Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:36

Эркин микрофон


Марҳамат¸ +420 602 612 713 рақамига қўнғироқ қилинг, SMS хабарлари йўлланг - Озодликнинг эркин микрофони Сиз учун ҳам очиқ!
Марҳамат¸ +420 602 612 713 рақамига қўнғироқ қилинг, SMS хабарлари йўлланг - Озодликнинг эркин микрофони Сиз учун ҳам очиқ!

Озодликка тингловчи ва муштарийлардан бўлаëтган қўнғироқлар¸ йўлланаëтган SMS хабарлар асносидаги суҳбатларда яна турфа мавзулар¸ турфа мулоҳаза ва истаклар жамланди.

Сурхондарёнинг Музробод туманида яшовчи бир онахон ўзи яшаётган қишлоқда ечимини топмаётган муаммолар бисёрлигини айтади.

- Икки ойдан бери пенсия бермаяпти. Қандай яшаш мумкин? Июн¸ июл ойининг пенсиясини умуман бермаяпти. Нима қилиш керак? Ҳаëт жуда оғир. Болалар пулига пластик карточка бераяпти. Уни 15-20 фоизга алмаштираяпти. Унга ҳам пул бермайди¸ продукта беради.

Бу йил “қишлоқ йили” дейди. Шароит йўқ¸ газ йўқ¸ свет йўқ. Кечаси соат 11 бўлдими¸ эрталабгача свет йўқ. Сув ариқдан ичамиз¸ лойқа сувни. Касал кўпайиб кетган. Крантлар 10-15 йилдан бери ишламайди. Одамлар узоқдан сув ташийди.

Болаларга стадион деган нарса йўқ. Улар кўчада юради. Лагерлар ишламайди. Катталар умуман қарамайди. Биз қариялар президентга ҳам ëздик¸ юқорига ҳам чиқдик¸ ҳокимиятга ҳам бордик. “Ана қиламиз¸ мана қиламиз” деб алдаб юрибди булар. Қандай яшаш мумкин¸ деб куйинади Сурхондарёнинг Музробод туманида яшовчи онахон.

Озодликка бошланган каттақўрғонлик аëл ҳам Самарқандда яшаётган ногиронларнинг пенсия пуллари камлиги ва ногиронларнинг ишсизликдан қийналаётганликлари ҳақида гапирди.

- Мен ўзим кўзи ожиз биринчи гуруҳ ногирониман. Хўжайиним иккинчи гуруҳ ногирони. Пенсиямиз оз. Бунинг устига вақтида бермайди. Каттақўрғон шаҳар прокуратурасига ҳам чиқдик. Ҳаммасининг гапи бир хил: оласизлар дейди. Кўзи соғлом пенсионерлар олаяптида. Улар 4000-5000 қўлига беради¸ шунга уларникини бизларникидан олдин беради.

Озодлик: Пенсия пулини олиш учун пора бериш керак бўлаяптими?

- Ҳа¸ шундай бўлаяпти. Шароит жуда қийинда. Биз ожизларга иш йўқ. Пенсиямиз ҳам жуда кам. Шундай қийналаяпмиз. Иш йўқ бизларга. Мен ўзим компенсация билан 96 минг сўм пенсия оламан. Хўжайиним эса 37 минг сўм олади. Битта фарзандимиз бор. Мактабга боради. Шароит жуда ҳам қийинда¸ дейди каттақўрғонлик аёл.

Астраханда яшаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожири Озодликка сим қоқиб¸ Россияга тирикчилик учун келиб, алданиб қолаётган ўзбекларнинг кўплигини айтади.

- Биринчи келган пайтимда алдаганлар бўлган. 2006 йилда бизни бу ерга олиб келиб корейсларга ҳар биримизни 3000 рублдан сотиб кетган. Милициялар олиб келиб сотган. Мен қанақа милициялар сотганини биламан.

Бу ерда биринчи рол ўйнайдиган нарса рус тили. Рус тилини билмасанг¸ улар сени ҳар томонлама ҳар жойга олиб бориши мумкин. Бизнинг одамлар қўйга ўхшаган одамлар. Нима десанг “Хўп¸ яхши. Иш топилди. Ишлаш керак”. Йўқ. у қанақа одам? У виждонини сотган одам сени аямайдику. У қаерга борсанг ҳам сени сотиб юборади. Уларга пул керак. Виждон¸ бошқа нарса керак эмас. Пулини олиб олса бўлди¸ сен билан иши йўқ¸ дейди Астраханда яшаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожири.

