Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:59

Яшиллар оëқланмоқда


Мусавий тарафдорларининг норозилик рамзи сифатида танлагани яшил ранг¸ эндиликда янги сиëсий-ижтимоий ҳаракатга асос бўлмоқда.
Мусавий тарафдорларининг норозилик рамзи сифатида танлагани яшил ранг¸ эндиликда янги сиëсий-ижтимоий ҳаракатга асос бўлмоқда.

Эрон президентлик сайловида мағлубиятга учраган Мир Ҳусайн Мусавий кенг қамровли мухолифат ҳаракатига асос бўлиши мумкин янги сиёсий жабҳа низоми устида ишлаётганини эълон қилди.

23 июл куни ахборот воситалари вакиллари билан учрашган Мир Ҳусайн Мусавий низоми тузилаëтган Яшил ҳаракатнинг мақсади Эрондаги мухолифат потенциалини тўлиқроқ юзага чиқариш ва мухолифатчиларни бирлаштириш эканини айтди.

Яшил ҳаракат 12 июн куни ўтказилган президент сайлови натижасидан норози бўлиб намойиш ўтказган Мусавий ва ислоҳотчи сафдоши Меҳди Каррубийнинг минглаб тарафдорлари бирлашгани натижасида пайдо бўлган эди.

Хавфсизлик кучлари Теҳрондаги намойишларни куч билан тарқатгани оқибатида камида 20 одам нобуд бўлди, 2000 дан ортиқ мухолифат тарафдори ҳибсга олинди.

Сайлов ўтказилганидан олти ҳафта ўтганига қарамай, ҳозиргача сиёсий бўҳронга ечим топилгани йўқ. Ҳокимият вакиллари ҳам сайлов борасида бир хил фикрда эмас. Айни пайтда ислоҳотчилар янги ҳукуматнинг қонуний эканини савол остига қўймоқда.

Меҳди Музаффарий Аархус университетининг сиёсий фанлар бўйича профессори. Унинг Озодликка айтишича, янги низом норозилик ҳаракатини сақлаб қолиш йўлидаги дастлабки қадам бўлиши мумкин.

- Бу биринчи қадам бўлиши мумкин. Бироқ биз кутишимиз ва низомда нималар ёзилганини кўришимиз керак. Менимча, Мусавий одамлар ҳозиргидан бирлашган ҳолда қолишлари керак ва кучларни бирлаштириш керак¸ деб ўйлайди. Низом эса одамлар тарқалиб кетишининг олдини олиш чорасидир, дейди профессор Музаффарий.

Маҳмуд Аҳмадийнажод қайта президент этиб сайланганидан норози бўлганларни қатор уламолар ва Эрон ҳукуматининг расмийлари ҳам қўллаб-қувватлаган.

Хусусан собиқ Эрон президенти Акбар Ҳошимий Рафсанжоний 17 июл куни Теҳронда қилган чиқишида президент сайлови сабабли “эронликларнинг катта гуруҳи” ҳукуматга нисбатан ишончни йўқотганини айтди.

Норозилик намойишида қатнашган мухолифат тарафдорлари сайлов масаласида референдум ўтказиш, сиёсий маҳбусларни озод қилиш, сўз эркинлиги ва бошқа талабларни ўртага қўйган.

Теҳрондаги сиёсий шарҳловчи Тағи Раҳмоний Озодликка берган интервьюсида одамлар ўз талабларида қатъий эканини айтди.

- Бу Эрон фуқаровий ҳаётида янги босқичдир. Агар у моҳирона бошқарилса ва сиёсий раҳбарлар сиёсий ён босишга эришиш ўрнига фуқаролик жамиятини мустаҳкамласа, менимча, демократияни талаб қилишда Эрон янги босқичга кириши мумкин.

Сайлов борасида ҳукумат ҳам¸ мухолифат тарафдорлари ҳам ҳозирга қадар ўз фикридан қайтгани йўқ. Чоршанба куни Мусавий сайлов масаласини кўтариш ва уни кун тартибидан чиқариб ташламаслик кераклигини таъкидлади. Мухолифат раҳбари ҳозирги ҳукумат қандай тузилганини ҳеч ким ёддан чиқармаслиги кераклигини айтди¸ дейди сиëсий шарҳловчи Тағи Раҳмоний.

Таниқли ислоҳотчи уламо Ҳасан Юсуф Эшкевари Фардо радиосига берган интервьюсида Эрон ва Яшил ҳаракат учун оғир кунлар олдинда эканини башорат қилди.

- Қайсидир маънода бу ҳаракатнинг келажаги Аҳмадийнажод ва унинг ҳукуматига, яъни, у қай даражада оқилона иш кўришига боғлиқ. Агар Аҳмадийнажод оқилона йўл тутса, кескинлик кам бўлиши мумкин. Аксинча, у охирги тўрт йилдаги каби одамлар, ислоҳотчилар, консерватор доиралар вакиллари ва уламолар томонидан айтилаётган танқидларга эътибор бермай¸ бир томонлама иш кўриши ҳам мумкин, деди таниқли ислоҳотчи уламо.

Юсуф Эшкевари кескинлик охир-оқибат халқ талабининг бажарилишига олиб келишига умид билдирди.

Айни пайтда Эрон мухолифати раҳбари Мир Ҳусайн Мусавий ҳозирги бўҳрондан чиқишнинг ягона йўли халқ талабига эътибор қаратиш эканини айтди.
XS
SM
MD
LG