Линклар

Халқаро кузатувчилар сайловга турлича баҳо бермоқда


Қирғизистон сайловларини ЕХҲТ қошидаги Демократик тизимлар ва инсон ҳуқуқлари идораси раҳбарининг шахсан ўзи ҳам кузатди.

Қирғизистон сайловларини ЕХҲТ қошидаги Демократик тизимлар ва инсон ҳуқуқлари идораси раҳбарининг шахсан ўзи ҳам кузатди.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Қирғизистон президентлик сайловининг халқаро талабларга мос ўтмаганини танқид қилди¸ аммо МДҲ кузатувчилари сайловларни демократик дея мақтади.

Қирғизистондаги овоз бериш жараёнини 500 дан ортиқ халқаро мутахассис бевосита кузатди. 24 июл куни уларнинг кўпчилиги пайшанба кунги президентлик сайловлари ҳақида ўз расмий хулосаларини эълон қилди.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Қирғизистон президентлик сайловининг ЕХҲТ талабларига мос тарзда ўтмаганини танқид қилди.

24 июл куни ЕХҲТ нинг Қирғизистон сайловларини кузатган махсус гуруҳи мазкур сиëсий тадбир давомида айрим ижобий жиҳатлар кўзга ташлангани ҳолда¸ сайловларнинг умумиятла халқаро сайлов нормаларига жавоб берадиган тарзда ўтмаганини билдирди.

“Биз сайловлар жараëнида айрим сиëсий плюрализм ва фаол фуқаровий жамиятини кўришдан биз мамнун бўлдик. Аммо бу ижобий жиҳатлар ҳукмрон партия ва давлат ўртасидаги айирмани йўққа чиқарган мувозанатсиз сайлов майдони туфайли барбод бўлди”, деди ЕХҲТ Парламент ассамблеяси делегацияси раҳбари¸ сенатор Консиглио Ди Нино жума куни ўтказилган матбуот анжуманида.

“Афсусларки¸ бу сайлов биз умид қилган прогресни намойиш қилмади ва яна бир бор Қирғизистоннинг ЕХҲТ аъзоси сифатида ўз зиммасига олган мажбуриятларини бажармаганини кўрсатмади. Сайлов кунги воқеалар одамнинг ҳафсаласини пир қилди. Умид қиламизки¸ бизнинг кузатиш ва тавсияларимиз Қирғизистонда келгусида сайлов ўтказиш йўлларини жиддий қайта кўриб чиқиш учун асос бўлади” ¸деди ЕХҲТ қошидаги Демократик тизимлар ва инсон ҳуқуқлари идорасининг Қирғизистон сайловларини кузатиш учун келган махсус гуруҳи раҳбари Радмила Шекеринска.

ЕХҲТ Қирғизистон сайловларини халқаро стандартларга монанд ўтмаганини танқид қилиб турган айни пайтда¸ бошқа сиëсий ташкилотлар кузатувчилари 23 июл кунги сайловларга бошқача баҳо бермоқдалар.

МДҲ кузатувчилар миссияси Қирғизистон президентлигига сайловларни мамлакатда мавжуд сайлов қонунчилиги меъёрларига мувофиқ равишда ўтказилган, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда 24 июл куни МДҲ кузатувчилари миссияси раҳбари МДҲ ижроия қўмитаси котиби Сергей Лебедев Бишкекда бўлиб ўтган матбуот анжуманида билдирди.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти миссияси вакиллари ҳам жума куни Бишкекда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Қирғизистонда президентлик сайловларининг “шаффоф ва ҳалол” ўтказилганини билдирдилар.

Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, 23 июл кунги сайловда сайловчиларнинг 79,38 фоизи (2 301 292 киши) иштирок этган.

Шу соатгача МСК мамлакат бўйлаб очилган 2330 сайлов участканинг 1702 тасида натижалар аниқлаб бўлинди.

Мазкур натижаларга мувофиқ, Қурмонбек Бакиев 85,48 фоиз, Алмазбек Атамбаев 7,54 фоиз, Темир Сариев 2,67 фоиз, Женишбек Назаралиев 0,52 фоиз, Тўқтайим Уметалиева 0,41 фоиз, Нурлан Мўтуев эса 0,33 фоиз овоз олган.

Бу маълумотлар билан таништирган МСК раиси Дамир Лисовский 23 июл куни Қирғизистонда сайловлар бўлиб ўтди деб ҳисоблашини қайд этди.

Айни пайтда президентликка номзодлар Алмазбек Атамбаев ва Женишбек Назаралиев 23 июл куни бўлиб ўтган президентлик сайловини легитим деб тан олмасликларини билдирдилар.

Сайлов куни кечга яқин мазкур номзодларнинг тарафдорлари Бишкекдаги “Форум” ширкати биноси олдида йиғилдилар.

Улар олдига чиққан Алмазбек Атамбаев 23 июл куни бўлиб ўтган сайловлар номашруъ деб ҳисоблашини яна бир бор билдирди. Унга кўра, мухолифат бу сайловни тан олмайди.

Атамбаевдан сўнг сўз олган бошқа бир номзод – Женишбек Назаралиев ҳам сайловни тан олмаслигини айтди.

Маҳаллий вақт билан соат 22:30 гача давом этган бу стихияли митингни мухолифатчиларнинг ўзлари тарқатди.

Мухолифатнинг Бирлашган халқ ҳаракати вакили Азимбек Бекназаров митингга йиғилган минг чоғли одамни хотиржамликни сақлашга чақириб, улардан уй-уйларига тарқаб кетишни илтимос қилди.

- Кураш ҳали олдинда, деди Азимбек Бекназаров йиғилганларни руҳни туширмасликка даъват этаркан.

Бекназаровга кўра, мухолифатчилар 2-3 кун ичида сайлов участкаларидаги якуний протоколлар нусхаларини йиғиб, натижаларни муҳокама қилиб, сўнгра “ҳаракатни бошлаш” тараддудидалар.
XS
SM
MD
LG