Сирдарёнинг Оқ олтин туманида яшовчи Қўлдошали Аминовга кўра, унинг катта ўғли Миллий хавфсизлик тизимида ишлаётган пайтида камомад туфайли жиноий жавобгарликка тортилиб¸ қамоқ жазосини ўтаб чиққан.

Қўлдошали Аминовнинг айтишича, ҳозирда ўғлини ҳеч қаерга ишга олишмаяпти. Шунингдек, суҳбатдош, ўғли туфайли унинг мол-мулкини ноқонуний равишда мусодора қилишгани юзасида турли идораларга мурожаат қилиб, ижобий натижага эриша олмаётгани ҳақида гапирди.

- Менинг катта ўғлим хавфсизлик хизмати молия бўлимида начальник бўлиб ишлар эди. Болам беш-олти йил хизмат қилгандан кейин камомад дейишиб ушлаб¸ тергов иши олиб бориб¸ менинг уйим билан машинамни мусодара қилишди. 10 йил беришиб¸ бир ярим йилнинг ичида чиқиб келди. Лекин менинг мол-мулкимни мусодара қилишдида. У ҳарбий. Йилда бир марта отпускага келади.

Вазирлар маҳкамасига мурожаат қилсак ҳам “Сизга жавобини берамиз” дейдида¸ булар ҳарбий деб кўп ерга қўймайди. Мисол учун Олий судга бордик¸ қўймади. Иккита адвокат билан у ëқ¸ бу ëққа югурдик. Қабул қилишмайди. Олий судга бориб суткалаб ëтиб келамиз¸ қабул қилишмайди. Президентга ҳам уч-тўрт марта ëздик. Девондан биттаси “Президентга қабул йўқ” деб ëзиб юборади¸ шу билан бўлди¸ дейди Қўлдошали Аминов.

Навоийлик бир мухлисга кўра, кейинги икки йил давомида Ўзбекистон матбуотида бокс бўйича жаҳон чемпиони Руслан Чагаев ҳақида умуман гапирилмаяпти.

- Нима учун икки йилдан бери Ўзбекистонда Руслан Чагаев ҳақида маълумот берилмайди? Ўзбекистон телевидениеси¸ матбуоти¸ радиоси жим. Умуман дом-дараксиз. Икки йилдан бери айтилмайди. 2007 йил 14 апрелда Николай Валуев билан жанг ўтказдику. 2008 йил январдан бошлаб дом-дараксиз кетди. Шундан кейин у британиялик боксчидан камарини ҳимоя қилди. 2009 йил 21 июн куни Владимир Кличкога имкониятни бой берди. Бу гаплар Ўзбекистонда айтилмади. Масалан¸ Ўзбекистонда “Спорт” радоиси бор. Норбек Ниëзовнинг дастури бор. Ўшанда мухлислар телефон қилиб¸ “Нима учун ëритилмаяпти?” деб сўрамоқчи бўлишади. Лекин ҳаммасини узиб ташлайверади. Айттирмайди¸ дейди навоийлик тингловчимиз.

Россиянинг Волгоград шаҳрида мардикорлик қилаётган 15 нафар хоразмлик йигитларни эса яқинда автоҳалокатга учраган “Божалар” гуруҳи билан боғлиқ маълумотлар қизиқтиради.

- Кеча радиода “Божалар” тўғрисидаги эшиттиришларингизни эшитдик. Биз “Божалар” гуруҳининг мухлисимиз. Тўғриси¸ бафуржа маълумот олмоқчи эдик. Ким рулда бўлган¸ автоҳалокат қандай рўй берган¸ сабаблари ннима – мана шулар бизни қизиқтираяпти¸ дейди Россиянинг Волгоград шаҳрида мардикорлик қилаётган хоразмлик тингловчимиз.

Муҳтарам тингловчи, Озодликнинг “Эркин микрофони” сизга мунтазир!

Марҳамат, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ +420 602 612 713 рақамига қўнғироқ қилинг. Қўнғироқ ва SMS хабарларингизни кутиб қоламиз.


XS
SM
MD
LG