Линклар

logo-print

Тожикистонда эски ҳунарлар тирилмоқда

  • Гулнора Равшан

Тожикистонлик Асоевлар оиласи тўқиган маҳсулотларнинг асосий харидорлари хорижликлар.

Тожикистонлик Асоевлар оиласи тўқиган маҳсулотларнинг асосий харидорлари хорижликлар.

Сават тўқиш ўзбек ва тожик халқларининг қадимий ҳунарларидан саналади. Иқтисодий инқироз шароитида бу қадим ҳунар айрим тожик оилаларининг жонига оро кирмоқда.

Ваҳдат туманидаги Камонгарон қишлоғида яшайдиган сават тўқувчи Мастуранинг уйига етиб келганимизда айни туш палласи эди.

Кун қизигандан қизиб кетган, шунга қарамай, икки аёл ҳовли четидаги супада тол новдасидан сават тўқиб ўтирарди.

Салом-аликдан сўнг Мастура бизни ичкарига бошлади. Унчалик катта бўлмаган уй тўрида тол новдасидан тўқилган каттагина стол устига Мастура ва қиз Мавлуда тўқиган гулдон, қаламдон, ширинлик ва нон учун турли андозадаги саватлар, келинчаклар тақинчоқлари учун қутичалар намойишга қўйилган.

Мастуранинг гапига қараганда, унинг оиласи олти йилдан буён тол новдаси ва буғдой поясидан рўзғор учун турли буюмлари тўқиб, шундан тушган даромад эвазига тирикчилик қилишади.

- Бу ҳунар билан она тарафдан боболаримиз жуда қадимдан шуғулланиб, шунинг ортидан тирикчилик қилишган. Ҳозиргача бобомлар қўли билан тўқилган саватлар рўзғоримизда ишлатилади. Болалигимдан бу қадим санъатга қалбимда меҳр пайдо бўлган эди, дейди 45 ёшли Мастура.

Бирлашган миллатлар ташкилотининг Тожикистондаги ваколатхонаси республика чекка туманларида йўлга қўйган “Камбағалликка барҳам бериш дастури” асосида Мастура ўзига қишлоқдош бўлган етти нафар аёл билан бирга толдан сават тўқиш бўйича қисқа муддатли курсда таълим олди.

- Аммо бу курсларда мен сават тўқиш техникасини унча яхши ўзлаштиролмадим. Кейинчалик уйимиздаги бобом қўли билан тўқилган саватларни диққат билан кўздан кечириб, сават тўқиш техникасини мустақил ўргандим. “Ҳунар қондан ўтади” деганлари рост экан. Мана ҳозир фарзандларим ва турмуш ўртоғим ҳам мендан бу ҳунарни ўрганишди, дейди Мастура.

Мастура бобосининг ҳунарига бўлган меҳри кейинчалик рўзғор кемтикларини тўлдириш истаги замин бўлганини яширмайди. Бу истак унда Мастура тўқиган маҳсулотларга хорижликлар қизиқиб қолганидан кейин янада ортган.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, улар тўқилажак маҳсулотлар учун хом ашёни ҳам ўзлари етиштирадилар. Аввалига Камонгарон қишлоғи этагидан оқиб ўтадиган Кофарниҳон дарёси бўйида ўсадиган тол новдаларидан сават тўқиб бозорга олиб чиққан Мастура кейинчалик туман ҳукуматига мурожаат қилиб, ярим гектар ерни ижарага олди. Бу ерга Мастуралар оиласи икки турдаги тол кўчатини экади.

- Сариқ ва қора тол парвариш қиламиз бу ерда. Ундан ташқари, шу ернинг бир қисмига буғдой экамиз. Буғдой поясидан курсилар тўқиш мумкин. Буғдой поясидан тўқилган креслоларнинг саломатликка катта фойдаси бор, буни бизга Душанбега келган бир француз сайёҳи айтган эди. Ҳозир шунга буюртма кўп, дейди Мастура Асоева.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, буғдой поясидан тўқилган бир дона кресло 200 долларгача, толдан тўқилган саватлар эса 30 сомонийдан 50 сомонийгача (тахминан 7 доллардан 11,5 долларгача - таҳр.) сотилади.

Мастура ёз ва куз мавсумида бозори чаққонлашиб яхшигина даромад қилиб олишини айтади.

- Аммо бунинг меҳнати ҳам оғир. Битта курси учун беш боғ буғдой ва бир ой вақт сарфланади. Буғдойни эса қўлда ўрамиз. Бошоқларини ҳам доналаб қўлда терамиз. Акс ҳолда, буғдой пояси синиб, фойдаланишга ярамай қолади, дейди Мастуранинг қизи Мавлуда.

Мастуранинг оила аъзолари томонидан янги касб ўзлаштирилиши уларнинг ботаникага оид билимини оширишга ҳам хизмат қилмоқда. Мастуранинг турмуш ўртоғи Худойдод ака республика чекка туманларида бўлиб, тол дарахтининг бошқа турлари ва унинг хусусиятлари билан ўрганиб туришини айтади.

- Ўзи аслида республикамизда толнинг 29 тури бор. Аммо ҳозиргача сариқ ва қора тол бизнинг ҳунаримизга мос келиб турибди. Аввал баҳорда кўчат қилган тол новдалари август бошларигача тугайди. Ҳаммаси кесиб олиниб тўқилади. Чунки августдан кейин улар йўғонлашиб, сифати сават тўқишга ярамай қолади, дейди ҳар бир тол новдасини чақалоқ сингари парвариш қилаётганни таъкидлаган Худойдод ака.

Камонгаронлик Асоевлар оиласи тўқиган саватлар ва бошқа буюмларни кўпроқ хорижлик меҳмонлар, Душанбе шаҳридаги ресторан ва боғчалар сотиб олади.

Мастурахон ўз маҳсулотларини сотиш учун бозорда ўтиришга фурсати йўқлигини айтади. Чунки, унга кўра, бу ҳунар жуда кўп вақт ва меҳнат талаб қилади.
XS
SM
MD
LG