Линклар

logo-print

Ўзбек аёли фаолми?

  • Садриддин Ашур

Кузатувчиларга кўра, сўнгги бир аср мобайнида ўзбек аёллари ижтимоий ҳаётда анча фаоллашган бўлса-да, бу фаолиятни ҳали ривожланган давлатлардаги аёллар фаоллиги билан солиштириб бўлмайди.

Кузатувчиларга кўра, сўнгги бир аср мобайнида ўзбек аёллари ижтимоий ҳаётда анча фаоллашган бўлса-да, бу фаолиятни ҳали ривожланган давлатлардаги аёллар фаоллиги билан солиштириб бўлмайди.

БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси давлат ва жамоат ташкилотлари билан биргаликда мамлакатда аёллар ва эркаклар ҳуқуқларининг тенглигини таъминлаш масаласи борасида тадқиқот ўтказди.

Тадқиқотга кўра, сиёсий партиялар томонидан номзодлари кўрсатилган аёлларнинг парламентдаги 30 фоизлик квотаси ҳам уларнинг жамиятдаги муаммоларини ҳал қила олмайди. Айрим ҳолларда олий маълумотга эга бўлган аёллар ҳам сайлов технологиялари ҳақида мукаммал билимга эга эмас. Улар сиёсатшунослик, давлат ҳуқуқлари ва бошқаруви, психология бўйича махсус тайёргарликдан ўтмаганлар.

Хўш, бу фикрларга ўзбекистонлик аёллар қандай фикр билдиришади, сиёсий партиялар-чи?

Ўзбекистонлик ҳуқуқшунос Гулнора Эшонхонованинг сўзларига кўра, БМТ Тараққиёт дастури аёллар ва эркаклар ҳуқуқларининг тенглиги масаласида тадқиқот ўтказиб хайрли ишни амалга оширган. Зеро, бугун ҳақиқатан ҳам ўзбекистонлик аёлларнинг бу борада бир қанча муаммолари бор:

- Биз гендер масалаларини кўтарганда¸ назаримда¸ фақат эркак билан аëлнинг тенг ҳуқуқлилигини гапиришимиз керак эмас. Бу тенг имкониятлар тўғрисидаги гап. Имконият бўлсин. Масалан¸ хоҳлаган аëл сиëсатга кириб борсин¸ хоҳлагани ўқитувчи бўлсин¸ бошқаси уй бекаси бўлсин. Гап шу тўғрида кетаяпти.

Агарда аëлларда ва эркакларда имкониятлар бир хил бўлса¸ ҳаëт ривожланган сари мана шу масалаларга аëлларнинг тайëргарлиги ҳам ўсиб боради¸ дейди Гулнора Эшонхонова.

Унинг фикрича, ўзбек парламентидаги аёллар учун берилган 30 фоизлик квота қайсидир бир маънода аёлларнинг жамиятдаги ўрнини белгилаши мумкин. Лекин бу жуда кам:

- Салбий тарафи 150 нафар депутатнинг ичида ҳозир аëл депутатлар 30 фоизга ҳам эга эмасмиз. Муаммони кўтаришда¸ масалани ҳал этишда қандайдир натижага эга бўлишлари учун энг асосийси бу депутатларнинг сонини кўпайтириш керак. Бунинг учун сиëсий партияларга давлат томонидан берилган йўналишни тўғри тушунишимиз керак. Энг асосийси, халқимиз тўғри тушуниши керак.

Аëлларга кўпроқ ишониш керак. Кейин уларни бу нарсага тайëрлаш керак¸ ўргатиш керак. Ўзидан ўзи депутат бўлиб етишмаса керак. Муаммоларни тўғри қўя билиш керак¸ уларнинг ечимини топа билиш керак¸ дейди Гулнора Эшонхонова.

Ўзбекистонлик шоира Гулчеҳра Нуруллаева фикрича, бугун ўзбек жамиятининг ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий ҳаётида ўзбек аёлининг ўрни борлиги сезилмайди:

- Гарчи "Аëлнинг жамиятда ўрни жуда юксак, уларга эътибор жуда ҳам катта, уларнинг фикри билан ҳар қадамда ҳисоблашишади" деб минбарларда айтилса ҳам амалда бу нарса кўринмайди. Бунинг сабаби ўзбек жамиятида шахс эркинлиги йўқ.

Аëллар депутат бўлиши мумкин¸ аëллар маълум бир лавозимни эгаллаши мумкин¸ маълум бир жойларга сайланиши мумкин¸ лекин амалда бирор-бир муаммони ҳеч қачон ҳал қила олишмайди.

Агар улар бирор-бир муаммони ҳал қиладиган бўлса ва бу уларнинг ечиб берган муаммоси бошқаларга ëқмаса¸ бошида ëнғоқ чақилади¸ дейди Гулчеҳра Нуруллаева.

Лекин Ўзбекистон Халқ демократик партияси матбуот хизмати раҳбари Ойбек Қўшбоқов эса бу иддаоларни рад этади. Унинг фикрича, бугун ўзбек парламентидаги аёл депутатлар ўзбек аёлининг барча муаммолари хусусида қайғуриб, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этаяпти.

- Ҳозирги кунда Олий мажлис қонунчилик палатасида Ўзбекистон халқ демократик партиясидан беш нафар аëл депутатимиз фаолият юритаяпти. Улар жамиятнинг турли масалалари бўйича¸ ўзларининг соҳалари бўйича¸ уларнинг ичида иқтисодчилар бор¸ журналистлар бор¸ таълим йўналиши бўйича фаолият олиб бораëтганлар бор.

Уларнинг ҳаммаси ўзларининг соҳаларидан келиб чиқиб¸ жамиятдаги аëлларнинг янада фаолроқ бўғини¸ етакчи кучи сифатида жамият ҳаëтида муҳим рол ўйнашини ҳисобга олиб¸ қонун ҳужжатларини қабул қилишда ўзларининг фикрлари¸ ҳаëтий тажрибалари асосида маълумотлар¸ таклифлар¸ ташаббуслар билан чиқиб келаяпти¸ дейди Ўзбекистон Халқ демократик партияси матбуот хизмати раҳбари Ойбек Қўшбоқов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG