб давом этади жаноб Картнер.

Ҳюман Райтс Уотчнинг Юсуф Жумага қийноқлар қўлланилаëтганини қораловчи махсус баëнотида¸ шоирнинг оила-аъзолари берган маълумотлар келтирилади.

Тутқун шоир яқинларининг халқаро ташкилотга билдиришича¸ Юсуф Жума саккиз кун давомида қамоқхона тандири тепасидаги изоляторда сақланган ва бу ерда унга овқат ва сувсиз азоб беришган.

28 июн куни Жаслиқ қамоқхонасида қисқа муддатга отаси билан кўришган шоирнинг қизи Феруза Жумаева¸ Озодлик билан суҳбатда бу қийноқлар ҳақда ҳикоя қилган эди.

- Ҳеч бир сабабсиз дадамни изоляторга ташлаб қўйишибди. Изоляторнинг тагида ҳам катта пекарний печка ëнар экан. Жаслиқда ҳаво шунақа иссиқки¸ чидай олмайсиз. У ëқда даҳшатли иссиқ¸ деган эди Феруза Жумаева Озодлик билан суҳбатда.

Юсуф Жумага нисбатан қийноқларнинг тўхтатилиши ва унинг озод этилиши талаби билан шоирнинг яқинлари Ўзбекистон ҳукумати¸ айни пайтда халқаро ташкилотларга мунтазам мурожаат қилиб келмоқдалар.

Шоир оиласи ва айрим ҳуқуқ фаоллари 7 июл куни Вашингтондаги Ўзбекистон элчихонаси олдида яна бир пикет қилди.

Пикет муносабати билан шоирнинг турмуш ўртоғи Гулнора Олтиевани суҳбатга таклиф қилган элчихона расмийси¸ Олтиевага кўра¸ Ўзбекистон ҳукуматининг Юсуф Жума борасидаги ташвишлардан хабардорлигини билдирган.
- Мен кирган пайтда хатни бердим. У хатни ўқиди ва “Гулнора опа¸ сизларнинг ишларингиз билан Ўзбекистон ҳозир ҳам ишлаяпти. Худо хоҳласа, умид қиламизки¸ яхши натижа бериб қолади” деб, Юсуф Жумаевни танишлигини ва уни озод қилишга Ўзбекистон элчихонаси ëрдам беражагини айтди¸ деган эди бу учрашувдан сўнг Гулнора Олтиева Озодлик билан суҳбатда.

Ҳозирча Ўзбекистон ҳукумати Юсуф Жумани озод қилиш ҳақда маҳаллий ва халқаро ҳуқуқ гуруҳлари мурожаатларига расман жавоб қайтарган эмас.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG