Линклар

logo-print

Жаҳон Теҳрондан репрессияни тўхтатишни сўрамоқда

  • Ҳасанжон

Дунёнинг турли шаҳарларида норозилик акциялари ўтказаётган намойишчилар расмий Теҳрондан мухолифат тарафдорларига нисбатан қатағонни бас қилишни талаб қилмоқдалар.

Дунёнинг турли шаҳарларида норозилик акциялари ўтказаётган намойишчилар расмий Теҳрондан мухолифат тарафдорларига нисбатан қатағонни бас қилишни талаб қилмоқдалар.

Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи ташкилотлар эронликлар билан бирдамлик рамзи ўлароқ дунёнинг 110 тадан ортиқ шаҳрида минглаб одам иштирокида намойишлар уюштирди.

Нью-Йоркдан Сеулгача, Мадриддан Сиднейгача бўлган ҳудудлардаги шаҳарларда минглаб одамлар эронликларга бирдамлик ўлароқ кўча намойишига чиқдилар.

110 тадан ортиқ шаҳарда ўтказилган намойиш иштирокчилари Эрон ҳукуматидан мухолифатга босим кўрсатишни тўхтатиш ва қўлга олинган юзлаб намойишчини озод этишни талаб қилдилар. Шунингдек, улар БМТни ҳибсга олинганлар ҳуқуқлари бузилгани-бузилмагани борасида текширув ўтказишга чақирдилар.

Шанба кунги намойишларни Эрон учун бирлашган “Глобал ҳаракат куни” деб номланган гуруҳ уюштирди. Тадбирни етакчи инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, шунингдек, Нобел тинчлик мукофоти соҳиби Ширин Ибодий ҳам қўллаб-қувватлади.

Нобел мукофотининг бошқа бир соҳиби - епископ Десмонд Туту ўзининг видеомурожаатида дунё аҳолисини бу тадбирларга қўшилишга чақирди.

- Ўз фуқаролик ва инсон ҳуқуқларини талаб қилаётган миллионлаб эронликлар овозини эшитиш ва уларни қўллаб-қувватлаш учун жаҳон бўйлаб 25 июл куни ўтказилаётган намойишларда менга қўшилинг. Сиз Эрон халқига кераксиз, дея баёнот берди епископ Туту.

Эронда 12 июн куни ўтказилган президентлик сайлови натижаси эълон қилинганидан сўнг ундан норози бўлиб намойишга чиққан юзлаб мухолифат тарафдорлари, журналистлар, олимлар ва адвокатлар ҳибсга олинган эди.

Танқидчилар сайлов натижалари иқтидордаги президент Маҳмуд Аҳмадийнажод фойдасига сохталаштирилганини айтмоқда. Полиция ва хавфсизлик кучлари билан намойишчилар ўртасида содир бўлган тўқнашувларда камида 20 одам нобуд бўлди.

22 июл куни Нью-Йоркдаги БМТ биноси олдида 20 дан ортиқ одам уч кунлик очлик эълон қилган эди.

- Биз БМТ биноси олдига бир неча ўн йилдан бери ўз эркинлиги учун кураш олиб бораётган ўта жасоратли ёшлар, қариялар ва аёллар масаласига дунё жамоатчилиги эътиборини қаратиш учун йиғилдик. Улар қўлга олиниб, қамоққа ташланган. Маълумотларга кўра, хорижий унсурлар билан алоқада экани ҳақидаги уйдирма айбловларга иқрор қилдириш учун улар қийноқларга ҳам солинган, деди Нью-Йоркдаги Колумбия университети профессори Ҳамид Дабаший тадбир бошланиши арафасида Озодликка.

Эронликларга бирдамлик рамзи ўлароқ дунё шаҳарларида намойишлар ўтказилаётган бир пайтда Эронда президентлик сайловида мағлубиятга учраган мухолифат номзоди Абдулҳусайн Руҳуламиннинг ўғли Муҳсин Ризай Теҳрон қамоқхонасида ўлгани ҳақида хабар тарқалди. У президентлик сайловидан кейин содир бўлган зўравонликлар пайтида қўлга олинган эди.

Айни пайтда 25 июл куни Эронда мухолифат раҳбарлари мамлакатнинг юқори лавозимли уламоларини қўлга олинганлар қамоқдан озод этилишида ёрдам беришга чақирди. Эълон қилинган қўшма баёнотда улар ҳибсга олинганларнинг “жисмоний ва руҳий ҳолатидан жуда хавотирда эканликлари” билдирилган.
XS
SM
MD
LG