Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:18

Хўжандга яна тобут келди


24 июл куни Тожикистоннинг Хўжанд шаҳри Баҳор маҳалласига 22 ёшли Додобек Асадуллоев ва 20 ёшли Парвиз Ҳамроевнинг жасади солинган тобутлар олиб келинди.

Яқинларининг айтишларича, бу йигитлар Россиянинг Кемерово шаҳрида мардикорлик қилган.

- Додобек ва Парвиз қечқурун ишдан кейин уйига қайтиб келаётганда номаълум шахслар тўхтатиб, калтаклай бошлаганлар. Парвиз улардан қочмоқчи бўлганида, йиқитиб, темир таёқлар билан уриб ўлдирганлар. Уларнинг жасадини шаҳар ёнидаги чакалакзорга ташлашган. Бирор киши ёрдам бермаган, дейди марҳумнинг қариндошларидан бири.

Кузатувчиларнинг айтишларича, марказий осиёлик мардикорларнинг ҳуқуқлари Россияда ҳимоя қилинмаслиги ва улар тақдирнинг ҳукмига ташлаб қўйилганлиги ана шундай аянчли оқибатларга олиб келмоқда.

Бу каби мудҳиш воқеаларга муносабат билдирилганда, кўпинча бунга Россия ҳуқуқ-тартибот идораларининг ўз ишига масъулиятсизлик билан ёндошаётгани сабаб бўлаётгани ҳақида айтилади. Бироқ, Хўжанд шаҳридаги “Нигоҳ” жамоатчилик ташкилоти вакили Вали Қобилзода фикрича,Тожикистон ҳукумати Россияни айбламай, ўз фуқароларини ватанида иш билан таъминлашни ташкил этиши керак.

- Дарҳақиқат, Россияда ксенофобия мавжуд, буни инкор қилиб бўлмайди. Россияда тақирбошлар қўлидан ҳар йили ўнлаб тожикистонликлар ҳалок бўлаётганлиги ташвишланарли ҳол. Бироқ, тожик расмийлари ва журналистлари баралла айтаётгандай, ҳалок бўлаётган тожикистонликлар сони юзлаб эмас, такрор айтаман, ўнлаб кишини ташкил этади. Назаримда,тожик расмийлари нолаю таъналарни бир томонга қўйиб, биринчи навбатда, ўз фуқароларига ватанида шарт-шароит яратишни ўйлашлари керак.

Иккинчидан, тожикистонликларнинг Россияда ҳалок бўлиш сабаблари чуқур ўрганилган ҳолдагина мақсадга эришиб бўлади, дейди Вали Қобилзода.

Кузатувчига кўра, биргина Тожикистонда ҳар йили 30 мингга яқин одам оламдан кўз юмади. Жумладан, Қобилзоданинг айтишича, 2008 йилда 300 яқин тожикистонлик ўлдирилган, 600 яқини эса ўз жонига қасд қилган.

Маҳаллий кузатувчи Пўлатхон Аббосхон ўғли фикрича, тожикистонликларнинг Россияда таҳқирга дучор бўлишига кўпинча уларнинг ўзлари ҳам сабабчи бўлиб қолмоқдалар.

- Ҳаммаси ҳуқуқий саводнинг йўқлигига келиб тақалмоқда. Бошқача қилиб айтсак, саводсизлигимиз сабаб давлатимиз қашшоқ, саводсизлигимиз сабаб ҳуқуқимизни билмаймиз. Чунки ҳуқуқий маълумотга эга бўлмаган одамни алдаш осон, таҳқирлаш мумкин. Шу боис ҳар бир киши ўзга юртга чиқишдан олдин ўз ҳуқуқлари нимадан иборат эканлигини билиб олиши керак. Ниҳоят, токи давлат ўз фуқароларини иш билан таъминламас экан, токи ватандошларимиз ўзга юртларда ишлар экан, бундай нохуш ҳодисалар юз беришда давом этаверади, дейди Пўлатхон Аббосхон ўғли.

Россиянинг Хўжанд шаҳридаги консули Азим Ёрмуҳаммедов фикрича, бундай фожеаларнинг олдини олиш йўли бор.

- Ҳар қандай муаммони ҳал этиш мумкин. Масалан,Тожикистонда ҳам, Россияда ҳам меҳнат биржаларини ташкил этиш вақти етди. Бу ҳақда ҳар икки мамлакат ҳукуматларига ўз фикримизни билдирдик. Агар мана шундай биржалар ташкил этилса, улар меҳнат муҳожирларини нафақат иш ва тунаш жойи билан таъминлаш, балки муҳожирларни ижтимоий муҳофаза қилиш вазифасини ҳам бажаради, деди Азим Ёрмуҳаммедов.

Расмий маълумотларга кўра, жорий йилнинг олти ойи давомида биргина Сўғд вилоятига Россияда вафот этган 120 дан ортиқ тожикистонликнинг тобути олиб келинган. Булар самолётда олиб келинган ва қайдга олинган темир тобутлардир.

Айни пайтда Сўғд вилоят ички ишлар бошқармасида поезд ва автомашиналарда олиб келинган темир тобутлар қайдга олинмаслигини маълум қилдилар. Демак, вилоятга олиб келинаётган темир тобутлар сони мазкур рақамдан бир неча баравар кўп бўлиши мумкин.
XS
SM
MD
LG