Линклар

Мухолифат намойиш бошламоқчи


Қирғиз мухолифати вакиллари бўлажак норозилик намойишлари муайян самара бериш-бермаслигидан қатъий назар норозилик акциялари ўтказаверишларини билдирмоқдалар.

Қирғиз мухолифати вакиллари бўлажак норозилик намойишлари муайян самара бериш-бермаслигидан қатъий назар норозилик акциялари ўтказаверишларини билдирмоқдалар.

Президентлик сайловларидаги оммавий қонунбузарликлардан норози бўлган қирғиз мухолифати оммавий норозилик намойишлари бошлаш ва қайта сайлов ўтказилишига эришиш ниятида.

Бу ҳақда Қирғизистон социал-демократлар партияси вакили, парламенти депутати Бақит Бешимов маълум қилди.

- Муносиб турмушга эришиш учун курашиш лозим. “Агар митингга борсам, мени калтаклайдилар” деб уйда ўтираверсак, шу аҳволда қолиб кетишимиз мумкин. Қирғизистон фақат Бакиев кланининггина эмас, бизнинг ҳам ватанимиз. Бакиевнинг асосий сиёсий йўналиши одамларни қўрқитиб, бизни қўшни мамлакатларга ўхшатиб қўйиш. Биз бунга рози бўлмаслигимиз керак, курашишимиз керак, деди депутат Бешимов 25 июл куни Бишкекда ўтказилган матбуот анжумани чоғида.

Социал-демократлар вакили норозилик намойишига қанча одам иштирок этишию бу намойишлар қачон бошланиши бўйича аниқ гап айтгани йўқ. Бешимовга кўра, норозилик намойишларини қачон бошлаш ҳақидаги қарор шу кунларда мухолифатнинг Бирлашган халқ ҳаракати раёсати томонидан қабул қилинади.

- 23 июлдан кейин биз тамоман бошқа бир мамлакатда уйғондик. Ҳокимият узурпация қилинган, ҳақ-ҳуқуқимизга тупурилган мамлакатда, халқаро жамоатчилик олдида ўз мажбуриятларини бажармаётган мамлакатда уйғондик. Биз бундай мамлакатда яшамаслигимиз керак, биз курашишимиз керак, деди Бешимов.

Аввалроқ президентликка номзодларнинг бир нечтаси, жумладан, Қурмонбек Бакиевнинг сайловдаги асосий рақиби Алмазбек Атамбаев сайловни легитим деб тан олмаслиги ҳақида баёнот берганди. Бакиевнинг рақиблари 23 июл кунги сайловлар ёппасига сохталаштирилганини қайд этарканлар, Қирғизистонда қайта сайлов ўтказилишини талаб қилмоқдалар.

Айни пайтда, Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, пайшанба куни бўлиб ўтган сайловда сайловчиларнинг 79,38 фоизи (2 301 292 киши) иштирок этган.

Шу соатгача мамлакат бўйлаб очилган 2330 сайлов участканинг 2282 тасида (97,94%) натижалар аниқлаб бўлинди.

Мазкур натижаларга мувофиқ, Қурмонбек Бакиев 82,71 фоиз, Алмазбек Атамбаев 7,96 фоиз, Темир Сариев 3,05 фоиз, Женишбек Назаралиев 0,63 фоиз, Тўқтайим Уметалиева 0,48 фоиз, Нурлан Мўтуев эса 0,35 фоиз овоз олган. Қирғизистонликларнинг 3,86 фоизи эса барча номзодларга қарши овоз берган.

Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси 23 июл кунги сайлов бўйича якуний натижалар 30 июл куни чиқарилажагини эълон қилган.
Ҳали сайловнинг якуний чиқмай туриб Қурмонбек Бакиевни Ўзбекистон президенти Ислом Каримов, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ва Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ғалаба билан табриклашга улгурдилар.

“Сизнинг Қирғизистон Республикаси Президенти лавозимига сайланганингиз муносабати билан самимий табрикларимни қабул этинг”, дейилади Ислом Каримовнинг 24 июл куни Қурмонбек Бакиевга йўллаган табрик хатида.

Шу куннинг ўзида Қурмонбек Бакиев Қозоғистон лидери Нурсултон Назарбоевдан ҳам табрик хати олди.

"Кўп қиррали фаолиятингизда сизга муваффақиятлар, Қирғизистон халқига эса тинчлик ва фаровон ҳаёт тилайман", дейилади Назарбоевнинг табрик хатида.

Тожикистон президенти эса Қурмонбек Бакиевни телефон орқали табриклаган.

“Давлатимиз раҳбари бизга дўст бўлган Қирғизистон раҳбарини президентлик сайловидаги ишончли ғалаба билан самимий муборакбод этди ҳамда келажакдаги ишларда унга муваффақиятлар тилади”, дея маълум қилади Тожикистон президентининг матбуот хизмати.
XS
SM
MD
LG